«Home stay», электромобиллар ва ахборот маркази — сайёҳлар учун қулайлик

18:08 12 Декабрь 2018 Жамият
353 0

Жорий йилнинг тўққиз ойида Хоразм вилоятига 90 мингдан зиёд туристлар ташриф буюрди. Бу ўтган йилдагидан қарийб 2 баробар кўпдир.

Ҳозирги кунда хорижлик ҳамда маҳаллий сайёҳлар учун кенг қулайликлар яратиш ва натижада ҳудуднинг туризм салоҳиятини ривожлантириш ҳамда саёҳатчилар оқимини янада кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада, шубҳасиз, Президентимизнинг жорий йил 29-30 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида билдирган таклиф ва тавсиялари муҳим аҳамият касб этяпти.

Дарҳақиқат, бугун минтақа бой моддий-маънавий мероси ва яратилган инфратузилмалари, халқаро авиарейсларни қабул қила оладиган замонавий аэропорти билан сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Яқинда Урганчдан Хивага темир йўл линиясининг очилиши ҳамда Хива шаҳрида замонавий вокзал ишга туширилиши улар учун янада катта қулайлик яратади. Қувонарлиси, Буюк Ипак йўли ўтган бу ажойиб заминга келаётган туристларда қаерда тўхташ, миллий таомлардан татиб кўриш, қандай йўналишни танлаш масаласида саволлар деярли пайдо бўлмаяпти. Зеро, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар улар хизматидадир. Хивадаги темир йўл вокзалида ахборот маркази ташкил этилган. У орқали автотранспорт воситалари ижарасидан тортиб, ўтказилаётган маданий дам олиш тадбирларигача бўлган ҳар қандай зарур маълумотга эга бўлиш, авиа ҳамда темир йўл чипталари нархи ҳақида билиб олиш, меҳмонхона брон қилиш мумкин.

Яна бир эътиборли жиҳати, “Home stay” услуби жорий этиш орқали туристларда меҳмон уйларида ҳудуд маданияти ва урф-одатлари билан яқиндан танишиш имконияти яратилди. Бинобарин, ҳозирги кунда Урганч шаҳри ҳамда туманларда оилавий меҳмонхоналарни ташкил қилиш бўйича 24 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлса, улардан 4 таси амалга оширилди, 3 таси кўриб чиқилмоқда.

“Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси бўйлаб электромобилларда туристик йўналишлар очилгани соҳадаги яна бир янгиликдир. Бу пиёда сайр қилишнинг қулай усулига ҳам айланди.

Ўз навбатида, мунтазам ўтказиб келинаётган маданий тадбирлар сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларида муҳим аҳамият касб этяпти. Пировардида улар миллий қадриятлар, ҳудуд аҳолиси маданияти ва удумлари билан бевосита танишишмоқда.

Шу мақсадда Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти мусиқали театр билан “Тош Ҳовли”, “Кўҳна Арк”, “Нуруллабой” ҳамда “Улли ҳовли” мажмуаларида томошалар намойиш этиш учун яқиндан ҳамкорлик ўрнатган. Бундан ташқари, меҳмонларга миллий байрамлар ва фестивалларга ташриф буюриш, эсдалик совғалар харид қилиш учун барча шароит муҳайё этилган.

— Мамлакатимизда туризм индустриясининг жадал ривожланиши янги сайёҳлик йўналишларини ўзлаштиришга хизмат қилаётир, — дейди Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бўлими бошлиғи Райҳон Давлетова. — Улардан бири саноат туризмидир. Шу орқали меҳмонлар объектлар, ишлаб чиқариш ёки махсус муҳандислик иншоотлари билан яқиндан таништирилади, таъбир жоиз бўлса, уларнинг тадқиқотчиликка бўлган қизиқиши қондирилади. Воҳада индустриал турга киритилган янги замонавий корхоналар кўплаб топилади. Келажакда меҳмонларни ўнлаб юқори технологияли саноат корхоналари жойлашган “Ҳазорасп” ЭИЗ фаолияти билан таништиришни ҳам режалаштирганмиз. Боғот, Хива, Ҳазорасп, Шовот, Урганч туманлари ва Амударё соҳилларида эса экотуризм изчил ривожланмоқда.

Умуман, воҳада туризм жабҳасини янада ривожлантириш учун умумий қиймати 152 миллиард сўмлик 85 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланяпти. Туристлар оқими йилдан-йилга ўсиб бораётганини инобатга олиб, келгусида яна 14 та меҳмонхона, 11 меҳмон уйи қурилади, 16 та сайёҳлик автобуси ва микроавтобус сотиб олинади, янги иш ўринлари яратилади. Зеро, экспертларнинг прогнозига кўра, келгуси йилнинг ўзидаёқ ҳудудга келадиган туристлар сони камида 40 — 50 фоиз ўсади.

Гавҳар ДУРДИЕВА,
Хоразм Маъмун академияси лаборатория мудири, архитектура фанлари доктори:

— Президентимиз Хива шаҳрида туризмни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар, бу борада амалга оширилган ишлар билан танишиш жараёнида Маъмун академияси фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ушбу илм масканига хорижлик сайёҳларни жалб қилиш, бу ерда юртимиз қадимий цивилизация марказларидан бири экани, давлатчилик анъаналари ҳақида тўлиқ маълумот акс этган лойиҳаларни рўёбга чиқариш юзасидан таклифлар билдирилди. Фаолиятимизни шу асосда ташкил этсак, албатта, мақсадга эришамиз, яъни бу ерга келувчи сайёҳлар сони бир неча баравар кўпаяди.

Давлатназар РАЖАБОВ,
“Улли ҳовли” сайёҳлик мажмуаси раҳбари:

— Тарихдан маълумки, Хивага темир йўл олиб келишни ўз даврида Феруз, Исломхўжа каби маърифатпарвар боболаримиз орзу қилишган. Уларнингэзгу ниятлари ораданйиллар ўтиб бугун рўёбга чиқди. Қиймати 35,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Урганч — Хива темир йўли ва Хива шаҳрида замонавий вокзал биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда сайёҳлар учун барча қулайлик яратилган. Президентимиз фаоллар йиғилишида хорижликларни янада кўпроқ жалб этиш юзасидан таклиф ҳамда тавсияларини билдирди. Бу бежиз эмас. Хиванинг сайёҳлик имкониятлари жуда баланд. Энди барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, ана шу салоҳиятни тўлиқ юзага чиқариш йўлида тинмай меҳнат қилишимиз, изланишимиз, ўз фаолиятимизда янгиликлар ва инновацияларни мунтазам жорий этиб боришимиз зарур.

Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019