Ҳолливуд ва Болливуд киноюлдузларига либос тикиб берган дизайнер Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм бўйича элчиси этиб тайинланди

17:17 19 Март 2019 Жамият
184 0

Машҳур ҳинд модельер-дизайнери, ўз брендига асос солган Риту Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм бўйича элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда яқинда Дели шаҳрида ташкил этилган “Ўзбек мусиқаси ва модаси фестивали” чоғида маълум қилинди.

Риту Берини кўпинча “Мода маликаси”, “Ҳинд модасининг биринчи хоними” деб аташади. Зеро, у Парижда тақдимот ўтказган ҳиндистонлик дастлабки дизайнер ҳисобланади.

Николь Кидман, Летиция Каста, Мадхури Диксит каби бутун жаҳонга таниқли бўлган киноюлдузлар Риту Бери тиккан либосларни кийишади.

У зебу зийнат индустриясида креативлик ва инновацияларни илгари суриш билан шуғулланадиган The Luxury League нотижорат ташкилоти асосчиси ҳамдир.

Ҳиндистон пойтахтида ташкил этилган “Ўзбек мусиқаси ва модаси фестивали”да Риту Бери ушбу тадбир учун махсус тайёрланган либослар тўплами билан иштирок этди. Ушбу санъат асарлари ўзида ўзбек икати(жозибали безаклар берилган мато)нинг анъанавий элементлари(чизмалари)ни ёрқин акс эттиргани билан барчанинг ҳайратига сабаб бўлди.

Эътиборлиси, мазкур ўзига хос маданият форумида Риту Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги “Туризм бўйича элчиси” этиб тайинлангани эълон қилинди. Унга Ўзбекистон туризмини ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий сертификати ва эсдалик совғаси топширилди.

Фестивалда сўзга чиққан Р.Бери билдирилган юксак ишонч учун Ўзбекистон томонига катта миннатдорлик билдирди. Яқинда Ўзбекистонга қилган сафарини эслар экан, у мамлакат сайёҳлик ва маданият соҳасида ноёб салоҳиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Дизайнер Ўзбекистоннинг маданий ва туризм салоҳиятини Ҳиндистонда илгари суриш учун бор куч-ғайратини ишга солишга ваъда берди.

Айни чоғда Риту Бери ўзбек маданий-тарихий меросининг ашаддий ишқибози эканлигини ҳам билдирди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий яқинлик ўзаро муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим омил эканлигини эътироф этди.

У Ўзбекистон том маънода ҳинд оилалари учун энг машҳур(оммабоп) сайёҳлик йўналишларидан бири ҳисобланишини айтиб, барчани ушбу диёрга ташриф буюришга чақирди.

Фестиваль иштирокчилари Mursak ва Anoratelier модалар уйи асосчилари бўлган ўзбек дизайнерлари муаллифлик коллекциялари билан ҳам танишдилар.

Тадбир доирасида “Сурхон” миллий фольклор гуруҳи ранг-баранг концерт дастури билан чиқиш қилди.

Умуман олганда, ушбу фестивалга келганлар тақдим этилган маданий дастурдан катта завқ олганини яшириб ўтиришмади. Узингиз уларнинг фикрларини ўқиб, бунга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Риту Бери, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги “Туризм бўйича элчиси”:

- Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитасига мени Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги “Туризм бўйича элчиси” этиб тайинлашдек юксак ишонч кўрсатгани учун улкан миннатдорлик билдираман. Ўзбекистоннинг маданият ва сайёҳлик салоҳиятини Ҳиндистонда илгари суриш учун ўз томонимдан бор куч-ғайратимни ишга соламан. Ҳиндистон ва Ўзбекистонни маданият ва санъат бирлиги боғлаб туришини қайд этишни истардим. Мамлакатларимиз ўртасида тарихий дўстлик алоқалари қарор топган. Ўзбек-ҳинд модалар кўргазмаси ҳамташкилотчиси бўлиш менга катта мамнуният бағишлайди. Бу каби маданий тадбирларнинг ўтказилиши икки давлат халқларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Сандип Марва, Marwah Studio кинокомпанияси президенти:

- Бугунги тадбир бизга катта хурсандчилик бағишлади. Ташкил этилган ўзбек-ҳинд модалар кўргазмаси мамлакатларимиз маданиятлари уйғунлигини намоён этди. Ёш ўзбек дизайнерлари томонидан яратилган аёллар либослари ва миллий матолар намуналари фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Унда яна бир тарихий воқеа рўй берди. Риту Берининг Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги “Туризм бўйича элчиси” этиб тайинлангани расман эълон қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019