Ҳоким ташаббуси билан Андижонда бепул кутубхона ташкил этилди

11:29 27 Июнь 2018 Маданият
677 0
Фото: "Халқ сўзи"

Андижон шаҳрида бепул кутубхона ташкил этилди. Унинг илк намунаси вилоят марказидаги З. М. Бобур номли вилоят драма театри олдига ўрнатилди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ташаббуси билан юзага келган бу хайрли иш учун ҳокимнинг ўзи шахсий жамғармасидан 200 дона китоб совға қилди.

Вилоятдаги мухбиримиз Саминжон Ҳусановнинг маълум қилишича, махсус жавондан иборат мазкур кутубхона эрталаб соат 8.00 дан кечки соат 21.00 га қадар фаолият юритади. У айнан аҳоли кўп тўпланадиган, дам оладиган жойда барпо этилганлиги боис илк кунларнинг ўзидаёқ китобхонлар билан гавжум бўлди.

Фото: "Халқ сўзи"

«ОАВ орқали чет элларда шундай кутубхоналар мавжудлигини кўргандим. Андижонда ҳам шундай ташаббус юзага чиққанидан хурсандман. Ушбу кутубхонанинг менга маъқул томони шундаки, ундаги китобларни хоҳласангиз шу ернинг ўзида ўқийсиз, хоҳласангиз уйга олиб кетишингиз мумкин. Бунинг учун ҳеч қандай ҳақ тўламайсиз», - дейди Андижон машинасозлик институти талабаси Наргизахон Тожиддинова.

Кутабхона фаолиятини бошлаган дастлабки биринчи соатда 10 та китоб ўқувчисини топганлиги ёшларнинг бу каби хайрли ишга нечоғли чанқоқ эканлигидан далолатдир. Вилоятда худди шундай кутубхоналарнинг сонини 500 тага етказиш режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар