Ҳоким нега бизни хуш кўрмади? Ёхуд лоқайдлик соясидаги манманлик

10:59 24 Октябр 2019 Жамият
102 0

Олмалиқ шаҳри Тошкент вилоятининг муҳим саноат ҳудуди ҳисобланади. Доимо барқарор ишловчи Олмалиқ кон-метллургия комбинати (ОКМК) неча йиллардан буён нафақат шаҳар ёки вилоят балки, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Айни кунларда комбинат ишчи хизматчилари корхонанинг 70 йиллигини нишонлашга катта тайёргарлик кўришяпти. Буни Олмалиқ шаҳрига кириб келишингиз билан ҳис этасиз. Чор-атрофда бу байрамга ишора қилувчи тарғибот ёзувларига кўзингиз тушади. Биз ҳам корхона жамоасининг ушбу тантанасига бир ижодкор сифатида ҳисса қўшишдек самимий ниятлар билан ОКМК маъмурий биноси эшигига яқинлашамиз. Корхона раҳбари Абдулла Хурсанов қабулхонсасига қўнғироқ қилиш учун навбатга турамиз. Ҳафтанинг сешанбаси, айнан, у киши аҳолини қабул қиладиган кун. Рухсатнома ёзиб берадиган чоғроққина хонада тўрт-бешта ўриндиқ қўйилган холос. Одам эса тумонот. Шу боис, кўпчилик тик оёқда турибди. Бу ерга сиғмаганлар ташқарида навбат кутишмоқда. Ҳамма корхона раҳбари қабулига кириш иштиёқида. ОКМК мутасаддиларидан бири ойнаванд эшик ортидаги хонада фуқаролар билан гаплашмоқда. Ичкаридаги раҳбар вакили ва шикоятчилардан бирининг асабийлашган баланд овози эшитилади. “Мен директорга киришим керак! Яна қанча қатнашим мумкин”,-дейди нотаниш кимса. Мутахассиснинг жавобидан қониқиш ҳосил қилмади шекилли, жаҳл билан ташқарига чиқиб кетди. Бироздан сўнг навбатимиз келди. Телефон гўшагини кўтариб ОКМК АЖ бошқаруви раиси А.Хурсанов қабулхонаси билан боғланиш учун 50-59 рақамини терамиз. Авваллига ҳеч ким жавоб бермади Орадан 20 дақиқа ўтиб, яна навбатмиз келганда рақамни такрор терамиз. Хайрият бу сафар гўшакни кўтаришди. Ўзини Зулфия деб таништирган котибага “Халқ сўзи” газетасининг вилоят бўйича махсус мухбири эканлигимни билдирдим.

—Нима масалада келдингиз,-деди у.

ОКМКнинг 70 йиллиги байрами муносабати билан мақола ёзмоқчи эканлигимизни, имкон қадар раҳбар қабулига киришимиз лозимлигини тушунтирдик.

- У киши йўқлар. 58-11 рақамига қўнғироқ қилинг. Директорнинг референти Расулов Александр Махамат Шукурович,-дея уқтиради котиба. Берилган рақамни қанчалик такрор термайлик, гўшакни ҳеч ким кўтармайди. Бундай муносабатдан аста-секин ҳафсаламиз ўла бошлади.

—Ҳали кўп кутасиз ука. Етти ойдан буён қатнаймиз лекин Абдулла Хурсановнинг юзини кўрмадик. Биз эшитган чўпчакларни ўндан бирига дуч келганингиз йўқ!-дейди бу ердаги аёллардан бири, мени нима учун навбатда турганлигимни сўраб билгач.

—Эшитмадингми, журналист экан, балки у кишини қабул қилар,-дейди унга шериги.

— Ким директорми? Ёки Расуловми? Кўрасан! Бизга айтилган чўпчаклардан бирини эшитиб кетаверадилар-да!-дея писанда қилади ҳалиги аёл.

Кутишдан бошқа чорамиз йўқлиги фаҳмладик. Шу боис, кўпчилик қатори ҳовлига чиқаман. Атрофга разм соламан. “Тавба” дейман ўзимча. Шунчалик маҳобатли корхонанинг қабулхонасидаги аҳвол шу бўлса-я! Рухсатхона эшигига кўтарилишдаги зиналарга қараб ачинасан киши. Оёқ остидаги чинни қопламалар қўпорилиб ётибди. Эҳтиётсизлик туфайли сурилиб кетишинг ҳеч гапмас.

Рухсатхона ичкарисига киришингиз билан энг аввал зарурат сезадиганингиз девордаги “Телефонный справочник исполнительного апарата” деган ёзувли лавҳдир. Уни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Собиқ иттифоқ давридаги нуфузли идоралардаги худди шундай рўйхатлар кўз олдимиздан ўтади. Ахир у пайтларда эркимиз ва тилимиз тутқун эди-ку! Расмий ўзга тилдаги бундай ёзувларга чидашга мажбур эдик! Хўш бугун-чи? Мамлакатимиз мустақил давлат сифатида дунёга танилганига оз эмас, кўп эмас, 28 йил бўлди-я! Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигига эса ўттиз йил тўлди! Наҳотки шунчалик лоқайдлик бўлса?-дея, ўз-ўзимга савол бераман. Қолаверса, шу йилнинг 4-октябарь куни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида“ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзоладилар. Ўзбекистон давлатчилиги тарихида илк бор қабул қилинган бу муҳим тарихий ҳужжатни мамлакатимиз аҳолиси,зиёлилари, кенг жамоатчилик, ҳаттоки, чет эл элчихона ва ваколатхоналари жамоалари катта мамнуният ва ҳаяжон билан қаршилашди.

ОКМК ишчи-хизматчилари қадрдон корхонасининг етмиш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўраётган, мамлакатимиз аҳолиси, зиёлилари, ёшлари ҳамда кенг жамоатчилик ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг ўттиз йиллигини катта байрам сифатида кутиб олаётган бир пайтдаги бундай манзаралар кишини афсуслантиради. Катта айём арафасида шаҳарнинг қоқ марказидаги комбинат маъмурияти жойлашган бино атрофлари чиннидай тоза тутилмайдими? Аҳолининг эътирозлари, шикоятлари сансоларликсиз қабул қилинмайдими? Ҳойнаҳой ОКМК раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг янги таҳрири 20-моддасидаги: “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”-деган сўзларни ўқишмаган шекилли.

Кутишдан чарчадик. Соат миллари 11:30ни кўрсата бошлади. Эрталаб соат 9:00 келганлигимизни ҳисобга олсак, анчагина кутибмиз. Комбинат раҳбари қабулига киришдан умидимизни узиб, шаҳар ҳокимияти сари йўл оламиз. Режадаги ишларимизни ниҳоялаб соат кечки тўртдан ошганда яна корхона маъмурий биноси рухсатхонасига келамиз. Ўша рақамга қўнғироқ қиламиз. Котиба Зулфия бизни ҳалиям шу ерда эканлигимиздан ажабланди: “Сизни Александр Расуловга айтгандим-ку! Қабул қилмадими?”-дейди у. Котибага оқшомгача шаҳарда бўлишлигимизни, имкони бўлса, раҳбарлардан бирига учрашиб кетишимиз лозимлигини, корхонанинг 70 йиллигига тайёргарлик ишлари доирасида мақола ёзишимиз зарурлигини айтамиз. Қабулхона бекаси ОКМК бошқаруви раисига ташрифимиз хабарини албатта етказишлигини билдирди. Агар жаноб А.Хурсанов лозим кўрсалар, бизни чақиришини айтиб, телефон рақамимизни ёзиб олди. Бунга ҳам орадан бир неча кун ўтди. Бироқ ОКМКдан ҳеч ким бизга қўнғироқ қилмади. Таҳририят режасига киритилган мавзу эса шу тариқа барҳам топди.

Балки жаноб Абдулла Хурсанов учун бизнинг ташрифимиз арзимас кўрингандир. Бироқ, “Халқ сўзи”, “Народное слово” газетаси таҳририяти журналистлари ОКМК ишчи-хизматчилари фаолиятини ёритишликни доимо ижобий қабул қилишган. Касб тақозоси юзасидан ҳар доим хизматга тайёр туришган. Корхонада ўтказиладиган турли хил тадбирлар газета саҳифасида зудлик билан чоп этилган.

Яхши эслайман, 1990-йиллар охирида ҳам мен шу нуфузли газетанинг вилоят мухбири эдим. Комбинатда катодли мис ишлаб чиқаришнинг самараси, Олмалиқ олтинининг жаҳон бозоридаги нуфузи, корхона раҳбариятининг шаҳар ва унинг ён-атрофидаги қишлоқлар аҳолисини йўлдош телевидение алоқаси билан таъминлашдаги хайрли ишлари ҳақидаги янгиликни республикада биринчи бўлиб “Халқ сўзи” газетаси каттагина мақола қилиб берганди (“Давр билан ҳамнафас”—“Халқ сўзи”газетаси, 1998 йил, 6-май, №91(1872)). Ўшанда бизга ҳеч ким беписандлик билдирмаган. Бугунги мутасаддилар каби: “Олдиндан паспортингиз нусхасини жўнатасиз, кейин директор қабулига кириш кирмаслигингиз масаласини кўриб чиқамиз”-демаган. Аксинча, ўша пайтдаги раҳбарлар таклифимизни ижобий баҳолаб, сунъий бюрократик тўсиқларсиз қабул қилишган. Корхона фаолиятига доир барча маълумотларни сансоларликсиз тақдим этишган. Таҳририят журналистларининг жонкуярлигидан доимо мамнун бўлишган. Қайтага ўша пайтлари ҳали биз собиқ шўро тузуми тазйиқларидан тўлиқ қутила олмагандик. Корхонанинг бугунги димоғдор раҳбарлари “Халқ сўзи”, “Народное слово” газетаси таҳририяти ОКМК фаолиятига доимо самимий муносабатда эканликларини инобатга олишларини истардик.

Корхонага келган кунимиз 16-октябрь эди. Кеч кирганда, ОКМКнинг маъмурий биносига кираверишдаги пештоқда: “C 70 ЛЕТНИМ ЮБИЛЕЕМ КОМБИНАТ!” деган ёзувли лавҳ пайдо бўлди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати мутасаддиларини Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунига, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 октябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида“ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига бу қадар лоқайдлигидан ажабландик..

ҲОКИМ НЕГА БИЗНИ ХУШ КЎРМАДИ?

Кеч кирган бўлишига қарамай, Оҳангаронга йўл олдик. Шаҳар ҳокимлиги биносига етиб келганимизда соат миллари 18:30 дақиқани кўрсатарди. Бир кун олдин келганимизда, раҳбарлардан ҳеч кимни тополмагандик. Эшик олдида турган аёл ҳокимни фақат кеч соат еттидан кейин келишлигини айтганди...

Бинога кираверишда бизни шаҳар ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Жасур Эргашев кутиб олди. Ҳокимиятда ҳеч ким йўқлигини айтди. Ҳоким билан учрашиш учун, эрталаб соат еттида келишимиз маъқуллигини тавсия қилди. Эртаси куни, 17-октябрда, Ж.Эргашев айтган вақтдаОҳангарон шаҳар ҳокимиятига етиб келдик. Эшикда турган ўша кунги аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Орадан ўттиз дақиқалар ўтгач, шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати-ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Сотволдиев қулоқчинда телефон тинглаган ҳолда кириб бинога кириб келди. У кишига ўзимизни танитиб, бирга-бирга иккинчи қаватга кўтарилдик. Газеталарга обуна масаласидаги фикри билан танишмоқчи бўлдик. Ш.Сотволдиев масалани моҳиятига эътибор бериш ўрнига: “Мажбурий обуна йўқотилганлигини” бизга эслатди. Аслида биз у кишидан шаҳар аҳолисининг, айнан Ш.Сотволдиев раҳбарлик қилаётган халқ таълими, ижтимоий, маънавий-маърифий тизимидагиларнинг, қолаверса, шаҳардаги ёшларнинг матбуот нашрларига муносабати ҳақида қимматли фикрларини билмоқчи эдик халос. Чунки, пойтахтда чиқадиган каттаю кичик газеталар обунасининг эртанги тақдири ҳокимиятлардаги айнан Ш.Сотволдиев лавозимида ишлаётган муовинларнинг хайрихоҳлигига, ғайратига, қолаверса ҳимматига боғлиқ эмасми? “Мажбурий обуна йўқ” дегани, умуман газета ўқиш мумкин эмас деган хулоса эмас-ку! У кишининг сўзларини тинглаб, яқинда вилоятдаги ташкилотлардан бирининг раҳбари айтган сўзлар ёдимга тушди. Эмишки, у киши учун газетадан кўра интернет тармоғи тезкор ва фойдали экан. Шу боис, бу йилги обунадан тамоман воз кечмоқлигини билдирди. Барча ёлғон маълумотлар, фисқу фасодлар, уйдирмалар жанобимиз оғзининг таноби қочиб мақтаган айнан шу интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали онгимизни заҳарлашга йўналтирилмаяптими?

Ш.Сотволдиев билан суҳбатимиз узоққа чўзилмади. У бизга: “Агар Гороно билан Ройоно керак бўлса, орқамиздаги бинода”-деди. Хонадаги шеригига: “Бу кишига таълим идоралари йўлини кўрсатиб қўярсиз” деганича ташқарига чиқиб кетди. Бундай муомаладан сўнг бу ерда туришимиз ортиқча эди. Шу боис, шаҳар ҳокимини кўчада кутишдан бошқа иложимиз қолмади.

Орадан бир соат ўтиб шаҳар ҳокими Одилжон Жўраевни ҳовлида учратдик. У киши биз билан танишгач: “Қабулхонага чиқиб кутиб туринг”-деди. Иккинчи қаватга кўтарилиб шаҳар ҳокимини кута бошладик. Бироздан сўнг Одилжон Жураев шаҳар солиқ идораси раҳбари Анвар Турдибоев билан хонасига кириб кетди. Суҳбат чўзилгандан чўзилди. Роса бир соат кутдик. Котиба қиз Дилафрўзга ҳар гал мурожаат қилганимизда: “Ўзлари чақирмаса киритолмайман” деган жавобни олдик.

Қабулхона бекасидан “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталари тўплами бор-йўқлигини сўраймиз. Дилафрўз: “Бу иш билан умумий бўлимимиз шуғулланади”,-дейди. Умумий бўлим мудири Ҳамза Мадраҳимов эса бизга бирорта ҳам газета топиб беролмади. Бу йилги обунанинг аҳволи билан қизиққанимизда, бу масала ҳоким муовини Ш.Сотволдиевга тегишли эканлигини айтди. Ҳаттоки ўтган йили ҳокимият ходимлари учун “Халқ сўзи”газетасига неча дона обуна бўлинганлиги ҳақидаги саволимизга ҳисобхонадагилар ҳам аниқ жавоб айтишолмади.

Яна шаҳар ҳокими қабулхонасига кўтариламиз. Котиба О.Жўраевнинг ҳали ҳам бандлигини айтди. Чамаси ҳоким бизни қабул қилишни хоҳламади.

Ҳокимлик биносидан чиқиб кўчанинг нариги юзидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига кирамиз. Бу ердагилар бир кунда Оҳангарон тумани ва шаҳридан келган ўнлаб шикоятчиларни қабул қилишлигини айтишди. Афсуски, Президентнинг Фармон ва қарорлари, ҳукуматнинг барча расмий ҳужжатлари биринчи бўлиб чоп этиладиган “Халқ сўзи” газетасини бу ерда ҳам бир дона бўлса-да тополмадик. Шикоятчиларда, ёки қабулхона ходимларида газетанинг бугунги сонига, қайсидир бирор расмий ҳужжат ёхуд мақола билан танишишга эҳтиёж сезилса “Халқ сўзи”ни қандай топишларини сўрадик. Обуна билан шаҳар ва туман ҳокимлигидаги мутасаддилар шуғулланишини айтишди. У ердаги аҳвол эса бизга маълум эди. Чунки, Оҳангарон шаҳар ва туман ҳокимларининг қабулхонасида ҳам, муовинлар қабулхонасида, ҳаттоки бевосита иш столида ҳам “Халқ сўзи”ни кўрмадик.

СУВНИНГ ИСРОФИ УВОЛ ЭМАСМИ?

Шаҳар ҳокимлиги билан туман ҳокимлиги биноси ўртасида икки юз метрча масофа бор. Йулакдан бораркансиз шаффоф сув отилиб турган ёнма-ён фаввораларга кўзингиз тушади. Афтидан бу ерга ҳеч ким эътибор қаратмаган. Бир неча кундан буён аҳвол шундай. Олдинги гал келганимизда ҳам афсусланиб кетгандик. Фавворалар ҳовузчасига қуйилаётган сувнинг чиқиш йўли бекилиб қолган шекилли, зилол сув моғорлаб ифлосланган. Ҳовузчадан тошиб пастга оқаркан, пиёдалар юрадиган, нақшин тошлар билан безатилган йўлак бўйлаб ўзан топган. Шу туфайли йўлакни буткул сув босганлигини кўрасиз. Муттасил сув оққанлигидан ҳаттоки йўлак ҳам моғорлаб кетган. Наҳотки кунлар давомида оқиб исроф бўлаётган сув ҳеч кимни безовта қилмаса? Ахир бу ердан бир кунда юзлаб аҳоли, иккала ҳокимиятнинг ўнлаб ходимлари ўтиб қайтишади-ку! Йўлак четига бир пайтлар хайрли ниятлар билан ўтқазилган арчаларнинг кўпчилиги қуриб қолган. Туман ҳокимлиги олдидаги “Мотамсаро она” ҳайкали атрофига экилган гул кўчатлари ҳам аянчли аҳволда. Яшил майдон ўрнида сарғайиб қуриб битган “газон”ни кўрасиз. Шаҳар ҳокимлиги ҳовлисидаги аҳвол ҳам бундан пеш эмас. Экилган гуллар аллақачон сарғайиб қуриган. Уни янгиси билан алиштиришга ҳеч ким ҳафсала қилаётгани йўқ. Бўлмаса, киши дилини қишда ҳам хушнуд этувчи гул кўчатларини топиш қийин эмас. Бунинг учун озгина иштиёқ бўлса бас.

Оҳангарон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Камолиддин Абдуллаев бу борадаги эътирозларимизга: “Қуриган арчаларни кўрмабмиз, янгисига алиштирамиз. Гулларга қараш ҳам бизнинг вазифамизга киради”-дея, совуққонлик билан жавоб қайтарди. Фаввораларга, сув босган йўлакларга давлат ҳисобидан қанча маблағ ажратилганлигини билиш учун лойиҳа ҳужжатларини сўраганимизда, сарфланган маблағлар аллақачон ёпилиб кетганлигини айтишди.

Эсиз давлатнинг шаҳар аҳолиси ободончилиги учун сарфлаган маблағлари! Фавворалар ҳовузчасида ва икки ҳокимият ўртасидаги йўлак четига ташлаб кетилган ҳар хил чиқиндилар наҳотки бу ердаги раҳбарларнинг ғашига тегмаётган бўлса. Ахир Ҳар икки ҳокимият ва Халқ қабулхонаси биносига айнан шу йўлакдан ўтилади-ку!

Олмалиқ ва Оҳангарондаги раҳбарлар бизни қабул қилмаганлигидан балки ғурурланишгандир. Нима бўлганда ҳам улар ўз лоқайдликлари соясидаги манманлиги туфайли Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Давлат тили ҳақида“ги Қонуни талабларидан четга чиқишди. Чунки, “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунинг 5-моддасида жумладан бундай дейилади: “Журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида:

ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш;

ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш;

журналистлик фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш ҳуқуқларига эга”.

Биз қадримизга эмас, касбимиз ҳуқуқи топталганига ачиндик халос.

Шодиёр Мутаҳаров,

“Халқ сўзи”нинг

Тошкент вилояти бўйича махсус мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019