Ҳисоб палатасининг ўтган йилдаги фаолияти кўриб чиқилди

10:08 16 Май 2018 Сиёсат
1191 0

Сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи атрофлича кўриб чиқилди.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида тақдим қилинган ахборотда Ҳисоб палатасининг ўтган йилги фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мувофиқ, Давлат бюджетининг самарали ижро этилишига, молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланилишига, иқтисодиёт барча соҳасининг барқарор тараққий топишини таъминлаш учун мўлжалланган давлат ҳамда минтақавий ривожланиш дастурларининг ижросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Ҳисоб палатаси томонидан маҳаллий бюджетларга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш мақсадида республика ҳудудида ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида қарийб 120 млрд. сўмликдан ортиқ қўшимча даромад манбалари аниқланиб, бу борада ҳудудий молия ҳамда солиқ идораларига 50 дан ортиқ йўналишларда таҳлилий ишларни амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.

Президентимизнинг пойтахтимиз Чилонзор туманида саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш бўйича таклифларни тайёрлаш ҳамда Самарқанд ва Хоразм вилоятларида саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга оид лойиҳалар ва уларнинг “йўл харита”лари параметрлари, молиялаштириш манбалари, ташаббускор-инвесторлари ҳамда амалга ошириш муддатлари асосли экани юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан ўрганишлар ўтказилган. Натижада Чилонзор туманида умумий қиймати 568,4 млрд. сўмлик 90 та қўшимча лойиҳа сараланиб, ҳар бир лойиҳа бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Хоразм ва Самарқанд вилоятлари бўйича 743 та инвестицион лойиҳанинг молиялаштириш манбалари, суммаси ҳамда амалга ошириш муддатлари қониқарсиз даражада ишлаб чиқилгани аниқланиб, уларнинг “йўл харита”ларини расмийлаштирилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилган ва инвестицион лойиҳалар сони 387 тагача камайтирилган.

Фракция аъзолари таъкидлаганларидек, мавжуд муаммоларни, бюджет интизомига риоя қилиш ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш муҳимдир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур ҳисобот юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Давлат дастурида белгиланган маданий ҳамда археология мероси объектларини асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва инфратузилмани ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг тизимли равишда бажарилиши устидан Ҳисоб палатаси назоратни янада кучайтириши лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Йиғилишда ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Ҳисоб палатаси ходимлари ҳамкорлигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлаш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда қатор ўрганишлар ўтказилгани қайд этилди. Ўрганишлар давомида қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳудудида “Дори-Дармон” АК тизимининг дорихоналарини жойлаштириш ҳамда жойларда тез тиббий ёрдам шохобчаларини ташкил қилиш ишлари қониқарсиз даражада экани, бирламчи тиббиёт муассасаларида умумий амалиёт шифокорлари ва тор мутахассисликлар штат бирликлари шифокорлар билан тўлдирилмагани аниқланган. Тиббиёт соҳасига 2017 йилда 2016 йилдагига нисбатан кўп маблағ ажратилганига қарамай, оналик ҳамда болаликни муҳофаза этиш ҳолатида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган. Мазкур масалалар якуни бўйича Ҳисоб палатасининг кўрсатмаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида таъкидланганидек, 2017 йилда Ҳисоб палатасига юклатилган вазифа ҳамда топшириқлар ижроси бўйича ўтказилган текшириш ва ўрганишлар (аудит) натижалари юзасидан давлат раҳбарига 66 та, Вазирлар Маҳкамасига 3 та маълумотнома ҳамда таҳлилий материаллар киритилган. Натижада 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва баённомалар қабул қилинган.

Депутатлар томонидан коммунал соҳадаги текширишлар натижаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси ишлаб чиқариш бирлашмасининг 2010 йил 1 январидан 2015 йил 1 июлигача бўлган даврда Давлат бюджети маблағларининг тўғри сарфлангани, солиқ ҳамда бошқа тўловларнинг тўғри ҳисоблаб тўлангани, шунингдек, молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш учун назорат тадбирлари ўтказилиб, жами 516 млрд. сўмлик хато-камчиликлар аниқланган.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси Андижон вилоятида, Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ва Олмалиқ шаҳрида ҳамда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур, Учтепа, Сергели, Олмазор ва Бектемир туманларида ўрганилган. Асосий эътибор жойларда 4 та сектор раҳбарлари томонидан қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда иш фаолияти қандай ташкил этилгани ва йўлга қўйилганига қаратилган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари муҳокамалар давомида Ҳисоб палатаси томонидан солиқ ҳамда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ва бундай ҳолатларга олиб келаётган сабаб ҳамда шарт-шароитларни таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш, солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш ҳамда уларнинг ставкаларини ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрланганини эътироф этишди.

Айни чоғда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари томонидан ҳисобот йилида барча ҳудудда коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда юзага келаётган муаммолар бўйича сайёр қабулларда аниқланган коррупцион ҳолатлар юзасидан тегишли қонуний чораларни кучайтириш ҳамда бу борада профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидладилар.

Шу билан бирга, депутатлар Ҳисоб палатаси томонидан қонун ҳужжатлари ижросини “қоғозсиз” назорат этиш электрон тизимидан янада самарали фойдаланиш, республикамиздаги барча ижро органи, хўжалик бошқаруви органларининг ушбу тизимга уланишларини таъминлаш зарурлиги юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.

Йиғилишларда ушбу ҳисобот фракциялар томонидан маъқулланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
* * *
Ҳисоб палатасининг мазкур ҳисоботи Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Аграр ва сув хўжалиги масалалари ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмиталарининг кенгайтирилган йиғилишларида ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар ҳисобот даврида аниқланган камчиликлар, бюджет интизомини бузиш ҳолатларини чуқур таҳлил этдилар. Ҳисоб палатасига келажакда мавжуд муаммоларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш, молиявий соҳада жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда Қонунчилик палатаси ҳамда Ҳисоб палатасининг ҳамкорлигини янада кучайтириш, жойларда бюджетдан маблағ олувчи ташкилот ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларидаги узилишларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия қилинди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан билдирилган фикр ҳамда мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019