Ҳиндистоннинг биринчи рақамли клиникаси Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

11:05 26 Апрель 2019 Жамият
1152 0

Саид Раҳмонов, “Халқ сўзи online” учун Деҳлидан хабар қилади. Тиббиёт - Ҳиндистонда жадал суръатда тараққий этаётган соҳалардан бири. Бу ерда мураккаб операциялар, айниқса, ички органларни кўчиришда бой тажриба тўпланган. “Apollo” шифохонаси ушбу жабҳада етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Марказий Осиё журналистлари учун ташкил этилган таништирув ташрифи иштирокчилари бугун мазкур клиникага ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

750 ўринли шифо маскани энг замонавий тиббиёт ускуна ва жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, бу ерда пластик операциялардан тортиб, мураккаб жарроҳлик амалиётларигача амалга оширилади. Жигар ва буйракни кўчириб ўтказиш, нейро ва кардиожарроҳлик шулар жумласидандир. Шу боис клиникада нафақат маҳаллий аҳоли, балки МДҲ давлатларида юзлаб беморлар келиб, шифо топиб кетишмоқда.

- Ўзбекистон билан ўн йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, - дейди “Apollo” хусусий шифохонасининг МДҲ бўйича координатори доктор Мунир Аҳмад. - Ўнта шифохона билан мустаҳкам алоқалар ўрнатганмиз. Биз муносабатларимиз янада мустаҳкамлаш ниятидамиз.

Айни пайтда клиникада тўрт минг киши меҳнат қилади. Жарроҳлар орасида эса АҚШ, Буюк Британия, Япония каби хорижлик мутахассислар борлиги эътиборга моликдир.

Муассаса раҳбариятининг айтишича, шифокорлар орасида Ўзбекистонда таҳсил олганлар ҳам талайгина. Юртимиздан эса йилига ўртача 150 нафар бемор келиб, соғлиғини тиклаб кетаётган экан.

Эътиборлиси, бу ерда текширувлар текин, фақат жарроҳлик амалиётлари пулли. Масалан, жигар плантацияси 15 минг доллар экан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?