Ҳиндистонлик таниқли ишбилармон Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқмоқда

00:30 06 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
330 0

Фото: "Халқ сўзи Online"​

Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг “MAK Projects” компанияси бошқарувчи директори Носир Али Хон билан видео-мулоқот ўтказилди.

Суҳбат давомида ҳиндистонлик тадбиркорга Ўзбекистонда инвесторлар учун мавжуд кенг имкониятлар, хусусан туризм йўналишида берилаётган имтиёзлар ва таклифлар бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.

Носир Али Хон Ўзбекистоннинг туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади ва келажакда ушбу йўналиш мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим жабҳаларидан бирига айланишига ишонч билдирди.

Ҳинд компанияси раҳбари истиқболда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида меҳмонхона ва турли ҳажмдаги турар-жой комплекслари қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ниятини маълум қилди.

Учрашув якунида Носир Али Хон бошчилигида “MAK Projects” компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш ва режадаги лойиҳаларни жойида батафсил ишлаб чиқишга келишилди.

“MAK Projects” компанияси 2006 йилда (Ҳайдаробод шаҳрида) ташкил топган бўлиб, меҳмонхоналар, оромгоҳлар ва замонавий турар жой комплекслари қуришга ихтисослашган. Ҳозирга қадар ушбу компания томонидан Ҳиндистоннинг бир қатор штатларида барча қулайликларни ўз ичига олган «люкс» типидаги турар жой бинолари, меҳмонхоналар, гольф майдонлари қуриб фойдаланишга топширилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?