Ҳиндистон матбуоти: «Ўзбекистон — саммитнинг асосий иштирокчиси»

11:54 17 Январь 2019 Сиёсат
437 0

Ҳиндистондаги нуфузли оммавий ахборот воситалари “Жўшқин Гужарат — 2019” IX халқаро инвестиция саммити ва унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратмоқда. Буни нашрларда кўплаб материаллар эълон қилинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, ушбу мамлакатнинг йирик нашрларидан бири — “The Hindu” газетасида “Ўзбекистон Президенти “Жўшқин Гужарат” саммитининг бош меҳмони бўлади” сарлавҳали мақола эълон қилинди. 

Унда айтилишича, давлатимиз ­раҳбари Марказий Осиё Президентлари орасида биринчилардан бўлиб, нуфузли меҳмон сифатида иштирок этяпти.

Газета Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиевнинг тадбир бўйича интервьюсини ҳам келтиради:

“Президентимиз “Жўшқин Гужарат” саммитига ҳукумат даражасидаги ва катта бизнес делегация билан ташриф буюряпти”, дейди элчи Ф. Арзиев. 

Ўзбекистоннинг юқори даражадаги делегацияси таркибига Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, 60 дан ортиқ бизнес тузилмалари, йирик миллий ва хусусий ­компаниялар раҳбарлари ҳам кирган.

Элчининг сўзларига кўра, бу ­Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги тўрт ой ичида Ҳиндистонга амалга ошираётган иккинчи ташрифидир. Ўзбекистон етакчисининг 2018 йил октябрь ойидаги давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Айни пайтда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кенгаймоқда.

“Иқтисодий соҳани либераллаштириш, изчил сиёсий ислоҳотлар ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб қилиш Ўзбекистонни бизнес ва инвестициялар учун жозибадор мамлакатга айлантирмоқда”, дейди элчи.

Ҳинд компаниялари Ўзбекистоннинг фармацевтика, тўқимачилик, таълим, ахборот технологиялари ва туризм каби соҳаларда инвестиция имкониятларини юқори баҳолайди. 

“Гужарат — фармацевтика саноати маркази ҳисобланиб, бу ерда етакчи компаниялар фаолият юритади, — деди штатнинг бош котиби Ж. Н. Сингх. — Ўзбекистондаги янгиланишлар компанияларимизга ўз ­фаолият қамровини кенгайтиришга имкон беряпти. Фармацевтика соҳасига инвестицияларни жалб этиш мақсадида Андижон вилоятида эркин фармацевтика зонаси ташкил қилинмоқда. ­Натижада Гужарат ва Андижон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётир”. 

Яна бир йирик иқтисодий нашр — “The Economic Times” газетаси “Ҳиндистон Бош вазири Гужарат саммитида Ўзбекистон Президентини кутмоқда” сарлавҳали мақола чоп этди.

Унинг муаллифи Дипанжан Рой ­Чаудхурининг таъкидлашича, фармацевтика тармоғига инвестицияларни жалб қилиш учун Андижон вилоятида “Андижон-фарм” эркин иқтисодий ­зонаси ташкил этилмоқда. Бу айни пайтда Гужарат компаниялари учун фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда бизнесни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очади.

Гужаратдаги кўргазмада Ўзбекистон павильони кенг кўлам ва ранг-баранглик касб этади. Чунончи, автомобилсозлик, металлургия, фармацевтика, қурилиш, IT, банк, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, туризм, таълим ва бош­қа соҳалар намойиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиши, шубҳасиз.

Анвар МИРЗАЕВ («Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019