Ҳинд компанияси Ўзбекистонда антибиотиклар ишлаб чиқармоқчи

14:58 24 Декабрь 2018 Иқтисодиёт
1156 0

Иллюстратив фото

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил сентябрь ойида Ҳиндистонга амалга оширган расмий ташрифи доирасида Ҳиндистоннинг Kusum Healthcare Pvt. Ltd. компанияси ва Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўртасида оғриқни қолдирувчи воситалар, антибиотиклар, замбуруғ ва ревматизмга қарши дори-дармонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича умумий қиймати 5 млн. долларлик келишув имзоланган эди.

Мазкур инвестиция лойиҳаси икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “йўл харитаси”га киритилган эди.

Шу муносабат билан ҳинд компанияси вакиллари юртимизга ташриф буюришди. Улар Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида учрашув ўтказишди. Ўз навбатида меҳмонлар “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” ЭИЗга ташриф буюриб, у ерда яратилган инфратузилма, бошқа компаниялар томонидан қурилаётган объектлар билан яқиндан танишишди ҳамда қурилажак завод жойини муҳокама қилишди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Бурнашев билан мулоқот чоғида ҳиндистонлик ишбилармонлар дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ёки хориж корхонаси ташкил этишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Учрашувда мазкур инвестиция лойиҳасини 2020 йилда амалга ошириш режалаштирилаётгани қайд этиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Kusum Healthcare Pvt. Ltd дунё фармацевтика индустриясида 20 йиллик тажрибага эга. Ишлаб чиқариш жараёнларига ЖССТнинг GMP стандартлари жорий этилган. Маҳсулотлари ассортименти гинекология, ортопедия, дерматология, умумий тиббиёт, ревматология, неврология, гастроэнтерология, нефрология, урология каби деярли барча асосий йўналишлар талабларига мос келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?