Ҳинд инвесторлари Учқўрғонда замонавий клиника очиб, Косонсойда фармацевтика корхоналари қуради

12:18 02 Декабрь 2019 Жамият
170 0

Амалий ташриф билан Наманганга келган Ҳиндистон Республикасининг “Uzind Healthcare Private Limited” компанияси раиси Гаурав Гупта ва “Precise Chemipharma Private Limited” компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича вице-президенти Маножкумар Думал бошчилигидаги делегация вилоят ҳокимлигида қабул қилинди.

Учрашувда Наманган вилояти ҳамда Ҳиндистоннинг ҳар икки компанияси ўртасида тиббиётнинг барча соҳалари хусусан, тиббий диагностика, дори-дармон ишлаб чиқариш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

-Ҳиндистон – жадаллик билан ривожланиб бораётган салоҳиятли давлат, - деди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов.  - Сизларнинг тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, космосни тадқиқ қилиш борасида эришаётган ютуқларингиз эътирофга сазовор. Ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун биз ҳар қандай ёрдамни кўрсатамиз. Ҳиндистон ва Ўзбекистон алоқалари бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, Бу ришталар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Бизнинг Ахсикентда таваллуд топган Бобурнинг набираси дунёнинг етти мўъжизаларидан бири ҳисобланадиган Тож Маҳални барпо этган.

-Айни пайтда биз учта лойиҳа бўйича амалий ишларни бошлаб юборганмиз. Учқўрғоннинг Қайқи қишлоғида бизга замонавий клиника бунёд этиш учун тайёр бино ажратилган. Яқин кунлар ичида бинони мослаштириш ва жиҳозлаш ишларига киришамиз. Режага кўра 2020 йил мартидан клиника аҳолига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. “Косонсой-Фарм” эркин иқтисодий зонасида эса икки алоҳида лойиҳа асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқарувчи завод қурамиз. Битта лойиҳа тўлиғича Ҳиндистон инвестицияси эвазига ишга туширилса, иккинчиси маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилади, - деди “Uzind Healthkare Private” компаниясининг бошқарув директори Ражу Свами.

Шунингдек, учрашув чоғида ўзаро тажриба алмашиш, ҳинд шифокорларининг Наманганда мунтазам қабулларини уюштириш, ўзбек бозорига энди кириб келаётган “Precise Chemipharma Private Limited” компанияси амалга оширишни режалаштирган истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019