Ҳазиний уй-музейи эътиборга муҳтож. Мутасаддилар эса жим? (+Фото)

16:30 17 Сентябр 2018 Маданият
964 0
Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Элёржон ЭҲСОНОВ/Фарғона. Зиёвуддин Дониёлхон ўғли Ҳазиний 1867 йилда Фарғона вилояти Учкўприк тумани Катта Кенагас қишлоғида туғилди. Ёш Зиёвуддин бошланғич мактабни ўз қишлоғида тамомлагач, Қўқондаги Жомеъ мадрасасида Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, адабиёт илмларини чуқур ўзлаштирди. Диний мушоҳада ва ижодда етук бўлган Зиёвуддин Ҳазиний1904 йилда шоир ва ҳофиз сифатида шуҳрат топди. Халқ уни“Эшон бува”, “Ҳазиний тўра” номлари билан эъзозлай бошлади.

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

Ҳазиний ХIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср биринчи чорагида ўлкамизда мураккаб тарихий вазият ҳукм сурган бир даврда яшаб ижод қилди. Бу даврда Қўқон, Хива ҳамда Бухоро адабий муҳитида янгича маърифатпарварлик йўналишларида асарлар яратган Аҳмад Дониш, Фурқат, Ибрат, Комил каби ижодкорлар ўзбек адабиётида янги бир босқични бошлаб берди. Аммо гап шундаки, Ҳазиний меросида янгича маърифатпарварлик ва жадидлик йўналишидаги асарлар деярли учрамайди.

ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида шеърият ихлосмандлари орасида Зиёвуддин Ҳазиний шу қадар шуҳрат қозонганки, биргина “Баёзи Ҳазиний” китоби 1910-1913 йиллар давомида 7 марта чоп этилган.

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Зиёвуддин Ҳазиний номини абадийлаштириш мақсадида 1995 йилда у яшаб ижод қилган Катта Кенагас қишлоғида музей ташкил этилган. Музейдаги 251 дона экспонат Ҳазиний даврини ёритиб берувчи уй-рўзғор буюмлари, ранг тасвир асарлари, меҳнат қуроллари билан бирга шоир ва унинг замондошлари ижодига мансуб китоблар, мақолалар ҳамда тошбосма китоблардан иборат бўлган.

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

Шоир туғилиб ўсган қишлоқ марказидаги қабристонга келувчилар бу ернинг ободлиги, саранжом-саришталигидан дили яйрайди. Ҳазиний қабрини зиёрат қилувчилар учун 300 йиллик арча ён бағрида алоҳида ўриндиқлар ҳозирланиб обод масканга айлантирилган. Шу ерлик 80 ёшли Сайфиддинхўжа ота Шамсиддиновнинг айтишича, шоир қабрини зиёрат қилгани қўшни Қирғизистон, Қозоғистондан ҳам тез-тез меҳмонлар келиб тураркан. Бироқ қабристондан бир маҳалла наридаги Катта Кенагас қишлоғи марказида жойлашган Ҳазиний уй-музейи томон яқинлашаркансиз, кайфиятингиз хира тортади. Музей кираверишида пештоқлар бузиб олинган. Шоирнинг буюмлари сақланадиган хоналарнинг барчасига қулф осилган. Бирор бир ходим ёки келувчиларга кўзингиз илинмайди. Ҳайратдан хона ичкарисига анчадан буён артиб тозаланмаган ойнадан қарайсизу, экспонатларнинг аллақачон қаергадир олиб кетилганлигидан ҳайрон бўласиз. Ташқариси бегона ўтлардан тозаланмаган ва ҳатто куздаги хазонларнинг қолдиқлари олиб чиқиб ташланмаганига энсангиз қотади. Ҳовлидаги уч кишининг қулочи етмайдиган, шоирнинг қанчадан-қанча бедор тунларига гувоҳ бўлган 200 йиллик азим чинорлардан уялгандек бўласиз. Беихтиёр ўзингизга саволлар бера бошлайсиз: Ҳазиний шоирга Учкўприк халқининг, мутасаддиларнинг, фарғоналикларнинг ҳурмати шуми?! Бу даргоҳ нега шу аҳволга ташлаб қўйилди?!

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

Музей маданият ишлари бошқармасининг (1995 йил) ички буйруғи билан 2012 йилгача Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда 2 та штат бирлиги билан фаолият кўрсатган. Бироқ шу йили Республика ҳисоб палатаси текшируви натижасига кўра, ушбу музейни тутиб туриш учун ҳуқуқий асос — маҳаллий ҳокимликнинг тегишли қарори ва кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас, деб топилган ва молиялаштириш тўхтатилган.

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

— 1995 йилда Ҳазиний музейи ташкил этилганда вилоят музейидан жами 128 дона экспонат олиб келинган эди, — дейди Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи раҳбари Баҳодир Ҳошимов. — Ҳуқуқий асос етарли эмас, деб топилгандан сўнг экспонатларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қайтариб олиб келишга мажбур бўлдик. Филиал сифатида фаолиятини давом эттиришга эса қонуний асос етарли бўлмади.

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

Уй-музейнинг жамоатчилик асосидаги раҳбари, Ҳазинийнинг эвараси Наргиза Ваҳобованинг музейга қонуний баҳо бериш йўлидаги елиб- югуришлари бесамар кетмади. 2014 йилда музей қайта рўйхатдан ўтказилди. 2016 йилда туман ҳокимининг қарори билан бино “Ҳазиний” уй-музейи сифатида ҳужжатларда қайд этилди. Бироқ масаланинг бошқа томони бор. Нега энди ваколатли идоралар томонидан қўйилган талаб — қонуний асослар яратилган бўлса-да, 2016 йилдан шу кунга қадар Ҳазиний уй-музейи учун Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи раҳбарияти томонидан кўзда тутилган штатлар ажратилмади?! Бунга ваколати бўлмаса, бу борада нега ҳаммаслак бўлишмади? Ҳар тугул филиал сифатида эътироф этилиши керак эмасмиди?!

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ва Олтиариқ туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг 122 бандида ҳам Катта Кенагас қишлоғидаги Хазинийуй-музейини қонуний асосда йўлга қўйиш, шу ерда жойлашган Ҳазиний мақбарасини ободонлаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шунга кўра,шоир мақбараси таъмирланиб, зиёратчилар учун гўзал масканга айлантирилди. Бироқ, белгиланган вазифалар ҳали охирига етказилгани йўқ. Аввало, уй-музейининг тўлиқ таъмирланиши учун молиявий манбалар аниқланиши зарур. Экспонатлар хилма-хиллигини таъминлаш жуда муҳим.

— Мақбарадан уй-музейга олиб борадиган қисқа йўл негадир катта бетон плиталар билан тўсиб қўйилган, — дейди Наргиза Ваҳобова. — Аҳоли ва зиёратчилар бетон тирқишидан ўтишяпти. Йўл очилиб асфальтлаш зарур. Уй-музейда авваллари шоир-ёзувчилар ва ёш истеъдод соҳиблари билан учрашувлар, йирик юбилей тадбирлари уюштириларди. Ҳозир эса иншоот ҳувуллаб қолган. Мақсадимиз, бобомнинг уй-музейини яна файзли даргоҳга айлантириш.

Фото: «ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE».

Шоирнинг уй-музейи Катта Кенагас қишлоғининг қоқ марказида жойлашган. Бу муқаддас даргоҳнинг қонунда талаб этилган ҳужжатлари тайёр бўлгунча, наҳотки, қишлоқ ва маҳалла фаоллари ҳеч бўлмаганда харобага айланиб қолган уй-музейини сақлаб туриш, унинг озодалигини эътибордан четда қолдирмаслик масалаларида ташаббус кўрсатмадилар? Жамоатчилик эътиборини тортиб, ҳамқишлоқлар билан ўзига хос ечим излаш пайидан бўлмадилар. Бизнингча, ҳали ҳам бизда бироз бўлса-да, ватанпарварлик, ташаббускорлик етишмаяпти. Бу каби саволларни мутасаддилар учун очиқ қолдирамиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар