Ҳаж сафари йиққан пулини қабристонни обод қилишга сарфлайдиган бўлди

19:18 16 Июль 2018 Жамият
459 0
Фото: muslim.uz

Булунғур туманидаги Хўжабачча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Нурафшон қишлоғида яшовчи фуқаро Эгамберди ака Ашуров ҳам ҳамма орзу қилган муборак ҳаж сафарига бориб келишни ният қилиб юрган эди. Навбати келганда, ҳаж сафарига боришни рад этди. Ҳамма ҳайрон бўлиб қолди. Нега?..

“Қишлоғимиздаги Нурафшон қабристони 1924 йилда ташкил этилган бўлиб, 0,65 гектар майдонни эгаллаган Дониёр пайғамбар тепалигида жойлашган. Ривоятларга қараганда, Буюк ипак йўли шу қишлоғимиздан ўтган бўлиб, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Дониёр пайғамбар жасадини Самарқандга олиб келаётганда, кун ботиб қолгани сабабли шу тепаликда бир оқшом тунаган экан. Шундан буён тепалик Дониёр пайғамбар тепалиги деб аталар экан”, - дейди қабристон назоратчиси Эгамберди Ашуров.

Хуллас, мана шу муқаддас жойда Эгамберди ака ўзининг ота-боболари, момолари, ота-оналари, яқин қариндошлари қўним топганлигини яхши билади. Аммо, бир пайтлар юртимиз қабристонлари эътиборсизликдан оёқ остида қолиб, мол боқиладиган, тўрт томони очиқ, ташландиқ ва қўрқинчли аҳволда қолганида дили ранжиган эди.

Шу туфайли у муборак ҳаж сафарига бораман деб, йиғиб юрган пулларини ушбу қабристонни ободонлаштиришга сарфлашга қарор қилди. Унинг бу қарорини маҳалла оқсоқоллари қўллаб-қувватлашди. Кўплар яхши қилибсиз, дейишди. “Муборак Ҳаж сафарига бориб келиб, Ҳожи бобо бўлиб, тўй-маъракаларнинг тўрида виқор билан ўтирсангиз бўлмайдими”, деганлар ҳам бўлди.

Эгамберди ака бундай гап-сўзларга парво қилмади, ўз аҳдидан қайтмади. Дастлабки ишни қабристон атрофини билан ўрашдан бошлади. Қабристонга кириш қисмига дарвоза ўрнатиб, 50 метр масофага девор кўтарди. Қабристон ичкариси ва ташқарисидаги йўлакларга плиталар ётқиздирди. Арча дарахтлари ва анвойи гуллар экилди. Зиёратга келиб-кетувчилар учун ҳамма шароитлар яратилди. 200 метр масофадан тоза ичимлик суви эгилувчан қувурлар орқали олиб келинди. Ҳар бир қабр атрофи ободонлаштирилди. Бу ишларда унга ўғли Дилшоджон ва ушбу қишлоқнинг қўли гул усталари, оқсоқоллари, фаоллари ҳашар тариқасида катта мадад бўлиб туришди.

“Бундай саховатпешалик, тантилик ва мардлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қолаверса, қишлоқдошимиз Эгамберди Ашуров жуда тўғри йўлни танлади. Негаки, қийин аҳволдаги қўшнидан хабар олиш, етим-есирларга, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзиш, кўприк қуриш, масжид ва қабристонларни ободонлаштириш энг савоб ишлардан саналаркан. Ҳатто, баьзи савобталаб ишларни бажариш ҳаж сафарига борган билан тенг ҳисобланади”, - дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири Ҳасан бобо Саидназаров.

Эгамберди Ашуров келсак, у Муборак ҳаж сафарига боришдек эзгу ниятидан воз кечган эмас. Ҳалол меҳнати эвазига яна пул жамғариб, бу эзгу ишни амалга оширишни дилига тугиб қўйган.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар