Ҳаётимизга файз ва қувонч бағишлаб келаётганингиз биз учун бебаҳо бойлик, катта давлатдир

12:05 09 Май 2018 Жамият
443 0

Кўзларда қалққан севинч ёшлари Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудида 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Тадбирларда уруш қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан табрик хатлари, тилла суви юритилган қўл соатлари ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилмоқда.

ҚораҚалпоўистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларида бўлиб, уларга байрам совғалари улашди.

Хусусан, Халқлар дўстлиги маҳалласида яшаётган уруш ва меҳнат фахрийси Нурулла Абдуллаевни айём билан қизғин муборакбод этди.
— Биз, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган бундай эҳтиром учун мингдан-минг ташаккур билдирамиз, — дейди отахон. — Ҳеч қачон уруш бўлмасин! Фарзандларимиз ҳозиргидек тинч ва фаровон турмуш кечирсин. Юртимиз гуллаб-яшнайверсин!

М. Ерниязов шаҳардаги Абдулла Қодирий кўчасида яшовчи уруш фахрийси Қодирбой Нарманов хонадонида ҳам бўлиб, унга Президентимизнинг эсдалик совғаси ҳамда пул мукофотини тантанали равишда тақдим этди.
* * *
Андижон шаҲридаги Жоме меъморий мажмуасига ташриф буюрган нуронийларни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Президентимиз номидан қутлар экан, уларнинг ҳар бирини  5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва қимматбаҳо соат билан тақдирлади. Дастурхон атрофига жамулжам бўлган уруш қатнашчилари ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар, давлатимиз томонидан уруш фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрликни алоҳида эътироф этдилар. 

— Бизга эътибор ҳар доимгидан юксак, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Олимжон ота Комилов. — Ҳам моддий, ҳам маънавий кўмакдан баҳраманд бўлмоқдамиз. Ўтган йили имтиёзли асосда автомашина харид қилдик, Ҳаж зиёратида бўлдим. Бу йил Президентимиз йўллаган табрикни ўқиб, кўзимга ёш қалқди. Қўлимдаги соатга қарар эканман, вақт нечоғли югурик эканлигига амин бўлдим. Бахтиёрман. Беҳад миннатдорман.

Бундай тадбирлар уруш қатнашчилари хонадонларида ҳам бўлиб ўтди. 

Айтиш жоизки, Иккинчи жаҳон урушига Андижон вилоятидан 97 минг 500 нафар фуқаро жалб қилинган бўлиб, шулардан 57 минг нафари оиласи даврасига қайтган. Айни пайтда уларнинг 63 нафари умргузаронлик қилмоқда. Шу кунгача давлатимиз раҳбари ташаббуси билан уларнинг икки нафарига кўп қаватли уйлардан икки хонали тураржой ажратилди. 3 нафарининг хонадони таъмирдан чиқарилди ва 18 нафарига Ҳаж зиёратига бепул бориб-келиш учун йўлланмалар берилди.
* * *
Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, уларга давлатимиз раҳбари номидан пул мукофоти, табрик хати ва совғалар топширди. 

Самарқанд шаҳридаги Намозгоҳ маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 94 ёшли Абдулла Каримовнинг хонадонида бўлиб ўтган ана шундай тадбир нафақат отахонни, балки унинг хонадонига ташриф буюрган фарзандлари, невара-чеваралари, маҳалла аҳлини жуда хурсанд қилди.

— Бугун юртимизда ҳар бир инсон қадр топмоқда, — дейди Абдулла ота. — Буни айни дамда биз, кексаларни эъзозлаб уюштирилаётган мана шундай тадбирлардан ҳам англаш мумкин. Урушдан қайтгач, мактабларда ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бердим. Доим эъзоздамиз. Шундай дориламон кунларга етказганига шукр. Ёшларимиз бу кунларнинг қадрига етиб яшаши лозим.
Самарқанд ҳарбий гарнизони оркестри томонидан ҳарбий куй-қўшиқлар ижро этилди. Ўқувчи-ёшлар отахонни байрам билан табриклади.
“Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими маълумотларига кўра, Президентимиз Фармонига кўра, жорий йилда самарқандлик 97 нафар уруш қатнашчисига ана шундай эътибор ва эъзоз кўрсатилмоқда.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Саминжон ҲУСАНОВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар