Ҳаётимизда янги давр бошланди

11:27 11 Май 2019 Жамият
532 0

Президентимиз қандай йиғилиш ёки тадбир ўтказмасин, қайси вилоятга бормасин, албатта, ёшлар масаласига эътибор қаратади, бизнинг муаммоларимизни ҳал қилишга, орзу-умидларимизни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилади. Шу боис давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишини, маърузаларини диққат билан кузатамиз, уларнинг эътиборларидан ғурурланамиз, фикрларидан тегишли хулосалар чиқарамиз.

Юртбошимизнинг Сирдарё вилоятидаги йиғилишда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган беш муҳим ташаббуси биз, ёшлар ҳаётида янги даврни бошлаб берди, десам муболаға бўлмас. Чунки ўша кундан сўнг Президентимизнинг ўзи ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш, китобхонлик кўникмаларини ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган қатор йиғилишлар ўтказди, ҳокимлар, турли даражадаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари бизлар учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишларни янада кучайтирди.

Бу эътибор ва ғамхўрликдан ғурурланиб, уларга муносиб бўлишга ҳаракат қиляпмиз. “Colibri” номли рассомчилик мактаби очиб, ёш рассомларга бу санъат турининг сир-асрорини ўргатишга ҳаракат қиляпман. Таълим масканимизда кам таъминланган оилалар фарзандлари бепул ўқитилади. Зеро, санъатга ошно тутинган ҳар бир бола келажакда машҳур уста-рассом бўлмас, аммо у ҳаёт йўлларида камроқ хато қилишига, дуч келадиган тўсиқларни, чигалликларни гўзаллик билан, кенг дунёқараш билан енгиб ўтишига ишонаман.

Мафтуна РАҲИМОВА, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси.

Бизга қанот бағишлаётган ташаббуслар

Президентимизнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган беш муҳим ташаббусини катта қизиқиш ва хурсандчилик билан кутиб олдик.

Давлатимиз раҳбари ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширайлик, уларнинг истеъдодини юзага чиқарайлик, деяпти. Мутасадди ташкилотларни бу борада куюнчаклик билан ишлашга ундаяпти. Бу қўллаб-қувватловнинг ёш иқтидор руҳиятини кўтаришдаги аҳамиятини ўзим ҳис қилганман. Францияда ўтказилган Александр Глазунов номидаги халқаро мусиқа танловида I ўринни қўлга киритганимда ҳам, Қозоғистонда ташкил этилган фестивалда совриндор бўлганимда ҳам, аввало, Президентимизнинг рағбати, ишончи менга ғайрат-шижоат бағишлаган.

Давлатимиз раҳбарининг билимли бўлишимиз, истеъдодимизни юзага чиқаришимиздан тортиб то ишли бўлишимиз, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизгача алоҳида эътибор кўрсатаётгани биз, ёшларга қанот бағишламоқда, юксак марралар сари ундаяпти. Менда янги ғоялар уйғонди, мақсадларим сари дадил интилишга иштиёқ пайдо бўлди. Келажакда чет элда таҳсил олишни мақсад қилганман. Келгусида юртимизнинг мусиқа санъатини дунёга танитиш — энг катта орзуимдир.

Аббос РАИМАЛИЕВ, Р. Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси:

— Етти ёшимдан виолончел чалишга қизиқаман. Бу ёшда ушбу мусиқа асбоби бўйим билан деярли баробар кўринар эди ва бундан бироз ҳадиксирар, чала олармиканман деган ўй бўлар эди. Аммо мусиқага бўлган чексиз меҳрим барчасини енгиб ўтди. Устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Жаҳонгир Ибрагимовдан виолончел орқали турли куйлар чалишни ўргандим. Францияда ўтказилган Александр Глазунов номли халқаро танловда I ўринни, Қозоғистонда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган мусиқа танловида, шунингдек, пойтахтимизда ўтказиладиган турли кўрик-танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, бир неча бор ғолибликларни қўлга киритдим. Мухтарам юртбошимизнинг санъатга юксак эътибори менда янги ғоялар уйғотди, янада юксак марраларни забт этишга, янгича йўналишда куйлар яратишга иштиёқ ҳосил қилди. Келажакда хорижда тахсил олишни мақсад қилганман. Хорижий мутахассислардан янги билимларга эга бўлиб, юртимга қайтаман. Келажакдаги мақсадим, Ўзбекистондаги мусиқа санъатини дунёга танитиш.

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси:

— Мусиқа йўналишида ўқишимга қарамай шеъриятга меҳрим бўлакча. 2012 йил “Юрт келажаги” кўрик-танловида, 2014 йил “Юксак маънавиятли авлод” фестивалида шеърият йўналишида иштирок этиб, I ўринни қўлга киритдим. 2017 йил президентимиз томонидан қайта ташкил этилган Зомин республика ёш ижодкорлар семинарида, 2018 йил “Самарқанд шеър оқшомлари” халқаро анжуманида фаол иштирок этдим. Бу йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳасида “Мовий қўшиқ” номли илк шеърий тўпламим нашрга тавсия этилди. Бу ютуқларнинг замирида албатта юртбошимизнинг санъатга, адабиётга бўлган ҳурмат-эҳтиром ва эътиборлари ётибди.

Беш ташаббус ҳар бир ёш ижодкор қаторида ҳам ёш бастакор, ҳам ёш шоир сифатида мени жуда қувонтирди. У келгусида мен каби ёш ижодкорларга ижод йўлида қанот бўлади. Бу каби имкониятлар учун ҳамма ижодкор дўстларим, тенгдошларим номидан миннатдорлик билдираман. Келажакда ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти майдонида янада мустаҳкам ва ёрқин ўринга эга бўлишига хизмат қиламиз ва бу йўлда беш ташаббус бизга маёқ бўлади...


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019