Ҳаётий янгиланишлар, жадал ислоҳотлар

09:37 22 Май 2018 Сиёсат
408 0

Ҳаёт фаровонлиги, орзулар рўёби унга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатга, холис ниятга боғлиқ. Бунинг тасдиғини, ҳар биримиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб турибмиз.

Аввал хабар берганимиздек, Наманган вилоятининг Норин туманини мамлакатимиздаги намунали ҳудудга айлантириш мақсадида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. “Ёшлар — Ўзбекистон келажаги” дастури асосида бажарилган ишлар одамларда катта таассурот қолдирди. Негаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси — Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан 57 маҳалла фуқаролар йиғини тўлиқ қамраб олинди. Президент девони, вазирлик ҳамда қўмиталар, идоралар ва ташкилотлар масъул ходимлари, адлия, ҳуқуқ-тартибот, маданият, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа соҳалар вакиллари, шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчиларидан иборат гуруҳ аҳолининг ҳуқуқий, тиббий маданияти ҳамда маънавиятини юксалтириш бўйича жонли мулоқотлар ўтказди.

Жумладан, хонадонма-хонадон юриб, 20 мингдан зиёд аҳоли ва ёшлар билан юзма-юз суҳбат ўтказилди. Аниқланган 6 минг 888 та муаммонинг 4 минг 911 таси жойида ечим топди.

Кўп йиллар давомида қишлоқ жойларда одамлар учун зарур шароитлар яратиб бериш, турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш масалаларига етарлича эътибор қаратилмагани оқибатида айримлар боқимандалик кайфиятига берилди. Ўзининг уй-жойи, ҳовли ва томорқасига ҳам қарамай қўйди. Ачинарлиси, бу салбий иллат фарзандлар тарбиясига ҳам таъсир кўрсатди. Норин тумани ҳам бундан мустасно эмас. Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳлар салкам йигирма бир минг хонадонга бевосита ташриф буюриб, табиий газ, электр энергияси, кўмир таъминоти, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, бандлик, соғлиқни сақлаш, уй-жой, тадбиркорликни бошлаш, кредит олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ҳамда бошқа кўплаб масалалар билан боғлиқ етти мингга яқин муаммоларни аниқлагани бунинг яққол далилидир.

Ҳозирги кунда туманда истиқомат қилаётган 157 минг нафардан зиёд аҳолининг 95 минг нафари ёшлар бўлиб, уларнинг мингдан зиёди кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзанди. 43 нафари ногиронлиги бўлган шахс. Бироқ туманда уларнинг тақдири, орзу-интилишлари билан деярли ҳеч ким қизиқмагани ўта ачинарли ҳолатдир.

Таъкидлаш лозимки, ишчи гуруҳ асосий эътиборни аниқланган муаммоларни жойида ва тез фурсатда ҳал этишга қаратгани норинликлар кайфиятига ижобий таъсир қилди. Ечимини кутаётган масалалар юзасидан режа асосида муддати ҳамда ижрочилари аниқ белгиланган дастур ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилгани маҳаллий бошқарув органлари масъулиятини оширди.

Туманда бугун қарийб уч ярим минг нафар ишсиз, тўрт мингдан зиёд доимий иш жойига эга бўлмаган ёшлар бўлгани ҳолда, уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича амалий ҳаракатлар сустлигича қолмоқда. 2018 йил давомида атиги 260 нафар йигит-қиз, жумладан, лицей ва коллежларнинг 172 нафар битирувчиси ишга жойлаштирилган, холос. Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан қисқа фурсатда 1 минг 776 нафар ишсиз ёшнинг мутахассислиги бўйича бандлиги таъминланди.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларнинг 344 нафарига жами 5 миллиард 283 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиладиган бўлди. Ёшлар иттифоқи 18 нафар ёш тадбиркорга 2,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит олишга имкон яратди. Яна 34 нафар ёш тадбиркорга бино-иншоотлар ҳамда ер-майдонлари ажратилди. Бунинг натижасида 823 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. 333 та иш ўрни яратилди. Ёшларнинг 70 та йирик лойиҳаси сараланиб, 32 миллиард 560 миллион сўм кредит ресурслари ажратила бошланди. Тажриба тариқасида тумандаги 233 та фермер хўжалиги учун юрист ва иқтисодчи лавозимларига ишга жойлаштириш мақсадида 317 нафар ишсиз ёш Давлат бошқаруви академиясига малака ошириш курсларига жалб этилди.

Айни вақтда Норинда юзга яқин мактабгача, умумтаълим ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари мавжуд. Таълим-тарбия борасида ҳал қилувчи босқич ҳисобланган мазкур муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, янги боғчалар қуриш, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтариш юзасидан амалий ҳаракатларга ўтилмаётгани эса кишини таажжубга солади. Биргина 2018 йилнинг ўтган даврида ёшлар ўртасида саккизта жиноят ҳамда 463 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилгани, беш нафари ўз жонига қасд қилишга урингани ҳудуддаги ижтимоий вазиятни соғломлаштириш қай даражада муҳим эканини кўрсатади. Ўрганишлар давомида туманда 14 минг 120 та ёш оиланинг 4 мингга яқини уй-жойга муҳтожлиги ва бошқа ижтимоий муаммолар гирдобида қолиши оқибатида биргина жорий йилнинг ўзида 19 та ажрим қайд этилгани аниқланди.

Яна бир муҳим маълумот. Норин туманида намуна сифатида жами 233 та фермер хўжалигида юрист, иқтисодчи ҳамда молиячи лавозимларига ўрта махсус маълумотли ёш кадрларни ишга қабул қилиш амалиёти жорий этилди. Бу республикада ҳали бирон марта қўлланилмаган тажриба экани билан ҳам аҳамиятлидир. Шу билан бирга, уюшмаган ёшларни мавсумий ишларга жалб қилиш мақсадида маҳаллаларда 25 нафардан 50 нафаргача аъзони бирлаштирган, жами 200 кишилик “Фидойи ёшлар отрядлари” тузилди.

Таълим сифатини янада яхшилаш, ёшлар саводхонлигини ошириш республика ишчи гуруҳи диққат-эътиборидаги яна бир муҳим масала бўлди. Норин туманидаги Ёшлар марказида 45 та умумтаълим мактаби директор ва ёшлар етакчилари билан учрашув ташкил этилиб, уларга мутахассислар томонидан ўз устида ишлаш, интернетдан самарали фойдаланиш, таълим-тарбия жараёнида янги педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари ўтилди. Замонавий усул ҳамда ёндашувлар ҳақида маълумотлар берилди. Норинкапа қишлоғидаги 40-умумтаълим мактаби барча йўналиш бўйича энг намунали мактабга айлантирилди. Таълим масканининг 28 та синф хонаси, бино йўлаклари ва фойеси қайтадан таъмирланди. Инглиз тили ҳамда математика фанларидан олимпиадалар уюштирилиб, ғолибларга олий ўқув юртига контракт асосида қабул қилинган тақдирда, бир йиллик тўлов маблағини қоплаш бўйича тавсияномалар тақдим этилди.

Ишчи гуруҳ ташаббуси билан ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган вояга етмаганлар, тарбияси оғир ва ноқобил оилалар фарзандлари, ишсиз ёшлар — жами 200 нафарга яқин йигит-қизлар иштирокида “Китобхонлик — жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг самарали йўли” мавзуида китобхонликни тарғиб этиш бўйича тадбир ўтказилди. 20 минг аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, ташкилот ҳамда муассасаларда саломатлик бурчаклари ташкил қилинди, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи ўнлаб видеороликлар намойиш қилинди. Кунлик ва ҳафталик режа асосида спортнинг бир қатор турлари бўйича мунтазам мусобақалар ўтказилди. Бунинг учун тумандаги 57 маҳаллада спорт майдончаларини барпо этишга киришилди.

Тумандаги марказий “Шодлик” стадионида ташкил қилинган гала-концерт эса норинликларга хушкайфият улашди.

Фахриддин КАРИМОВ.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар