Ҳаёти — ибрат, сўзи — ҳикмат

12:18 10 Май 2018 Жамият
474 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Ўтганлар хотирасини ёд этиш, табаррук ёшдаги кексаларни қадрлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш азалий қадриятларимизга уйғунлиги билан янада аҳамиятлидир.

Хусусан, Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча гўшасида уруш ҳамда меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ушбу санага қизғин ҳозирлик кўрилди. Асосий тадбир Нукус шаҳридаги Хотира майдонида бўлиб ўтди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ҳарбий оркестр мусиқаси садолари остида майдондаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

— Биз, уруш фахрийларига юксак ғамхўрлик кўрсатилмоқда, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, чимбойлик отахон Торенияз Абулов. — Президентимизнинг табрик хати, тилла соат ҳамда 5 миллион сўм пул мукофотини қабул қилиб олдик. Бундай эътибордан бошимиз осмонга етди. Бунинг учун чексиз миннатдормиз.

Тадбирда уруш йилларининг мудҳиш воқеалари ва халқимизнинг жасорат ҳамда мардлигидан ҳикоя қилувчи театрлаштирилган дастур намойиш этилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Ҳарбий қўшиқлар садолари барчани Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбони сари чорлади. Йиғилганлар Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. “Хотира китоби” варақланиб, жанггоҳларда бугунги тинчлик-осойишталик учун жонини қурбон қилган оталаримиз яна бир бор ёд этилди.

— Осойишталикка нима етсин, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Избоскан туманининг Тўраобод қишлоғида яшовчи 98 ёшли Зулунбой ота Мадраимов. — Илоҳим, халқимиз ҳеч қачон уруш кўрмасин. Бугунги дориламон кунлар бардавом бўлсин!

Бу галги байрам тадбирлари Бухорода ўзгача руҳда нишонланди. Хотира майдони янгитдан барпо қилинди. Миллий услубда қурилган иккита айвон, фаввора, ноёб гуллар унинг кўркига ажиб бир шукуҳ бағишлаган.

— Хотира майдонининг қайтадан бунёд этилишини биз, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хурсандчилик билан қарши олдик, — дейди суронли йилларнинг тирик гувоҳи, уруш ва меҳнат фахрийси Аминжон Аҳмеджонов. — Юртбошимиз ташаббуси билан барпо қилинган бу қадамжо ёшларимизни она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга, тинчлик ҳамда осойишталикнинг қадрига етишга чорловчи маскан бўлиб қолади. “Ана шундай тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етинглар”, деб невара-чевараларимга доимо насиҳат қиламан.

Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда уруш фахрийлари ва фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимиз қатнашди.
Унда тинчлик-осойишталикни асраш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялашда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларининг ҳаётий тажрибаси катта ибрат мактаби экани, уларга эҳтиром кўрсатиш, ўгитларига амал қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, тинчлик учун жонини фидо қилган инсонлар яна бир бор ёдга олинди.

Навоий вилоятида ҳам Хотира ва Қадрлаш куни ўзгача шукуҳда нишонланди. Байрам арафасида Президентимизнинг Фармони ҳамда қарори асосида вилоятдаги 51 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси қутланиб, уларга бир марталик пул мукофоти, Юртбошимизнинг табриги ва тилла соат тантанали тарзда топширилди.

Байрамнинг асосий тантаналари вилоят марказидаги Хотира майдонида бўлиб ўтди. Бу ердаги Мотамсаро она ҳайкали пойи гуллар билан тўлди. Муборак номлари олтин саҳифаларга битилган боболаримиз хотираси ёдга олинди.

— Ёш авлод учун бу мўъжаз майдон мардлик ҳамда жасурлик, чинакам ватанпарварлик маскани бўлиб қолади, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, айни пайтда 99 баҳорни қарши олган Пирназар бобо Турдиев. — Уларнинг кўнглида юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада юксалтиради.

Наманган вилоятида байрамни юқори даражада ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилди. Вилоятдаги 65 нафар уруш фахрийсининг хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг байрам туҳфаси — тилла соат ҳамда беш миллион сўм миқдоридаги мукофот ва табрик мактуби бу табаррук инсонларнинг қаддини янада кўтарди.

Айни кунларда Наманган шаҳридаги Хотира майдони ёшлар билан гавжум. Улар бу ердаги айвонларга номи мангуга муҳрланган 37 минг фронтчини зиёрат этиб, фарзандлик бурчини бажаришаяпти. Хиёбондаги Мотамсаро она ҳайкали пойи эса давлат ҳамда жамоат ташкилотлари жамоалари томонидан қўйилган гулчамбарлар билан тўлиб тошди.

Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланди. Унда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ҳарбий техникалар ҳамда қурол-аслаҳалар кўргазмаси, вилоят мусиқали драма театри олдидаги саҳнада ҳарбий оркестр концерти тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.

Шундан сўнг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари Самарқанд шаҳридаги “Боғишамол гарден” ресторанида уюштирилган байрам дастурхонига таклиф қилинди.

Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган байрам тадбирлари ҳам Мотамсаро она монументи пойига гул қўйиб, аскар волидасига ҳурмат-эҳтиром бажо келтириш маросими билан бошланди. Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва маҳаллалар фаоллари ҳозир бўлдилар.

— Юрт озодлиги йўлида жонини фидо этганларнинг жасоратини ёдга олиш, айни пайтда ҳаёт бўлган ана шундай кишиларга иззат-икром кўрсатиш, ҳеч шубҳасиз, ёш авлод учун катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади, — дейди Гулистон туманилик меҳнат фахрийси Ёқубжон Мадаминов.

Сурхондарё вилоятида Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президентимиз номидан 5 миллион сўм пул мукофоти, табрик хати ҳамда қимматбаҳо қўл соатлари топширилиб, фронт орти фахрийларига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.

Эрта тонгдан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ходимлари, ҳарбийлар, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар Термиз шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Шундан сўнг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт орти фахрийлари шарафига тўкин дастурхон ёзилди. Тадбирда уруш ва меҳнат фахрийларининг жасорати, фидойилиги, олижаноб фазилатлари ёш авлод тарбиясида юксак ибрат намунаси эканлиги таъкидланди. Ватан озодлиги, юрт тинчлигини тараннум қилувчи дилтортар куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Қашқадарё вилояти марказидаги Хотира хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, уруш ва меҳнат фахрийлари элимизнинг фидойи фарзандлари хотирасини ёд этиш учун тўпландилар.

Вилоят фаоллари уруш қурбонлари хотирасига чуқур эҳтиром рамзи сифатида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар.

— Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган юз минглаб юртдошларимизнинг номи ҳам, жасорати ҳам ҳеч қачон унутилмайди, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январь Иноятов. — Шунинг учун уларнинг номи мана шу майдондаги “Хотира китоби”га зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрланган. Мажмуага келган ҳар бир ватандошимиз уни варақлайди, унда битилган исмларни ўқиб туриб, жасорат, матонат ҳеч қачон унутилмаслигини, юксак қадрланишини дилдан ҳис қилади.

Кеча Фарғона вилояти марказидаги Хотира майдони ҳар кунгидан ҳам гавжум ва файзли бўлди. Бу ерга уруш ҳамда меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари тўпланди. Ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар Мотамсаро она монументи пойига гулчамбарлар қўйдилар.

“Жасмин” тантаналар мажмуасида ташкил этилган байрам дастурхонига вилоятда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари таклиф этилди. Уларга қимматбаҳо эсдалик совғалар топширилди.

Хоразм вилоятида ҳам айём юксак савияда, бугунги дориламон кунларга шукроналик билан кенг нишонланди. Ўтганлар яна бир бор хотирланди, мудҳиш уруш йилларидаги йўқотишлар, оғир азоб-уқубатлар ёдга олинди.

Байрам муносабати билан вилоятда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўчаю майдонлар Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган паннолар, кўргазмали воситалар билан безатилди. Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хонадонларига борилиб, оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Тошкент вилоятининг маъмурий маркази — Нурафшон шаҳрида бу йил Хотира ва Қадрлаш куни биринчи маротаба кенг нишонланди. Байрамона безатилган шаҳар марказига уруш ҳамда меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари йиғилдилар. Улар иштирокида Мотамсаро она ҳайкали тантанали равишда очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар Иккинчи жаҳон урушида қозонилган тарихий ғалабага пойтахт вилояти вакиллари қўшган ҳисса, мамлакатимизда уруш қатнашчилари ва ногиронларига, кексаларга кўрсатилаётган катта ғамхўрлик ҳақида гапирдилар. Ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйилди.

Бугун вилоятда 148 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бор. Байрам арафасида уларга Президентимиз номидан пул ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди, ҳурмат ва эътибор кўрсатилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар