“Ҳаёт” фильми энди телеэкранларда. У байрам кунлари МТРК телеканаллари орқали эфирга узатилади

12:24 12 Январь 2019 Afisha
1213 0

Осмонга кўтарилаётган ҳарбий вертолётлар, қирувчи самолётлардан олинган тасвирлар, жанг майдонидаги қонли муҳораба, оҳ-воҳлар, бақир-чақирлар... Аскар снайперлик винтовкасининг дурбини орқали душманнинг пешонасини мўлжалламоқда. У айнан қаерга ўқ узмоқчи эканини зийрак бўлмаган томошабин ҳам дарров илғаши тайин: дурбиннинг мўлжал белгиси экранда кўз ўнгингизда туради. Ҳали одам ўлдирмаган, уруш кўрмаган, ҳарбий машғулотлар пайтида фақат тулупларга қарата ўқ отиб юрган ёш аскарнинг бармоқлари аста титраб, тепкини босади. Ўқ винтовканинг оғзидан олов пуркаб отилиб чиққанча учиб бориб, душманнинг пешонасига санчилишини кузатасиз. Бошнинг ўқ теккан қисмидан бир неча томчи қон отилиб, пистирмада биқиниб ўтирган душман снайпери бир силкиниб жон беради...

Йўқ, бу Голливуд ёки Болливуд киноусталари тасвирга туширган қайсидир фильмдан лавҳа эмас. Мазкур кадрларни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига кўра, “Ватан” киностудияси томонидан Зулфия Юнусова ҳамда Иқбол Мирзо сценарийси асосида Ҳилол Насимов режиссёрлигида суратга олинган “Ҳаёт” бадиий фильмида кўрасиз. Фильм ана шундай қизиқарли лавҳаларга бойлиги билан ҳар қандай томошабиннинг эътиборини тортиб, ҳайратини ошириши шубҳасиз.

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан кинорежиссёр Ҳилол Насимовнинг 2000 йилдаги Сариосиё воқеаларида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган ҳарбий хизматчиларимизга бағишланган “Ҳаёт” бадиий фильми Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг телеканаллари орқали эфирга узатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан:

13 январь куни “O‘zbekiston” телеканалида — соат 22:00 да;

14 январь куни “Kinoteatr” телеканалида — соат 15:40 да;

14 январь куни “Yoshlar” телеканалида — соат 22:10 да ушбу бадиий фильмни томоша қилиб, олам-олам завқ олишингиз мумкин.

Киноасар 2000 йилдаги Сариосиё воқеаларида қатнашган фарғоналик Ҳаёт исмли йигитнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

Маълумки, 2000 йил август ойида Жанубий сарҳадларимизга суқилиб кирмоқчи бўлган халқаро террористик гуруҳларга қарши олиб борилган қақшатқич жанглар чоғида Ўзбекистон Қуролли Кучлари Махсус операция кучлари батальонининг 21 нафар ўғлони қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, байрам муносабати билан Ўзбекистон МТРК телеканаллари орқали “Сержантлар”, “Сардор” ва “Сардор 2” миллий сериаллари, “Қасамёд”, “Ватанпарвар”, “Жасур”, “Ватан” ҳамда “Ўн саккизинчи квадрат” каби ватанпарварлик руҳидаги бадиий фильмлар ҳам намойиш этиб келиняпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019