​Ҳаёт давомида кўриш керак бўлган шаҳар

15:51 20 Июнь 2018 Welcome to uzbekistan
781 0
Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Хоразм — қадимги Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган бўлиб, Ўзбекистоннинг энг юқори сайёҳлик салоҳиятига эга минтақаларидан бири ҳисобланади. Хиванинг халқаро миқёсда “Очиқ осмон остидаги музей шаҳар” дея эътироф этилиши ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилиши нафақат Хоразм вилояти, балки мамлакатимизнинг жаҳон туризм бозоридан муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам замин яратади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 27-28 январь ҳамда 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хивадаги Ичан қалъа ҳамда Нуриллабой саройи мажмуаларида, “Фаровон” меҳмонхонасининг қурилиш участкасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тарихий обидаларни реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишиб, қадимий Хиванинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш мақсадида сайилгоҳ кўчалар ташкил этиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича топшириқлар берган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 майдаги “2017 — 2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлди. Ушбу Дастур ижроси доирасида бугунги кунда ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Сайёҳга нима қизиқ?

“Шарқ гавҳари” дея таъриф бериладиган қадимий ҳамда навқирон Хивани томоша қилиш учун Хоразмга ташриф буюрсангиз, саёҳатингизни, албатта, “Ичан қалъа”дан бошлайсиз. Бу кўҳна шаҳарнинг шарқона руҳини ҳис этиш учун унинг бозорларини, миллий ҳунармандчилик сабоқлари ўтказиладиган махсус мактабларию тор кўчалари бўйлаб сайр қилишингиз мумкин. Айниқса, ноёб осориатиқаларга бой Хива музейлари жаҳон сайёҳларини ҳайратга солаётгани ҳам ҳақиқат.

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Хива музейи фондида 39 мингга яқин экспонатлар сақланмоқда. Уни бир бор кўриш учун дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳлар оқими йилнинг тўрт фаслида ҳам тўхтамайди. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида бу шаҳарга 515 минг 800 нафар, жумладан, 32 минг нафар чет эллик сайёҳ ташриф буюргани фикримиз тасдиғидир. Хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши, турли маданий томошаларнинг уюштирилиши натижасида хорижий сайёҳларнинг вилоятда қолиш давомийлиги 2012 йилда ўртача 1,1 суткани ташкил этган бўлса, жорий йилда 2 суткага етди. Бу эса янги иш ўринлари яратилиб, қўшимча валюта тушуми пайдо бўлди, савдо ва хизматлар ҳажми ҳам ортди, деганидир.

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, Хоразм вилояти туристик экскурсия ресурсларининг зичлиги ҳамда улар таркибидаги тарихий-меъморий объектлар кўрсаткичи бўйича мамлакатимизда биринчи ўринда туради. Хоразмда неолит давридан то ХIХ асргача бўлган даврни қамраб олган 254 та маданий мерос ёдгорлиги бўлиб, уларнинг 18 таси археология, 132 таси меъморчилик, 66 таси ҳайкалтарошлик, 6 таси диққатга сазовор жойлар ва 32 таси муқаддас қадамжолардир. Уларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган моҳир усталар реставрация ҳамда таъмирлаш ишларини олиб боряпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майда қабул қилинган “Хоразм вилоятидаги “Нуриллабой” тарихий мажмуасини реконструкция ва реставрация қилиш тўғрисида”ги қарори асосида ушбу масканда ҳам кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада бадиий галерея, амфитеатр, қабуллар уйи, ҳунармандлар маркази, миллий услубдаги овқатланиш шохобчаларини ўз ичига олган ажойиб сайёҳлик мажмуаси бунёд этилди.

— Хоразм вилояти ҳамда Хива шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, хорижий туристик компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида халқаро ярмаркаларда фаол иштирок этяпмиз, — дейди вилоят ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Темур Давлетов. — Жорий йилда Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган Fitur 2018, Берлин шаҳридаги ITB халқаро туристик ярмаркаларида қатнашиб, бир қатор келишувларга эришдик. АҚШнинг Smithsonian Institution институти, Испания Қироллиги энергетика ва туризм вазирлигининг туризм соҳаси экспертлари, Россия, Австрия, Ҳиндистон, Қирғизистон оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоятнинг туризм имкониятлари билан танишиш мақсадида ташриф буюрдилар.

Сайёҳлар эътиборини нафақат тарихий ёдгорликлар, балки замонавий ажойиботлар орқали жалб қилиш тадбирлари ҳам кўрилмоқда. Яқинда Швейцария ҳамда ўзбекистонлик аэростатчилар Хива осмони узра илк бор ҳаво шарида парвозни амалга оширишди. Ҳаво шарида туриб “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасини 100 метр баландликдан кузатиш, шаҳарнинг бетакрор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш ва уни фотосуратларга муҳрлаш меҳмонларга чексиз завқ улашди.

Меҳмонхона меҳмонга ёқсин

Халқаро тажрибадан маълумки, сайёҳларга намунали хизмат кўрсатишда меҳмонхона хўжалиги муҳим ўрин тутади. Вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурида ихчам меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари тизимини ривожлантириш кўзда тутилган. 2014 йилда вилоятда атиги 39 та меҳмонхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 60 тага етди. Ўтган йили вилоятда 8 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Юқорида таъкидланган қарорга асосан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га кўра, жорий йил якунигача вилоятда яна 10 та меҳмонхона барпо этилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Урганч шаҳрида яқинда иш бошлаган “Караван” меҳмонхонаси ўзига хос меъморий ечими, сайёҳлар учун яратилган қўшимча қулайликлари билан ажралиб туради.

— Миллий ҳамда жаҳон меъморчилиги анъаналари уйғунлашган меҳмонхона биноси қурилиши учун 7,5 миллиард сўм йўналтирилди, — дейди тадбиркор Отабек Ҳожиев. — Меҳмонхонада бир вақтнинг ўзида 50 нафар мижозга аъло даражада хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Мазкур кўркам иншоот фойдаланишга топширилгач, 30 нафар ёш доимий иш ўрнига эга бўлди. Янги бино яратилган қўшимча қулайликлар ва юқори сифатли жиҳозлари билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризм хизматларини сертификатлаш маркази томонидан тўрт юлдузли меҳмонхоналарга қўйиладиган талабларга тўла жавоб беради.

Эътиборли жиҳати, вилоятда чет эл инвестициясини жалб қилган ҳолда ташкил қилинган меҳмонхоналар сони кўпаймоқда. Жумладан, янги барпо этилаётган “Фаровон” меҳмонхонасига ҳам франциялик ишбилармонлар сармояси киритилади.

Хивага тезюрар поезд келади

Ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш сайёҳларга транспорт хизмати кўрсатишни яхшилашни талаб қилади. Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар Буюк Ипак йўли бўйидаги бетакрор маданий меросга эга шаҳарларни бир-бири билан боғлайди. Дастлабки темир йўл излари ётқизилгунга қадар Тошкентдан Самарқандгача туялар карвонида бир неча кун йўл юрилган бўлса, ҳозир замонавий тезюрар поезд бу масофани атиги икки соат ичида босиб ўтади. Пойтахтдан Бухорога етиб олиш учун эса 3,5 соат кифоя. Келгусида Хивага ҳам юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поездлар қатнови йўлга қўйилади. Президентимиз ташаббуси билан Урганчдан Хивагача 31,7 километр узунликдаги темир йўл қурилиши, миллий услубдаги замонавий вокзал барпо этилиши Хива шаҳрини халқаро туризм марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Урганч халқаро аэропорти ҳам қайта таъмирланиб, сайёҳларга замон талаблари асосида хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилди. Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб Париж — Урганч, Милан — Урганч, жорий йилнинг март ойидан бошлаб эса Урганч — Рим йўналишлари бўйича авиарейсларнинг йўлга қўйилиши хорижий сайёҳлар оқими кўпайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яна бир янгилик шуки, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан туризм гуруҳларидаги сайёҳлар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлган ҳолда, 10 фоиз ҳамда 25 нафар ва ундан ортиқ бўлса, 15 фоизлик чегирмалар берилмоқда. Байрам кунларида эса 50 фоиз чегирмалар қўлланилади. Ўтган йилнинг июнь ойидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳам Тошкент — Урганч — Тошкент йўналиши бўйича сайёҳлар сони 10 кишидан кам бўлмаган туристик гуруҳлар учун авиачипталар нархига 5,8 фоизлик чегирмалар бермоқда.

Клавихонинг авлодлари Хоразмга ошиқишмоқда

Жорий йил бошида Испания пойтахти Мадрид шаҳрида 38-Халқаро туризм кўргазмаси ўтказилди. Миқёси жиҳатидан Берлин кўргазмасидан кейин иккинчи ўринда турувчи ушбу халқаро тадбир ҳар йили Испания ҳукумати ва Мадрид шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳамкорлигида ташкил қилинади. Fitur кўргазмаси деб ном олган мазкур анжуманда дунёнинг 166 та давлатидан 10000 дан ортиқ компаниялар ҳамда сайёҳлик агентликлари иштирок этгани унинг жаҳон туризми соҳасидаги аҳамияти нечоғли катта эканини кўрсатади.

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Тадбирда мамлакатимиз делегацияси ҳам муваффақиятли қатнашиб, юртимиз сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилди. Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири Хоразм вилоятидаги Хива ва Испаниянинг Авила шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисидаги келишувни имзолаш учун музокаралар жараёнининг бошланиши бўлди.

— Хива ва Авила шаҳарлари ўртасида жуда кўп ўхшашликлар бор, — дейди Хива шаҳри ҳокими Эркин Яқубов. — Ҳар иккала шаҳар қалъа шаклида бўлиб, деворлар Хивада пахсадан, Авилада эса тошдан кўтарилган. Шаҳар-қалъага кириш учун Хивада 4 та дарвоза ўрнатилган бўлса, Авилада улар 6 та. Ҳар икки шаҳарда ҳам қалъа ичкарисида ҳозирги кунда ҳам аҳоли яшайди. Авила 1985 йилда, Хива эса 1989 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

“Улли ҳовли”нинг иккинчи умри

Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Fойбу қишлоғида “Улли ҳовли” деб аталувчи мажмуа бор. Лойдан тикланган, қарийб 100 та хонадан иборат ушбу қўрғон яқин йилларгача қаровсиз ётар, ҳовлининг ичкарисию ташқариси юлғунзорга айланганди. Ушбу ҳудуддаги собиқ ширкат хўжалигига узоқ йиллар раислик қилган Давлатназар Ражабов нафақага чиққач, ота-боболарининг ақлу закоси, меҳнати билан бунёд бўлган мазкур масканни ободонлаштиришга бел боғлади. Бу йўлда кўп қийинчиликларга, сансалорликларга дуч келди, бироқ азмида қатъий турди.

Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотларнинг бошланиши, 2017 — 2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастурининг қабул қилиниши отахоннинг кўп йиллик орзулари рўёбига йўл очди. Давлатназар оға ғайрат-шижоат билан ишга киришди. Қадимий қўрғон қисқа муддатда реставрация қилиниб, бу ерда ҳунармандчилик маркази, ресторан, меҳмонхона, кинозал ҳамда фотогалерея ташкил этилди. Махсус отхона қурилиб, сайёҳлар томоша қилиши учун машҳур ахалтака зотли отлар келтирилди.

— Бутун умрим далада, деҳқончилик билан ўтди, — дейди Давлатназар оға. — Гапнинг очиғи, қишлоқда даромад ердан чиқади деб ўйлаб, фақат деҳқончилик билан шуғулланиб юраверибмиз. Аслида, ҳудудимизда ундан ўн ҳисса сердаромад соҳаларни ривожлантириш имкони бор экан-у, оёғимиз остидаги хазинани англамабмиз. Иқтисодиётни жадал ривожлантиришда туризм қанчалик муҳим аҳамият касб этишини бугун фаолиятимиз мисолида яққол кўриб турибмиз.

“Минг бор эшитгандан кўра...”

Наврўз байрами арафасида маҳалламиз оқсоқоли қўнғироқ қилиб маҳалладошлар билан юртимизнинг қадимий шаҳарлари бўйлаб саёҳатга боришни таклиф қилди. Байрам муносабати билан қўшимча таътил кунлари берилгани боис таклифга бажонидил рози бўлдик. Қирқ нафар сайёҳ замонавий автобусда йўлга чиқдик.

— Бундан ярим аср муқаддам институтда ўқиб юрган давримизда курсдошлар билан Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига қилган саёҳатимиздан эсдалик бўлган фотоальбомни варақлаб, сафар таассуротларини ажиб бир завқ ва соғинч билан эслайман, — дейди ҳамроҳим Баҳодир Нуруллаев. — Шундан кейин иш, рўзғор ташвишлари билан бўлиб бирон марта саёҳатга чиқмабман. Бугун мана шундай хайрли ишларга бош бўлаётганларга раҳмат! Кексайган чоғимизда юртимизнинг гўзал масканларида бўлиб, табаррук қадамжоларни зиёрат қилиб, руҳиятимиз тетиклашяпти, дунёқарашимиз ўзгармоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Дарҳақиқат, инсон ҳаётида саёҳат қилиш алоҳида ўринга эга. Негаки, саёҳатда, биринчи навбатда, сиз учун янгилик бўлган ўзгача муҳитни, табиат мўъжизалари, инсон ақлу заковати билан бунёд этилган қадимий ҳамда замонавий иншоотларни кўрасиз. Хорижликлар меҳнат таътилига чиққач, албатта, бирор манзилга саёҳатга отланади. Биз эса бунга кўп ҳам ҳафсала қилавермаймиз. Хорижий давлатларга боришни қўя туринг, Хоразмда яшаб, ҳатто, умрида бир бор Хивани бориб кўрмаган юртдошларимиз бор.

Шу маънода, Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз маданий ҳаётида янги саҳифа очди. Мазкур ҳужжатда касаба уюшмалари зиммасига ҳам талай вазифалар юклатилган.

Буюк Британиянинг етакчи нашрларидан бири “The Telegraph” ўзининг сайтида чоп этган “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида кўриши керак бўлган 35 шаҳар” номли мақолада Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган жаҳоннинг қадимий ва энг гўзал шаҳарлари саралаб олинган. Ушбу рўйхатдан Париж, Санкт-Петербург, Рио де-Жанейро каби шаҳарлар қаторидан Шарқ гавҳари — Хива ҳам ўрин олган. Жаҳон талпинаётган бу қадим кентни Ўзбекистонда яшаб туриб ақалли бир бор бориб кўрмаслик мумкинми?

Соҳа истиқболи — депутатлар нигоҳида

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 16 августда қабул қилинган “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлди. Яқинда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси навбатдаги йиғилишида мазкур қарорнинг вилоятдаги ижроси кенг муҳокама этилди. Унда вилоят сайёҳлик салоҳиятини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари тингланди.

— Вилоятимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмади, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси, вилоят Кенгаши депутати Раҳимберган Собуров. — Айни кунда вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида жадал юмушлар олиб борилмоқда. Аммо ютуқлар билан бир қаторда, камчиликлар, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Хусусан, Хоразмнинг Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Тўмарис каби тарихий қаҳрамонлари ҳақида, қадимий воҳа маданияти ва маҳаллий аҳоли урф-одатлари хусусида бадиий, ҳужжатли фильмлар, мусиқий клиплар яратиш ва дунё бўйлаб тарғиботини йўлга қўйиш ҳам сайёҳларнинг бу мафтункор ўлкага қизиқишини оширади. Ёки интернет тезлигининг пастлиги хусусида кўплаб эътирозлар билдирилади.

Ҳудуднинг туризм салоҳиятини, тарихий-маданий хусусиятлари ва табиий-иқлим шароитларини тарғиб қилишда турли халқаро кўргазма ҳамда ярмаркаларда иштирок этиш, хорижий давлатлар вакилларини таклиф қилган ҳолда, фестиваллар, спорт мусобақалари уюштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Қовун сайли”, “Рақс сеҳри”, “Хоразм маданияти кунлари” каби фестивалларга хорижий мамлакатлардан ташриф буюраётган қатнашчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани қувонарлидир.

Бундан ташқари, вилоятда туризмнинг тарихий-меъморий йўналиши билан чегараланиб қолмасдан, “Қизилқум” давлат қўриқхонаси зонасида, Амударё соҳилларида, Fовуккўл ва Эшонравот кўлларида экотуризмни, Боғот, Хонқа, Ҳазорасп, Урганч туманларида шифобахш ер ости сувлари билан боғлиқ ҳолда, тиббий туризмни ривожлантириш имкониятларидан самарали фойдаланиш даркор.

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда Хоразм вилоятига дунёнинг 78 та мамлакатидан 60,6 минг хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Вилоят иқтисодиётида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўртача 0,85 фоизи, экспортнинг 1,3 фоизи туризм ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 9 фоизи, хизматлар экспортининг 30 фоизи айнан шу соҳада яратилаётганини ҳисобга олсак, вилоятда сайёҳлик индустриясини ривожлантиришда фойдаланилмаётган имкониятлар жуда кўплиги аён бўлади. Шу боис туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш, бу борада мутасадди ташкилотлар масъулиятини ошириш давр талабидир.

Жаҳон туризми экспертлари Ўзбекистонни яқин келажакда сайёҳлар оқими янада ортиши кутилаётган беш давлат қаторига қўшиб, мамлакатимизда кейинги 10 йил ичида туризм йилига 7 фоиздан ўсиб боришини башорат қилишмоқда. Бу ҳам янги иш ўринлари очиш, экспорт ва ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш имконини яратади.

Хоразмнинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бир қисмига тўхталдик, холос. Бу йўналишдаги янгиликлар, бунёдкорликлар кўлами эса ниҳоятда кенг. Аслида, “Минг бор эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал”, дейди доно халқимиз. Бу ўзгаришлар билан яқиндан танишиш учун Хоразмга бир келинг! Сизни қадим ва навқирон Хивада кутамиз!
Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан Пайдоев олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар