Ҳарбийларнинг фарзандларига ўқишга киришда қандай имтиёзлар берилмоқда?

10:50 21 Май 2018 Сиёсат
967 0

Ҳарбийларнинг фарзандларига ўқишга киришда имтиёз берилиши ҳақидаги Президент қарори катта шов-шувга сабаб бўлди. Шу сабабдан «Инсон ва Қонун» газетасида Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Шаҳноза Тўрахўжаеванинг қарор бўйича тушунчалари ифода этилган мақола чоп этилди. Қуйида ушбу мақолани тўлиқ кўринишида эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қарорни ўқимаганлар ёки ўқиб тушунмаганларга ўша имтиёзлар нималардан иборат экани ва унинг оддий фуқароларга фойда ва зарари ҳақида содда, халқчил тилда тушунтириш керак экан (менимча, ҳамма қонун ҳужжатларининг шундай “халқона” матни бўлиши лозим).

Аввало, нега яна ўқишга киришда имтиёз ва нега яна ҳарбийларга?

Тўғри, ҳозир олий ўқув юртларига киришда имтиёзли категориялар кўпайиб кетди: олимпиадачилар, зулфиячилар, Ёшлар иттифоқи... Уларнинг ҳар бирини ўз ўрнида предметли таҳлил қилиш керак ва бу мақола доирасига кирмайди. “Ҳарбийларнинг фарзандларига имтиёз” деган жумла шу фонда бошқача, нотўғри ассоциациялар келтириб чиқаряпти. Лекин айни Қарорда вазият тамомила бошқача.

Қарордан иқтибос:

“Ҳарбий хизматчиларнинг янги хизматни ўташ жойларига, шу жумладан, иқлим шароитлари оғир бўлган узоқ гарнизонларга кўчиб ўтиши натижасида, уларнинг фарзандлари таълим муассасаларини доимий равишда ўзгартириб туришади, мазкур ҳолат эса улар томонидан олинаётган билимлар сифатига таъсир кўрсатмоқда”.

Изоҳ ортиқча. Сабаб тушунарли бўлди, назаримда.

Энди бевосита имтиёзларга ўтсак.

1. Ҳарбийларнинг фарзандлари белгиланган давлат грантларига эмас, улардан ТАШҚАРИ ажратилган ўринларга киради. Масалан, бир йўналиш бўйича бакалавриатга 100 та ўрин ажратилган (бюджет, контракт аралаш), шунда шу юзтанинг устига яна 5 та ҳарбийларнинг фарзандлари учун грант ўрни ажратилади, яъни 105 та талаба қабул қилинади. Фақат ўша қўшимча 5 та грант асосида ўқийди, яъни текинга.

2. Тўғридан тўғри кириб кетавермайди. Қарорда ТАНЛОВ АСОСИДА қабул қилинади деб ёзилган. Яъни эл қатори тест топширади. Олайлик, биз юқорида айтган 5 та ўринган 10 та, 20 та, ҳатто 50 та ариза топширилиши мумкин. Албатта, танлов бўлади-да. Лекин бу танлов тенг имтиёзли ва тенг шароитлилар ўртасида, яъни ҳарбийларнинг фарзандлари ўртасида бўлади. Ўша 5 талаба тўплаган баллари асосида рейтинг тизими бўйича қабул қилинади. Фақат ҳарбийларнинг фарзандлари рейтинги алоҳида бўлади.

3. ТАВСИЯНОМА ЗАРУР. Яъни ҳар қандай ҳарбийнинг фарзанди бу имтиёзларга даъво қила олмайди, албатта, ўзи тегишли бўлган вазирликнинг тавсияси зарур. Вазирликларга эса ўзига хос меъёрлар берилган, жойлар фоиз ҳисобида тақсимлаб чиқилган, демак, истаганча тавсия бера олмайди. У ерда ҳам ўзига яраша рақобат ва танлов бўлади. Тавсия бир умрлик эмас, муддати чекланган. Бир тавсиянома билан уч йилгина ўқишга киришга уриниш мумкин.

4. ИККИ КАРРА ИМТИЁЗ МУМКИН ЭМАС. Масалан, ҳарбий ота ўғлини имтиёзли ўқишга киритиш учун тавсиянома олди, бу ёқда ўғли ҳам ҳарбий хизматни ўтаб, кириш баллари учун имтиёз олади. Шунда нима бўлади? У йигит иккидан бирини танлаши керак. Иккала тавсияномани топширса, автоматик равишда ўша алоҳида 5 фоиз учун курашадиганлар сафига ўтади. Ўтган йилгидек, умумий жангга кириб, имтиёзсизларнинг нонига шерик бўла омайди. Отасининг тавсияномасидан воз кечиб, ўзининг имтиёзидан фойдаланмоқчи бўлса, умумий танловда иштирок этади, лекин шартнома асосида ўқиш эҳтимоли борлигини ҳам билади. Хуллас, ҳам хўрдани, ҳам бурдани ейиш имкони йўқ.

5. ТАНЛОВСИЗ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИГАН ТОИФА ҲАМ БОР. Булар ҳарбий бурчини ўтаётганда ҳалок бўлган, яраланган, контузия ва бошқа шикастлар олганларнинг фарзандлари. Яъни жангда жонини тикканларнинг болалари. Улар танловсиз қабул қилинади.

6. Қарорда 2018/2019 ўқув йилларидан олдин ўқишга кирган ва шартнома асосида ўқиётган ҳарбийларнинг фарзандларига вазирликлар ва идоралар шартнома пулларини тўлаб беришига рухсат этилган. Аммо бу пуллар БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ МАБЛАҒЛАР ҳисобидан тўланади, сизу бизнинг солиққа тўлаган пулларимиздан эмас.
7. ИМТИЁЗЛАР истеъфодаги, пенсионер ҳарбийларнинг фарзандларига ҚЎЛЛАНМАЙДИ, фақат хизмат қилиб турганларга нисбатан жорий этилади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар