Ҳарбийлар Урганчда карантин ҳудудидан қочмоқчи бўлган шахсни тўхтатишди

17:32 20 Май 2020 Жамият
190 0

Бутун дунё мамлакатларини қаттиқ хавотирга солиб, қисқа вақт ичида минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган COVID-19 пандемияси билан курашишда энг самарали ва синовдан ўтган усул – мамлакатда карантин тартибини жорий этиш бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда ҳам коронавирус аниқланганданоқ тезда карантин тартиби жорий этилиши пандемиянинг юртимиз бўйлаб тарқалишининг олдини олмоқда.

Хорижий мамлакатлардан чартер рейслар билан олиб келинаётган ватандошларимизни ва мамлакат аҳолисини ўта хавфли касалликдан ҳимоялаш ҳамда саломатлигини назорат қилиш мақсадида эҳтиёт чораси сифатида уларнинг алоҳида ёпиқ карантин ҳудудларига маълум муддатга жойлаштирилаётгани ҳам касаллик тарқалмаслигининг самарали усули эканлиги исботланди. Таъкидлаш жоизки, ёпиқ карантин ҳудудларида кириб-чиқиш назоратини амалга ошириш ва ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш учун Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари билан бирга куч тузилмалари вакилларидан иборат қоровуллик хизматлари жорий этилган.

Афсуски, мамлакатимиз бўйлаб “кўринмас душман”га қарши олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, ватандошларимизнинг соғлиғини сақлашга қаратилган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим ҳолатларда юртдошларимизнинг бепарволиги сабаб карантин қоидаларини бузишга бўлган уринишлар учраб турибди.

Жумладан, шу йилнинг 18 май куни соат 13.30 лар атрофида Урганч шаҳрида жойлашган Хоразм вилояти ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида эҳтиёт чораси сифатида ташкил этилган ёпиқ карантин ҳудудида сақланаётган, 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро И.Р. марказ ташқари қисмига ўралган темир панжара олдига яқинлашишга уринган. Ушбу ҳолатни пайқаган Урганч гарнизонидан тайинланган сергак соқчи кичик сержант Л.А. фуқаро И.Р.ни оғзаки огоҳлантириб, ундан орқага қайтишни сўрайди ва ҳолат бўйича гуруҳ каттасига маълумот беради. Ўз навбатида гуруҳ каттаси шу заҳоти содир бўлган воқеа бўйича карантин штабига маълумотни етказади. Аммо шу куннинг ўзида, соат 14.10 лар атрофида белгиланган тартиб-қоидаларга ҳамда тушунтириш ишларига амал қилмасдан фуқаро И.Р. ёпиқ карантин ҳудудидан чиқиб кетиш режасини иккинчи марта амалга оширишга уринади. Ушбу ҳолатни яна ўша соқчи – кичик сержант Л.А. сезиб қолади. У фуқаро И.Р.нинг қочишга уринаётганини пайқаб, уни оғзаки огоҳлантиришга уриниб кўради. Соқчининг огоҳлантиришига қарамай, фуқаро И.Р. темир панжарадан ошиб ўтишга уринади. Натижада соқчи, махсус йўриқномага асосан шахсий қуролидан осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ отишга мажбур бўлади. Шошиб қолган фуқаро И.Р. қоровул шахсий таркиби томонидан тезда қўлга олинди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати​ хабар берди.

Карантин қоидаларини бузганлик ҳолати бўйича фуқаро И.Р. карантин штабига топширилиб, унга нисбатан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома тузилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?