Ҳарбийлар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” танловининг Тошкент вилояти финал босқичи ўтказилди

10:20 20 Февраль 2020 Маданият
289 0

“Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси”нинг ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан илк маротаба “Иттифоқ кўчма кубоги” ташкил этилиб, Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ёш ҳарбий хизматчилари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг Тошкент вилояти финали бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ​хабар берди.

– Ёшларни Ватанимиз миллий қадриятлари, тарихий-маънавий меросимизга садоқатли қилиб тарбиялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бўш вақтларини унумли ва сермазмун ўтказиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, маҳоратини ошириш ҳамда уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишига кўмаклашиш каби мақсадларни ўзида мужассам этган кўрик-танлов юқори савияда ташкиллаштирилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи майор Акобир Нуриллаев.

Танловда Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларининг “Қувноқ алоқачилар”, “Бригада қироллари”, “Артиллерия” жамоалари ҳамда Миллий гвардия ҳарбий қисмининг “Gvardiya Lions”, Миллий гвардия ҳарбий-техник институтининг “Ёш гвардиячилар” жамоалари ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг “Қувноқ танкчилар” жамоалари иштирок этди.

Танлов иштирокчилари учта шарт бўйича беллашиб, саҳнада ўз маҳоратлари ва иқтидорларини намойиш қилишди.

Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, 1-ўринга Миллий гвардия ҳарбий-техник институтининг “Ёш гвардиячилар” жамоаси сазовор бўлди.

2-ўринни Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг “Қувноқ танкчилар” ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмининг “Қувноқ алоқачилари” жамоалари эгаллашди.

3-ўринга Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмининг “Артиллерия” жамоаси лойиқ топилди. Танловда қатор номинациялар бўйича ҳам энг фаол иштирокчилар аниқланди.

Ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгашининг кўчма кубоги, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?