Ҳарбий хизматчиларга янги уйлар калити топширилди 

17:32 06 Май 2019 Жамият
399 0

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида истиқомат қилувчи 92 ёшли Кўчкин ЧориевБухорода хизмат бурчини ўтаётган невараси Хуршиджонга янги уй берилаётганини эшитиб қадимий ва навқирон шаҳар сари йўл олди.

- Етмиш нафар неварам бор,-- дейди отахон. — Фарзандларимнинг барчаси ўқимишли. Неварамга ҳукуматимиз томонидан уй берилаётганини эшитиб, уйдагиларнинг ҳоли – жонига қўймадим. Йўл олис бўлса ҳам кўнгил яқин. Мен ҳам бораман, дедим. Хуршиджонни табриклагани келдим. Шу баҳонада Бухоронинг табаррук қадамжоларини ҳам зиёрат қиламан.

- Бугун биз учун унутилмас кун,- дейди яна бир суҳбатдошимиз, Бухоро шаҳридаги 41 – умумтаълим мактаби ўқитувчиси Манзура Тўхтаева. — Турмуш ўртоғим, давлат хавфсизлик хизмати ходими Руфат Нарзуллаев билан ижарада яшаб келаётгандик. Икки фарзандимиз бор. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида бизга уч хонали шинам уй ажратилди. Бундан бениҳоя хурсандмиз.

Шаҳарнинг “Истиқлол” маҳалласи ҳудудида 90 хонадонга мўлжаллаб қурилган беш қаватли учта уй чиндан ҳам шинам, яшаш учун қулай. 12 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига барпо этилган бу уйлар бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан тўлаб берилди.

— Президентимиз ўз чиқишларининг бирида “Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора – тадбирлар самарадорлигини ошириш диққатимиз марказида бўлиши даркор”, деганди, -дейди ҳарбий хизматчи Дилноз Жўраева. —Давлат дастури асосида барпо этилган замонавий уйларнинг бизга ажратилиши зиммамиздаги масъулиятни янада оширади.

Суҳбатимиз поёнига етмай туриб, янги уйлар калитини тантанали тарзда топширишга бағишланган маросим бошланди. Унда сўз олганлар давлат хавфсизлик хизмати ходимлари доимий эътибор ва ғамхўрлик остида эканликларини таъкидладилар. Юртимиз сарҳадларини, тинчлигимизни қўриқлашдек масъулиятли ишда уларга омад, куч - қувват тилашди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ў. Барноев иштирок этди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019