Ҳар оилада дўмбира бўлса... 

16:40 26 Июнь 2019 Жамият
264 0

Авваллари деярли ҳар ўзбек хонадонида, албатта, дутор, дўмбира, доира каби чолғу асбобларининг бирортаси бўларди. Уйга меҳмон келса ёки қайсидир қувончли кун муносабати билан дўст-у оғайнилар бир даврага йиғилиб қолса, тановулдан сўнг жонли ижрода қўшиқ, мусиқа янграрди. Айниқса, қиш кечалари жўшиб куйланган достон-у термаларни айтмайсизми?! Одамлар уларни сел бўлиб тинглаган, ҳатто тонггача ухламасдан дўмбира садосига, бахшининг хонишига маҳлиё бўлиб ўтирган...

Афсуски, глобаллашув жараёнлари, “оммавий маданият”­ халқларнинг неча минг йиллик миллий анъана ва қадриятларига, ёшлар тарбиясига жиддий таъсир ўтказмоқда. Халқнинг асрий орзу-армонларини, эзгу ният-истакларини ўзида мужассам этган маънавий дурдоналар йўқолиб кетяпти.

Президентимиз ташаббуси асосида мамлакатимизда инсонларнинг маданий савиясини ошириш, айниқса, ёшларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, умуман, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг самарали йўли сифатида халқимизнинг бебаҳо санъати — мақом ва бахшичиликни қайта тиклаш, уларни янада оммалаштириш, илмий жиҳатдан тадқиқ ва тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борил­моқда. Жумладан, ­давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиши йўлга қўйилгани нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон аҳлини ушбу санъатнинг ноёб намуналаридан баҳраманд қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Юртбошимизнинг жорий йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ҳам халқимиз катта мамнунлик билан кутиб олгани бежиз эмас. Зеро, бахшилар аждодларимиз қаҳрамонликлари, эзгу тутумлари, фазилатларини куйларкан, қалбимизда ғурур-ифтихор жўшади. Қадриятлар жонланади, қаҳрамонликлар уйғонади. Халқ достонлари ўзлигимиздан бегоналашишдан, тарихимизни унутишдан сақлайди.

Мазкур қарор халқимиз маданиятининг ҳаётбахш сарчашмаси бўлган бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ҳамда аҳамиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий ўзликни англаш, ­Ватанга садоқат, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбия­лаш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.

Қарорга мувофиқ, Термиз шаҳрида Республика Бахшичилик санъати маркази, унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши ҳам барчамизни беҳад қувонтирди. Марказ фаолияти кенг қамровли экани диққатга сазовор. Хусусан, бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва мустаҳкамлаш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “Устоз — шогирд” анъаналарини қайта тиклаш, маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари қошида бахшичилик санъати тўгаракларини ташкил этиш, сара достонлар, термаларнинг намуналарини тўплаш ҳамда фондини яратиш, уларнинг аудио, видео вариантларини кўпайтириш, халқаро ҳамкорликни кучайтиришга доир вазифалар ушбу ноёб санъатни янада ривожлантиришга катта туртки беради. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, халқи­мизнинг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичиликни ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилишига пухта замин яратади.

Юртбошимиз баҳорда Сурхондарё вилоятига сафари чоғида ҳар бир оилада биттадан дўмбира, биттадан қорабайир от бўлиши керак, деган фикрни айтди. Бу гапнинг замирида ҳам жуда катта маъно бор. Дўмбира — санъат, яъники эзгуликка ошуфталик тимсоли. Қорабайир эса мардлик, ши­жоат ва барака рамзи. Қолаверса, бу икки восита мисолида минг йилликларга туташ азалий қадриятларимизни ­қадрлаб яшашга даъват бор. Зеро, эзгуликка ошуфта эл, ўзлигини унутмаган халқнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам, албатта, ёруғ бўлади.

Улжан ҚАРШИБАЕВА, Самарқанд тиббиёт институтининг Педагогика, психология, рус ва ўзбек тиллари кафедраси мудири, филология фанлари доктори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019