Ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида “Youth tour” мусобақаларини ўтказиш бўйича меморандум имзоланди

12:44 27 Август 2020 Сиёсат
278 0

Бугун, 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси ўртасида Меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси раиси Т.Нарбаева иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг бири ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Мазкур ташаббус ижросини амалда татбиқ этиш юзасидан Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, велосипед спорти тарихида илк маротаба Федерация томонидан 2019 йилда Осиё чемпионати ўтказилди. Қитъамизнинг 40 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирокида кечган баҳслар “Eurosport” телеканалида жонли эфирда намойиш этилди. Яна бир жиҳат, велосипед спорти миллий терма жамоаси сўнгги уч йил ичида 81 та медаль қўлга киритган, шундан 24 та олтин медалдир. Бунинг натижаси ўлароқ терма жамоа 2021 йил Токиодаги ёзги Олимпиядага иштирок этиш рухсатини берувчи иккита квота (лицензия)га эга бўлди.

Бундан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг «Ўзбекистон Республикасида яшил иқтисодиёт механизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш лойихаси» доирасида Федерация Россия, Дания, Германия давлатларида бўлиб, замонавий велосипед спорти инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича тажриба алмашишди. Шу билан бирга, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини кенгайтириш, вилоятларда велоспортни оммалаштириш мақсадида Республика бўйлаб веломарафонлар ўтқазилди.

Федерация ва ЕХҲТ билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламли ишларда, юртимизда махсус велойўлаклар ташкил этиш ҳам белгиланган бўлиб, мазкур велойўлакларни янги қурилаётган замонавий яшаш жойлари, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, спорт майдончаларида ташкил этилиши велосипед спорти билан шуғулланувчиларга қулай шарт-шароит яратилишига эришилади.

Велосипед спорт турини ривожлантириш аҳоли ўртасида қандли диабет, юрак қон-томир, инфаркт, инсульт каби касалликларнинг олдини олишда самарали ҳисобланади.

Шу муносабат билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти Федерациялари ўртасида мамлакатимизда мазкур спортни янада оммалаштириш, ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида “Youth tour” мусобақаларини ўтказиш бўйича меморандум имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?