“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури: Андижонда чорва моллари учун кредит бериш нега тўхтатилди?

18:28 02 Август 2018 Жамият
1037 0
Иллюстратив фото

Президентимизнинг “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилганига ҳам бир муддат вақт ўтди.

Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига жалб қилинадиган хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилиши белгиланган эди. Ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланилмоқдами?

Умуман, бугунги кунда мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси-ю, аҳолига оилавий тадбиркорлик учун кредитлар ажратилишида шаффофлик таъминланяпти?

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида қатнашган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департамент директори Актам Сайфуллаев қуйидагича изоҳ берди:

“Бу борада Андижон вилоятида бир қатор ишлар ташкил этилди. Тан олиб айтиш керак, кредитлар аҳолига, жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача бўлган миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада 3 йилга берилиши белгиланган. Тадбиркорларга ҳам 1000 бараваргача бўлган миқдорида кредитлар берилиши кўзда тутилган.

Аввало, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шу жараёнда маълум бўлдики, аҳолининг тадбиркорликни фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиши катта, кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Шу борада шундай тенденциялар келиб чиқдики, аҳоли кўпроқ кредит пулига чорва боқиш истагини билдирмоқда. Банкка мурожаат қилдими, уларни қайтаришга ҳаққимиз йўқ, қайтарсак ҳам нотўғри бўлади. Лекин аҳоли талаби асосида маҳаллий шароитимизга мослашган наслли чорва молини ўзи етказиб берадиган катта-катта чорва фирмалари йўқлиги кўриниб қолди. Бор эди-ю, аммо 5-6 та, холос. Улардаги чорвалар олиб қўйилганидан сўнг, ўз-ўзидан бозор нархининг ошиб кетишига сабаб бўлди. Ваҳоланки, вилоят ишчи гуруҳи бор бу масалаларни мувофиқлаштирадиган. Гўшт нархини 24000-25000 қилиб белгилаб қўйилган ҳам эди.

Лекин, талаб ошгани учун унинг нархи ошиб кетишига олиб келган. Зудлик билан ишчи гуруҳ буни ўрганиб чиқди. Ҳозирги кунда чорва молларига кредитларни ажратиш вақтинча тўхтатилган Андижонда. Нега?

Сабаби олдин аҳолига етказиб берадиган даражадаги чорва молларини ташкил қилиб беришимиз керак, четдан наслли молларни олиб келиш бўйича иш олиб бориляпти. Халқ банки томонидан кредитлар ажратилган наслли молларни олиб келиш бўйича. Мана шу тизим тўлиқ ишга тушганидан сўнг, чорва молларига кредитлар ажратиш давом эттирилади.

Бошқа йўналишларга кредитлар берилмоқда, тўхтаб қолгани йўқ. Кредитни қайтариш шартмас, деган тушунчалар ҳам тарқалган эди. Бундай эмас, фақат кредитлар имтиёзли тарзда берилади. Бу бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда” — дейди у.

Шунингдек, анжуманда кейинги ҳафтадан барча вилоятда “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш бўйича кредит маблағлари ажратилиши бошланиши ҳақида маълум қилинди.

Маълумот ўрнида: айни пайтда 7200 дан зиёд аҳолига оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун турли йўналишларда 150 млрд.га яқин кредит ажратилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар