Ҳар бир ишда экология масаласи инобатга олиниши зарур

13:54 26 Май 2020 Сиёсат
430 0

Табиатни аслича, атроф-муҳитни мусаффо сақлаш бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Шу билан бирга, ушбу масалалар фақатгина бир ҳудуд ёки минтақага ҳам дахлдор эмас. Улар барчага тегишли. Бинобарин, табиатни қанчалик асраб-авайласак, келиб чиқиши мумкин бўлган экологик муаммоларнинг қанчалик вақтли олдини олсак, эртанги ҳаётимиз ҳам шунчалик яхши бўлади. Шу маънода, ҳозир юртимизда амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор. Зотан, қайд этганимиздек, бугунги саъй-ҳаракатлар келажак учун қўйилган муҳим қадамдир.

Яқинда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан сайловолди дастурида белгиланган бир қатор вазифаларнинг Навоий вилояти мисолида ўрганилиши ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир. Икки кунлик тадбирлар Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда бошқа ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросига бағишланди.

Уларда 2019 йилда Давлат бюджети доирасида марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ҳисобидан сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишнинг манзилли дастури асосида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Мулоқот ва муҳокамалар

Ўрганиш жараёни дастлабки кунданоқ учрашув ва муҳокамаларга бой бўлди.

Хусусан, 11 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Б. Алихонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилояти партия ташкилотида карантин шароитида ишни тўғри ташкил этиш, карантин талабларига риоя қилиш, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, депутатлик назорати институтидан фойдаланиш, маиший чиқиндилар полигонлари ва чиқиндиларни вақтинча йиғиш шохобчаларини доимий тарзда дезинфекция қилишни амалга ошириш ва уни назорат этиш ҳолати каби масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2017 йил 25 сентябрдаги «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижроси Навоий вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, вилоятда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, маиший чиқиндиларни бошқариш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, канализация тармоқлари ҳолати, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, саноат корхоналарининг салбий таъсирини камайтириш, санитария эпидемиологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли соғлиғини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, вилоятдаги экологик ҳолатга салбий таъсир ўтказаётган омиллар хусусида партиянинг вилоят кенгаши аъзолари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан бевосита мулоқот ташкил этилди. Ушбу масалалар юзасидан мавжуд муаммоларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Эътиборсиз қолган ихтиролар

Тадбирлар асносида Экологик партия, унинг фракциясига ўз ишланмаларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган ёш ихтирочи билан учрашув ташкил этилди.

Бугунги экологик муаммолар глобаллашган бир пайтда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришнинг энг мақбул йўли барча соҳада, айниқса, саноат, қишлоқ хўжалигида экологик тоза, ресурстежамкор технологияларни қўллаш ҳисобланади. Навоий ҳар иккала соҳада ҳам республикамиздаги энг муҳим ҳудудлардан бири эканини инобатга олсак, вилоят учун бу жуда долзарбдир.

Эътиборлиси, ҳозирги кунда партияга бу борада ўзининг илғор ғоя ва таклифлари билан мурожаат қилаётган ташаббускор ёшлар талайгина. Навоий кончилик коллежининг 3-босқич ўқувчиси Достонбек Мухторов улардан бири. Учрашув чоғида ёш ихтирочи ўз ғояларини амалга оширишда ёрдам сўраб, қатор вазирлик ва идораларга, корхонаю, ташкилотларга мурожаат қилганини, аммо ҳозиргача ҳеч қандай натижа бўлмаётганлигини билдирди. Ваҳоланки, унинг таклифлари бири-биридан қизиқ. Шу боис унинг беморлар учун функционал кроватлар ишлаб чиқариш, стационар велотренажёрлар ўрнатиш орқали электр энергияси олиш ишланмаси, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда аҳолидан чиқиндиларни қабул қилиш ва қайта ишлашни ташкил этиш борасидаги таклифлари кенг муҳокама қилинди. Ёш истеъдод соҳибига ғоя ва таклифларини технологик такомиллаштириш, иқтисодий асослантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Асосийси, шу ернинг ўзида Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарлари билан боғланиб, ёш ихтирочининг ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан келишиб олинди. Шу билан бирга, ёш ихтирочининг Навоий вилояти партия ташкилоти қошида «Ёш эколог ихтирочилар» клубини ташкил этиш бўйича таклифи қўллаб-қувватланди.

Саноатимизнинг ноёб мажмуаси

Навоийда нафақат вилоят, балки республикамиз учун аҳамиятли бўлган йирик саноат корхоналари бир нечта. Улар орасида эса «Навоиязот» акциядорлик жамиятининг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда корхонада қарийб 9,5 минг нафар ишчи-муҳандислар меҳнат қилаётгани, улкан саноат мажмуасида 70 дан ортиқ ноёб маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани фикримиз тасдиғидир. Шунингдек, ҳозир уни модернизация қилиш, қувватларни янада кенгайтириш мақсадида қатор йирик инвестиция лойиҳалари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лекин шу ўринда бир савол юзага чиқади: корхона фаолияти табиатга зарар келтирмаяптими, саноат объектида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Корхонада бўлиб ўтган учрашувда айни шу саволлар атрофида фикр алмашилди. Мулоқотлар давомида маҳаллийлаштириш, модернизация қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигига қаратилган қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, «Навоиязот» акциядорлик жамияти балансидаги Биоҳовузни реконструкция қилиш орқали Зарафшон дарёсига тўғридан-тўғри ташланадиган оқоваларни биологик тозалаш иншоотини тиклаш, азотли бирикма тайёрлашда ҳосил бўладиган ва атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи нитрозли газларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.

Таъминотдаги аҳвол ўрганилди

Ўрганишлар жараёнида вилоят аҳлини ичимлик суви ва саноат корхоналарини техник сув билан таъминловчи “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси фаолияти билан яқиндан танишилди.

“Иссиқлик манбаи” ДУК фойдаланувидаги сув, иссиқлик ва канализация тармоқлари қувурлари муддатини 100 фоиз ўтаб бўлган. Лекин у айни пайтда Навоий шаҳрига йилига ичимлик суви сифатида 25 млн. кубометр ҳамда техник сув сифатида 27 млн. кубометр сув етказиб бермоқда. Булар эътиборталаб масала.

Навоий вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, “Сувоқова” ташкилоти ва вилоят сув инспекцияси раҳбарияти билан учрашувда ушбу ҳамда пандемия шароитида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув тозалагич иншоотларини реконструкция қилиш, аҳолининг сув билан таъминланганлик даражасига эътибор қаратилди. Шу жумладан, Қизилтепа ва Кармана туманларидаги сув тозалаш иншоотлари, канализация тизимлари ҳолати, марказий сув таъминотидан олис ҳудудлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди. Зеро, инсон саломатлигини сақлашда сувнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, касалликларнинг 85 фоизи бевосита сув билан боғлиқ экан. Афсусланарлиси, ҳар йили 25 миллион киши айнан шундай хасталиклардан вафот этади. Демак, аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш жуда долзарб.

Ерга меҳр берган кам бўлмайди

Ишчи гуруҳнинг халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати А. Жалилов, халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгаши депутатлари З. Рашидова, Ғ. Сафаров, Б. Жумаев иштирокида Қизилтепа туманида бўлиб ўтган учрашувда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид барча ҳолатлар қаторида, карантин шароитида томорқалардан самарали фойдаланиш, кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам асосий мавзулардан бири бўлди. Муҳокамалар амалий ҳаракатга айланиб, «Ванғози» МФЙда икки нафар фарзандни ёлғиз тарбиялаётган Сайёра Полсаева ҳамда ногиронлиги бўлган фарзанди бор Мақсуда Норова ва Зиёдулла Ражабов хонадонига боришди.

Эътиборлиси, хонадонлар томорқалари тўкис. Экин-тикинларга меҳр билан ишлов берилган. Хусусан, Сайёра Полсаева ўзининг бир парча ерида полиз экинлари етиштираётган бўлса, Зиёдулла Ражабов оиласида ипак қуртини парвариш қилиш баробарида, томорқасидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Орамизда етарлича ер ва кучга эга бўла туриб, томорқага ёт назар билан қараётганлар ҳам учраб турган бир пайтда уларнинг бу ишлари таҳсинга лойиқ, албатта. Шундай экан, «қўли калта» бўлсада, қалби тоза, меҳнатсевар инсонлар ардоқланиши, рағбатлантирилиши лозим. Чунки улар бошқаларга ўрнак. Ва амалда шундай бўлди ҳам: туман ҳокими ўринбосари ва маҳалла раиси билан уларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишиб олинди.

Ўз навбатида, ишчи гуруҳи томорқасида ресурстежамкор технологиялардан фойдаланиб, ихчам иссиқхоналардан юқори даромад олаётган оилаларда ҳам бўлишиб, уларнинг ижобий ютуқларини кенг тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Тежамкорлик — давр талаби

Иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда томчилаб суғориш тизимини суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида самарали жорий қилишни таъминлаш, шунингдек, «Ақлли қишлоқ хўжалиги»ни кенгайтириш Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим вазифалардан саналади.

Шу боис партия фаоллари томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилаётган фермер хўжаликларида бўлиб, уларнинг ютуқларини ўрганиш ва ижобий тажрибаларини тарғиб қилиш баробарида, улар дуч келаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида жойларда ўрганиш ишларини изчил олиб бормоқда. Навоий вилоятидаги ўрганишлар жараёнида ҳам бунга амал қилинди. Яъни Қизилтепа туманида Эрон технологияси асосида 32 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўяётган «Ванғози баракали ҳосили» фермер хўжалиги фаолияти билан танишилди. Фермер хўжалигида ушбу тизим орқали сув сарфини 40 фоизгача қисқартириш, ҳосилдорликни эса 30 фоизга ошириш мўлжалланган. Қолаверса, бу билан ер эрозиясининг ҳам олди олинади. Бундан кўринадики, табиатга зиён камаяди, маҳсулот эса кўпаяди. Бундай тажрибаларни оммалаштириш кони фойдадир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?