Ҳар бир ҳудудда депутатлар таълим-тарбиянинг жонкуярига айланиши керак

11:55 12 Октябр 2020 Жамият
251 0

Президентимиз “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади”, деб алоҳида таъкидлади. Фикримча, бу сўзлар таълим-тарбия соҳасига юксак эътиборнинг битта гапдаги батафсил ифодасидир.

Ҳар қандай жамиятнинг пойдевори таълим-тарбия билан яратилади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини ўйлаб, ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш бугунги давр талаби. Ушбу қонунда ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши кераклиги назарда тутилди. Жумладан, мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми аниқ белгиланиши таклиф этилди.

Ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган ўқитувчининг жамиятдаги мавқеига ҳеч ким путур етказа олмайди. Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка олиб келиши қонун билан белгиланиши педагогларга ишонч беради.

Мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллаши бўйича билдирилаётган таклифлар мамлакатимиздаги шаффофлик, очиқликка асосланган тарихий жараён ўзининг янги поғонасига кўтарилаётганидан далолат беради.

Юртимиз ривожи йўлидаги тўсиқ ва муаммоларга муросасиз бўлишда халқ вакилларининг масъулияти ниҳоятда улкан. Энди мактаб директори йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий Кенгашда ҳисобот беради ва унинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо бериб борилади. Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий Кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Бу қоидалар баъзи бир мудраб юрган депутатлар, қолаверса, директорларни сергакликка чорлаши табиий.

Маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўз ҳудудидаги мактабга албатта оёғи етади. Ҳар куни ўқитувчини, ўқувчини, ота-онани, шу мактаб директорини кўради. Улар билан суҳбатлашиш, муаммоли ҳолатларни биргаликда ҳал этиш имкониятига эга.

Шундай муҳит шаклланиши керакки, ҳар бир ҳудудда депутатлар таълим-тарбиянинг ҳақиқий жонкуяридек кўзга ташланиши лозим. Мактабдаги ҳаёт, таълим-тарбия жараёни маҳаллий Кенгаш вакилларининг кўз ўнгида турсин. Ўз сайловчиларининг, ота-оналарнинг эътиборини ҳамиша таълим масаласига қаратиб туриш узлуксиз жараёнга айланиши зарур.

Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?