Обуна бўлинган нашрлар бошқа, олиб келинаётгани бошқа. Қамашилик ўқитувчилар бундан норози

16:48 15 Июль 2020 Жамият
405 0

Маҳаллий бюджет ҳисобидан «Маърифат», «Халқ сўзи», «Халқ таълими», «Халқ таълими ахборотномаси» нашрларига обуна қилингани айтилган мактабга умуман бошқа нашрлар етказилмоқда.

Таҳририятимизга обуна масаласида кўплаб мурожаатлар бўлади. Аксарияти­нинг мазмуни шундай: «Маърифат»га обуна бўлгандик, лекин газета келмаяпти”, «Биздан таълим нашрларига обуна учун пул йиғилганди, бироқ ҳеч қандай таълим нашри етказилмаяпти»... (Шу ўринда қайд этиш жоизки, Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 23 октябрда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ХТББ ва вилоятлар ХТБларига жўнатган хатида вазирлик муассислигидаги нашрларга ҳар бир таълим муассасасини Вазирлар Маҳкамаси­нинг 2002 йил 25 январдаги 33-қарори 5-банди асосида ҳамда бюджетдан ташқари топилган маблағ ҳисобидан камида 2 тадан йиллик обуна қилиш тавсия этилган). Газета-журналлар вақтида ёки умуман етказилмаётганида ҳатто таҳририятларни айбдор санаётганлар ҳам бор. Обуна маданияти — бошқа мавзу. Бироқ обуна бўлган нашрини ололмаётганларнинг хафсаласи пир бўлиб, ўша нашрга ишончи йўқолаётгани айни ҳақиқат. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан таълим нашрлари обунаси учун ажратилиши зарур бўлган маблағлар ҳам соҳа ходимларига умуман алоқаси бўлмаган бошқа нашрлар обунасига йўналтирилмоқда.

Шу ўринда устоз-мураббийларга икки оғиз сўз. Азиз муштарийлар! Ўз ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилинг. Таълим нашрига обуна бўлдингизми, ўша нашр­нинг мунтазам етказилишини сўранг, суриштиринг, талаб қилинг!

Қуйида маҳаллий бюджет ҳисобидан бир неча газета-журналларга обуна қилдирилгани айтилгану, аммо уларнинг ўрнига бошқа нашрларни олаётган мактабнинг жонкуяр ўқитувчиларидан бирининг мурожаати берилмоқда. Бу мурожаат шу соҳа, шу тизим мутасаддиларининг эътиборидан четда қолмайди деб ишонгимиз келади.

* * *

Аввало бундан олдин ушбу масалада бошқа идораларга қилган мурожаатларим амалий ҳал этилмаётганига эътиборингиз­ни қаратмоқчиман. Ушбу мурожаатим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-қарори 5-бандига асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан мен ишлаб келаётган 10-мактабнинг бир неча газета-журналларга обуна қилдирилгани, аммо ушбу газета, журналлар берилмай келаётгани ва бу ҳақда қилинган мурожаатларнинг натижасиз қолаётгани хусусидадир.

Бундан бир қанча вақт олдин юқори ташкилотларга Вазирлар Маҳкамаси қаро­рига асосан газета ва журналларга обуна қилдиришга ёрдам сўраб мурожаат этгандим. Шундан кейин Қамаши туман ҳокимлигидан ва Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасидан мактабимиз «Маърифат» газетаси, «Халқ таълими ахборотномаси», «Халқ таълими» ва «Халқ сўзи» нашрларига обуна қилдирилгани маълум этилди.

Орадан бир қанча муддат ўтгач, мактабимизга Қамаши туманлараро почта алоқа тармоғи томонидан «Янги Ўзбекистон», «Ишонч» газеталари берила бошланди. Аммо «Халқ сўзи», «Маърифат» газеталари ва бошқа таълим нашрлари берилмай келинди. («Халқ сўзи» газетаси ва «Халқ таълими» журнали туман ХТБ томонидан онда-сонда бериляпти). Бунинг сабабини билиш учун Қамаши туманлараро почта алоқа тармоғи бошлиғи Т.Давроновга қўнғироқ қилдим. Т.Давронов мактабимизга обуна қилдирилган нашрларни етказиб беришаётганини, аммо «Маърифат», «Халқ сўзи», «Халқ таълими», «Халқ таълими ахборотномаси» нашрлари почта етказиб бериши керак бўлган рўйхатда йўқлигини маълум қилди.

Мен мактабимизга обуна қилдирилган нашрлар берилмаётгани юзасидан юқори ташкилотларга мурожаатимни такрорладим. Мурожаатларим юзасидан нега мактабимиз обуна қилдирилгани кўрсатилган нашрлар берилмай келаётгани аниқланиб, масала ҳал қилинмай туриб, фақат қоғозбозлик билан бир хил жавоб бериб келиняпти. Шу ўринда ана шу жавоблардан бири бўлган Қамаши туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Ғафуров имзоси билан келган жавоб хати нусхасини илова қиляпман.

Кўриниб турибдики, юқори ташкилотларга қилинган мурожаатлардан кейин ҳам масала ижобий ҳал бўлмаяпти. Ҳозирга қадар юқорида номлари қайд этилган нашрлар берилмай келинмоқда. Қоғозда бошқа, амалда бошқа иш бўляпти. Бу ҳолат қачонгача давом этади? Нима учун мактабимиз обуна қилдирилгани кўрсатилган «Маърифат», «Халқ сўзи», «Халқ таълими», «Халқ таълими ахборотномаси», шунингдек, «Бошланғич таълим», «Тил ва адабиёт таълими» каби нашрлар мактабимизга келмаяпти? Мен ана шу саволларга аниқ-тиниқ жавоб топилиб, мактабимиз обуна қилдирилса-да, ҳанузга қадар берилмай келаётган юқорида номлари қайд этилган газета, журналларни топиб, мактабимизга етказиб берилишида амалий ёрдам сўрайман.

Раҳматилла МEНГИРОВ, 
Қамаши туманидаги 10-мактаб директорининг 
маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?