Ҳақиқат эгилади, букилади, бироқ синмайди

10:11 05 Ноябрь 2019 Сиёсат
375 0

Мустақиллик йилларида юзлаб қонунлар қабул қилинган бўлса-да, улардан бештасини, айниқса, алоҳида фахр билан тилга оламиз: Асосий Қонунимиз — Конституция, давлат мадҳияси, давлат байроғи, давлат герби ва давлат тили билан боғлиқ қонунлар. Хўш, нега шундай?

Конституция — ҳар қандай миллат ва давлат учун муқаддас. У миллатнинг ўз давлатчилиги мавжудлиги тасдиғидир. Эндиликда дунёда икки мингга яқин миллат ва элатлардан ўз давлатига эгалари сони икки юзга етмаслиги, ҳатто бир неча ўн миллионлик нуфуси бор айрим миллатларда ҳалигача бундай имкон йўқлиги кўзда тутилса, миллий давлатчиликнинг таъсис ҳужжати бўлмиш Конституция қиммати тенгсизлиги аёнлашади.

Мушоҳада

Давлати бор миллатнинг эса, табиийки, мадҳияси, байроғи, герби бўлади. Улар давлат ҳокимиятининг ҳам ички, ҳам ташқи ишларда мустақиллигини англатиб туради. БМТ биносининг пештоқида нечта байроқ ҳилпираб турган бўлса, бундан дунёда шунча давлат, аниқроғи, ўз давлатчилигига эга халқ, юрт бор, деган хулоса чиқади. Демак, ўзакда, давлат мадҳияси, байроғи ва герби бор миллат ҳеч кимга қарам эмас, эркиндир! Балки дунёнинг айрим ёки аксарият мамлакатларида бу каби рамзлар қабул қилингани билан боғлиқ саналар ҳар йили нишонланмас, лекин давлат мустақиллигини тиклаганига ўттиз йил тўлмаган биз, ўзбеклар учун бундай саналар ва байрамлар тансиқдир.

Давлати бор миллатнинг ўз давлат тили бўлиши табиий ва лозим. Шу билан бирга, барча юртларда ҳам давлат тили қонунчилиги ҳар йили нишонланмаса керак. Умуман, мавжуд икки юзга яқин давлатларнинг ҳар бирида “Давлат тили ҳақида” қонуни ёки шунга ўхшаш бирон ҳуқуқий ҳужжат бормикан?! Билишимизча, йўқ! Бу каби махсус тузук, одатда, ўзи ҳам, тили ҳам роса эзилиб-топталиб, сўнг сиёсий рўшноликка чиққан халқлар давлатчилигига тегишлидир. Бизнинг ҳолатда эса “Давлат тили ҳақида”ги Қонун давлат мустақиллиги учун миллий-озодлик курашининг белгиси сифатида қимматлидир, десак, тўғрироқ бўлади.

Деярли юз ўттиз йиллик мустамлакачилик муҳитида, тилимиздан бошқа миллий ўзлигимиз билан боғлиқ барча илдизимиз суғуриб ташланган шароитда одамларни қўзғаш, иззат-нафси, яъни кимлигини эсига солиш, ғафлатдан уйғотиш — улуғ мақсад йўлида бирлашиши, бирлаштириш учун бундан зўр ҳамда тенгсиз омил йўқ эди. Шунинг учун ҳам мустамлака замонида ўз фойдамизга қабул қилинган ва истиқлол йилларида бекор қилинмаган бирдан-бир ҳуқуқий ҳужжат мана шу бўлади. Айни сабабдан ҳам, ўттиз йилдирки, ҳар йили кузакнинг ўрталаридан бошлаб, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунимизни ҳаммамиз жўр бўлиб эсга оламиз, аниқроғи, олиб келаётган эдик.

Ўхшатиш ўринли бўлса, йил бўйи деворда осиқлик турган, қувурчаси обдан ёғланган, ўқининг дориси тўкиб ташланган милтиғимизни қўрқа-писа, ишқилиб биров эшитиб қолмасин-да, деган чўчиш билан истар-истамас секингина бир отиб қўяр эдик. Келаси йилгача эса худо пошшо...

Очиғини айтганда, миллат яшаши, ўзи учун курашиши, юксакликларга интилиши, давлати, жамияти, оиласи туриш-турмушини юритиши, икки оғиз сўз билан айтганда, борлиғи ва ривожи учун ўз тилидан ўзга тилда фикрлаши, қийналиши, қоқилиши, ўрганиши, билиши, яратиши, бошқариши мумкин ва зарурлигини бошданоқ миямизга сиғдиролмаганмиз. Бунинг учун уни мажбурлаш шартлигига ишонмаганмиз.

Миллийлигимиз билан боғлиқ барча омилларнинг энг жони қаттиғи эса тилимиз экан. Неча асрлар ва ҳатто кейинги ўттиз йилда, она тилимиз мисолида “ҳақиқат эгилади, букилади, бироқ синмайди” олтин қоидаси ўзини яна бир бор кўрсатди, кўрсатганда ҳам ошиғи билан кўрсатди...

“Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ўттиз йиллигига бағишланган бош тадбирни “Тошкент Сити”нинг Халқаро Конгресс марказида Президентнинг ўзлари ўтказар эканлар, деган хабарни эшитганимизда, кўнглимиз водийсида ажиб бир туйғу туғилди. Миллатимиз борлиғи ва тақдири билан боғлиқ бундай кучли туйғуни умримизда иккинчи марта ҳис қилишимиздир.

Илк бор 1991 йил августининг йигирма уч-йигирма тўртинчи саналарида, ўттиз биринчи август куни Олий Совет сессияси бўлишига оид ахборотни ўқиганимизда ҳам пайдо бўлганди бундай ҳис: демак, мустақиллигимиз эълон қилинади! Шундай бўлди ҳам. Орадан йигирма саккиз йил ўтди. Мазкур — бир йигит умрига тенг муддат ҳам тез ўтди, ҳам ўта мураккаб кечди. Кўнгил ва онг ушбу жараён сифатини ойдинлаштириб берувчи бир кўзгу истаса, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунимиз босиб ўтган йўл манзараларига боқиш лозим. Шу йўсинда, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий турмушимиз қандай кечганини билиб олиш мумкин...

Эндиги туйғунинг боиси не? Наҳотки “оддийгина” тил масаласи давлат мустақиллиги эълон қилинишидек тарихий воқеага тенглашолса?! Нима, биз тилимизни шунчалик йўқотиб қўйган эдикми?! Ҳатто мустақиллик йилларида ҳам у шунчалар топталдими?! У йўқ бўлиб кетиш даражасига тушиб қолганмиди?!

Нега тилга, биргина Қонунга бунча эътибор, шараф, умид ва ишонч? “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни қабул қилиш орқали Истиқлол сари илк ва дадил қадамни қўймаганмидик, мустақиллигимизни ҳам ўз тилимиз билан эълон қилмаганмидик, Конституция, мадҳия, байроқ, герб, ҳарбий қасамёд, миллий пулимиз... барча-барчасида миллат тилининг ҳиссаси йўқмиди?

Юқоридаги шахсий кечинмаларимиздан сезилганидек, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан боғлиқ ўттиз йиллик жараённинг бошидан сўнгигача гувоҳмиз... Президентимизнинг давлат тилига қайғуриш ишига шахсан бош-қош бўлгани, ўттиз йиллик эмас, тушунган ва билган киши учун неча минг йиллик ўта муҳим муаммони узил-кесил ечишга бел боғлаганини тасодиф эмас, деб биламиз. Буни 2018 йил бошида мамлакатимиз етакчисининг элчиларимиз билан учрашувда айтган қуйидаги сўзларидан ҳам англаш биз учун қийинчилик туғдирмаганди: “Ўзингиз айтинг, элчи деган одам ўзбек халқининг бой тарихини, маданиятини, миллий қадриятларини, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билмаса, уларни юрагидан ўтказмаса, қандай қилиб Ўзбекистонни дунёга танитиши мумкин? Дейлик, Алишер Навоийдан, Бобурдан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдан икки қатор шеър айта олмаса, энг ёмони, она тилимизни мукаммал билмаса, қандай қилиб ҳақиқий элчи бўлиши мумкин?”

Демак, Ўзбекистонни дунёга танитиш учун миллат, аввало, ўз тили, адабиёти, тарихи, маданияти, қадриятларини билиши керак! Яъни ўз тилини таниши зарур. Шундан кейингина уни бировлар тан олади.

Жорий йилнинг 23 августида бўлиб ўтган, халқ таълими тизимини ривожлантиришга бағишланган ва чиндан ҳам, тарихий йиғилиш замирида фақат таълим-тарбия масаласи бор, деган одам хато қилади. Бунинг учун эса давлатимиз раҳбари томонидан айтилган “Буюк аждодларимиз ўзларининг илмий ва ижодий кашфиётлари билан дунёга устозлик қилишган. Бошқаларга эргашмаган, балки бошқаларни ўз ортидан эргаштирган. Биз ҳам эргашувчи эмас, эргаштирувчи кучга эга халқ бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, тараққиёт йўлидан чеккага чиқиб, яна таназзул ботқоғига ботамиз. Ота-боболаримиз эришган марраларни осонгина бой бериб қўямиз. Бу аждодлар руҳига, келажак авлодларимизга хиёнат эмасми? Бу соҳада бугун шошилинч чоралар кўрмасак, эртага кеч бўлади” ҳикматини сезгирлик билан уқиш лозим.

Яъни илм-фан ва таълим-тарбия соҳаларидагина эмас, давлат ва жамият фаолияти билан боғлиқ барча жабҳада эргаштирувчи куч бўлишимиз даркор! Уч йил бурун бошланган янгиланишлар, сифат босқичи ўзгаришларидан асл муддао ҳам шу. Ва бу бизнинг қўлимиздан келади! Аммо олдинига тилимизни ўз уйимиз — оила, жамият, давлатимизда эргаштирувчи кучга айлантирмоғимиз лозим.

Ажиб туйғунинг яна бир жиҳати тадбирнинг айнан “Тошкент Сити”да ўтказилиши билан боғлиқ. Асосий мақсад жонажон Ватанимиз, биринчи навбатда, гўзал пойтахтимиз жозибадорлигини оширишдан иборат” бўлмиш ушбу замонавий, “ақлли шаҳар” бошиданоқ барчанинг ақлини шошириб қўйгани яхши маълум...

Юртимизнинг кўплаб кентларида бор “эски шаҳар”ларни тўкилиб қолганлик маъносидагина тушуниб келишимиз ҳам тилимизга эътиборсиз бўлиб келингани, ўтмишимизни билмаслигимиз оқибати, десак тўғри бўлади. Ҳолбуки, мазкур атама жуда узоқ замонлардан бери борлиқни ҳам англатади (биз ушбу тушунчани форсча “кўҳна”, арабча “қадим” сўзлари орқали ифодалашга ўрганганмиз). Шунинг учун ҳам ёши икки минг йилдан ўтиб, уч минг йил сари бораётган Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Қўқон, Марғилоннинг ҳар бирида “эски шаҳар” бор. Тўғрироғи, асил шаҳарлар! Мазкур шаҳарларнинг келиб чиқиш ва яралиш ери!

Тошкент ҳам шундай. Унинг Ўқчи маҳалласи ўтмиши ҳам жуда эскидир. Номидан ҳам кўриниб турганидек, бу ерда ўқ, яъни қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар яшаганлар. Демак, умуман, Туркистон, хусусан, Тошкентни минг йиллар ичра ёмон кўзлар, ёвуз кучлардан асрашда ўқчиликларнинг хизмати ва ҳиссаси бошқача бўлган. Бироқ, минг афсуски, мустамлака даври ва кейин ҳам эски шаҳримизнинг маҳаллалари тўкилиб қолди. Эскини ямагунча, эсинг кетади, деган мақол худди шу маҳаллаларга аталиб тўқилгандек...

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари... Онамизнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) ва Қўштут оралиғида ерлашган ота ҳовлиси билан боғлиқ воқеалар эсимизда қолган. Сомон сувоқнинг иси анқиб турадиган кўчалари тор, уйлари яшаш учун ўнғайсиз, ёзда ичимлик суви, қишда иситиш катта муаммо, ёғингарчилик кезлари ҳовлиларни сув босиши, чаён, ҳатто илон чиқиши оддийликка айланган. Эски шаҳарнинг барча маҳаллалари, жумладан, биз туғилиб-ўсган тарихий “Беш оғайни”га ҳам хос манзара ҳали ҳам кўз ўнгимизда.

Бувимизнинг “Дамкўм келиб, маҳалла бузилади, ҳеч кимни прапискага қўймаларинг, деб қўл қўйдириб кетди”, деганлари илк бор қулоғимизга чалингани ўша йиллар эди (кейинги йилларда ҳам бу гапни неча марта эшитганмиз). Шунга ҳам ярим аср бўлибди!

Истиқлол йилларида эски шаҳарларимизда меъморчилик-қурилиш йўналишида бирон арзигулик иш қилинмади, десак адолатдан бўлмайди. Бироқ бир жиҳат кўзга яққол ташланмай қолмайди. У ҳам бўлса, соҳанинг мустамлака давримизда туғилиб, илдиз отиб кетган дунёқарашидан воз кечолмадик. Шаҳарсозлигимиз катта эҳтиёж ҳамда қурилиш ҳар қандай миллий иқтисодиётни илдамлаштирувчи кучлигидан келиб чиқиб, олдиндан ўйланган яхлит, замонавий режа ва маҳорат негизида эмас, балки янги йўллар, кўприклар солиниши, турли тадбирларга атаб қуриладиган иморатлар учун ер майдонларини бўшатиш зарурати ўлароқ ривожланди (ўшанда ҳам йиллар оралатиб ва бюджетда маблағ топилганда). Узоққа бориб нима қиламиз, салкам ўттиз йил ичида мамлакат пойтахтининг меъморчилик-қурилиш ривожи бўйича бош режаси ишлаб чиқилмаганининг ўзи кўп нарсага ишора!

Шу маънода, кўпчилик “шаҳарсозлик санъатининг энг сўнгги ютуқларини, архитектура, муҳандислик ва дизайнерлик борасидаги ноёб ва улкан салоҳиятни яққол мужассам этган” “Тошкент Сити” ва умуман, юртимизнинг турли ҳудудларида қад ростлай бошлаган бошқа ситиларни кўрганда, “бизда ҳам шундай замонавий шаҳарчалар қурса бўларкан-ку, қойил-эй”, дея қувонгани, 2016 йил кузида бошланган ўзгаришлар сифат омили нима эканлигини ўз кўзи билан кўраётгани бор гап.

Қолаверса, бизга шундай қурилишлар керакми ўзи, бунинг ўрнига ундоқ қилиш керак эди, бундоқ қилиш керак эди, дея миллатнинг ҳар соҳадаги асрий ғафлат уйқусидан уйғониб кетишини истамаган “ақлли одамлар” камчилиги бўлганини бугун айтмасак, қачон айтамиз?! Қачонгача андишанинг оти қўрқоқ бўлади? Қачонгача бағрикенгликнинг оқибати миллий маҳдудлик, қолоқлик, жумладан, тилимизнинг мажақланиши бўлади?! (Баъзан ўйлаб қоламиз: тилимизнинг шу аҳволга тушишида ўша камчил “ақлли”ларнинг қўли йўқмикан?!)

Ўтган аср тўқсонинчи йиллари иккинчи ярмида Тошкент аҳли оғзида бўлган гап-сўзларни эслайлик: корейслар пул тикиб, Ўқчи маҳалласи ўрнида бир нималар қурар эканлар. Кейинчалик бу ишни четдан яна кимлардир қилиши бўйича миш-мишлар тарқалди. Шу йўсинда, йигирма йил ўтди, четдан келадиган бир тийин йўқ шароитда биров битта чўпни у ердан олиб бу ерга қўймади, гап гаплигича қолаверди. Ўқчи маҳалласи, худди “ўқлар ёмғири остида қолгандек”, “илма-тешик” бўлиб ётаверди...

“Ўзбекистонда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошланганидан, бу соҳада биз кўп нарсага қодир эканимизни кўрсатиб турган” “Тошкент Сити”ни эса ўзимизнинг Ҳаракатлар стратегиямиз, ўз миллий етакчимиз бошчилигида, қоракўзларимизнинг кучи ва пули билан қурдик. Лекин, энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг юракни қувонтириб, ақлни янада пешлайдиган қуйидаги сўзларида ўз ифодасини топди, деб ўйлаймиз: “Мамлакатимизда яратилаётган янги тарих, янги тараққиёт даврининг, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг амалий ифодаси бўлмиш мана шу бетакрор мажмуада биринчи бўлиб она тилимизга — давлат тилига бағишланган тантанали маросимни ўтказаётганимиз бежиз эмас”.

Бошқача айтганда, замон билан қадамма-қадам ривожланиб боришимиз шарт. Бироқ бу йўлдаги барча интилишлар, ўзгаришлар, янгиланишлар, марралар миллий рўшнолигимиз учундир. Унинг туғи эса ўзбек тилидир!

Ажиб туйғумиз бизни алдамади. Миллатимиз ҳамда тилимизнинг кўп минг йиллик оғир ва қийин йўли илк бор давлат раҳбари даражасида хулосаланиб берилди: “Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уриндилар. Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум. Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини — миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди”.

Бошқаларни билмадиг-у, шахсан биз учун тилнинг тегишли миллат ёзмиши билан узлуксиз боғлиқлигидан иборат ҳикмат юзага чиққанининг ўзи муҳим ва азиздир. Негаки, миллий етакчимизнинг мазкур сўзлари жаранглаганда, Томир хотун, Широқ, Спитамен, Қабач хотун, Хоразмий, Фарғоний, Бухорий, Термизий, Шоший, Ибн Сино, Беруний, Замахшарий, Марғиноний, Кубро, Жалолиддин, Темурбек, Шоҳрухбек, Улуғбек, Али Қушчи, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Авлоний, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Ҳабиб Абдулла, Иброҳим Мўмин, Эркин Воҳид, Абдулла Ориф сингари миллатимизнинг қанчадан-қанча улуғ вакиллари руҳлари шод бўлгани аниқ.

Куруш ва Дорийўш (Доро), Искандар ва араблар, Чингизхон ва сўнгги мустамлакачилар босқинларига қарши жон олиб, жон берган, қарамликнинг барча кўринишдаги азоб-уқубатларига чидаган миллионлаб аждодларимиз руҳлари поклангани, шубҳасиз.

Очиқ тан олайлик, яқин-яқингача ўтмишимизда миллатимиз бошига ёғдирилган фожиалар ҳақида расмий даражада рўй-рост айтиш у ёқда турсин, кундалик ахборот маконида ҳатто қистириб ўтишнинг иложи йўқолаёзганди. Бир пўписа билан тарих дарсликларимизни ўзгартириб юборган пайтларимиз бўлганини бугун ҳар ким ҳам эслай олмаса керак?! Биз яна кўча-кўйларимиздаги чет ёзувлардан “хафа” бўламиз. Ўтмишининг қора кунларини баралла айтишга юраги йўқ тил қандай қилиб қаддини тиклаши, руҳини кўрсатиши, чиройини очиши мумкин эди? “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганига бағишланган ҳар йилги ҳафталикларни хўжакўрсинга ўтказиб келганимиз-чи?

Шу маънода, давлат тилига бағишланган тадбирни давлат раҳбарининг шахсан ўзи ўтказгани, унда неча йиллар орзиқиб кутилган ҳақиқатларни баралла айтгани, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон қабул қилингани ушбу санани адолат, ҳақиқат, ақлирасолик ва ботирлик ғалаба қозонган кунга — миллий байрамга айлантириши табиийдир. Оддий, бироқ мантиқий савол: давлат тилининг биринчи ва доимий ҳимоячиси, аввало, шу давлатнинг раҳбари бўлиши лозим эмасмиди?! Худди шундай! Шундай бўлди ҳам. Энг асосий маррамиз ҳам аслида шу!

Ҳукумат таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил этиш, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш, Атамалар комиссиясини тузиш, эътибор беринг, 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳасини тайёрлаш топшириқлари-чи! Шуларнинг ўзиёқ одам юрагини зириллатиб юборди-ку!

Ажиб орзумиз ортиғи билан ушалди. Бошқаларни билмадик-ку, мана энди ростмана мустақил бўлдик, дегимиз келади. Ўз вақтида давлат тили учун кураш билан бошланган тарихий босқич ўттиз йил деганда ўз мантиқий якунига етди. Чунки “Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарурлиги... ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозимлиги” ҳақиқати яққол юзага чиқди. Ушбу шароитда эса, тилимизга бўлган севги ва садоқатимизни олдимизга қўйилган вазифаларни янгича дунёқараш, билим, меҳнат ва оқиллик билан бажариш орқали исботлашимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Миллий етакчимиз ўз тарихий нутқини “буёғи барчамиз ва ҳар биримизга боғлиқ”, дея бежиз якунламади. Дўппини ерга қўйиб, холис ўйлаб, тан берсак, ўзбек тили ростмана давлат тили бўлиши йўлидаги неча асрлик тўсиқлар қўпорилиб, тўғонлар бузиб ташланди. Энди баҳоналар ўтмайди. Буёғи, чиндан ҳам, ҳар биримизга боғлиқ!

Азамат ЗИЁ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

тарих фанлари доктори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019