Ҳамжиҳатлик ва бахт қўрғони мустаҳкам бўлсин

21:10 16 Май 2019 Жамият
81 0

Ҳамжиҳатлик ва бахт қўрғони мустаҳкам бўлсин

Оила масъулияти, унинг қадриятларига нисбатан ҳурмат билан қараш халқимизнинг эзгу фазилатларидан. Аммо, бугунги ахборотлашган жамият, чекланмаган миқдордаги маълумотлар, турфа қарашлар, тараққиёт шиддати асрлар давомида шаклланган анъаналарга ўзининг салбий таъсирини ҳам ўтказяпти. Айнан шу жараёнда оила, унинг шахс камолотидаги ўрни, қадриятларини, оиланинг мажбурияти ва масъулиятини янада кучайтириш жуда долзарб вазифага айланди.

Ўзбекистон — бахтли оилалар мамлакати. Шукрки, орамизда оиланинг асрий анъаналарини кўз қорачиғидек қадрлаб, эл-юрт корига ярайдиган фарзандларни тарбиялаётган ватандошларимиз жуда кўп. Давлатимиз раҳбари томонидан бу масалага жуда катта эътибор қаратиб келиняпти. Чунончи, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам бу борадаги ишларни яхлит тизимга солиш, натижадорликни ошириш йўлидаги амалий қадамдир.

Аввало, бунинг учун зарур бўладиган ҳуқуқий база мустаҳкамланди. Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ишимизнинг ўзига хос дастуриламалига айланди. Айни пайтда мазкур ҳужжатлар асосида оила қўрғонини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёшларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш юзасидан кўпгина ишлар йўлга қўйилди.

Марказимиз фаолиятини йўлга қўйганига ҳали кўп вақт бўлмади. Ўтган бир йилдан зиёдроқ муддат давомида мутахассисларимиз томонидан замонавий оилалар, улардаги ажримлар муаммоси, ёшларнинг оилага муносабати, масъулияти, оилавий инқирозларнинг сабабларини ўрганиш борасида тадқиқотлар олиб борилди. Ҳамкорликдаги лойиҳалар ишга солинмоқда.

Учинчи шахсларнинг аралашуви 25 фоиз ажралишларга сабаб бўлаётир

Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романида “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”, деган сўзлари ёдимга тушади. Бу бежизга эмас. Қўлимиздаги рақамлар, таҳлиллар, қаҳрамонларимизнинг кечинмаларига асосланган хулосалар булар. Афсуски, оиланинг айни пайтдаги энг катта муаммоси — ажралишлар бўлиб қолмоқда.

Мисол учун, тадқиқотчиларимиз томонидан оилавий ажралишларнинг асосий сабаблари ўрганилганда, маълум бўлишича, унинг 47 фоизи эр ва хотин ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик оқибатида юз берса, учинчи шахсларнинг аралашуви 25 фоиз ажралишларга сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, марказнинг барча ҳудудий бўлинмаларида нафақат эр ёки хотин билан, балки оиланинг бошқа аъзолари билан ҳам кенг тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилди.

Ўз-ўзидан савол туғилади? Аслида “Намунали оила” қандай бўлиши керак? Биз худди шу савол билан юртдошларимизга мурожаат қилдик. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида яшовчи 800 данортиқ оила аъзолари ўртасида сўровлар ўтказилди. Тадқиқот натижаларига кўра, намунавий оила тўлиқ оила (ота-она), рўйхатдан ўтган никоҳ, камида 3 нафар фарзанд, ота-оналар ва болаларнинг олий маълумоти, оила аъзоларининг иш билан бандлиги каби мезонларга асосланган.

Демак, бу нимага хизмат қилади? Аввало, намунали оила модели ажралишлар ва эрта никоҳларнинг олдини олишни мақсад қилади. Шу шиор остида республикамизнинг 2 миллионга яқин намунали оилаларнинг маълумотлар базасини яратиш бўйича ишлар белгиланди. “Ибратли оила” республика танлови ташкил этилди. Бундан ташқари, “Ўзбекистонда замонавий оила” номли тўплам нашр этилиб, 214 та ҳудудий бўлимларга етказилди. Шунингдек “Оила”энциклопедияси, “Келин-куёларга ён дафтарча” китоблари чоп этилди. Қизлар учун мобиль илова ишлаб чиқилди. Булар барчаси “Бўлғуси келин-куёвлар мактаби”да тренинглар ўтаётган жуфтликлар ва барча оилалар учун хизмат қилмоқда.

Тўғри, бу билан ажралишларнинг олди тўлақонли олиняпти, деб айта олмаймиз. Чунки барча вилоятларда ажралишлар камайган бўлсада, бу Бухоро вилояти 2019 йилнинг ўтган уч ойи давомида энг юқори кўрсаткични ташкил этди. Биринчи чоракда қайд этилган

ажралишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоиз ошди. Демак, олдимизда қиладиган ишларимиз талайгина.

Янгича ёндашув ва кутилган натижалар

Марказ ўзининг доимий ҳамкорлари Республика Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқи билан бирга “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаблари”ни ташкил этишни йўлга қўйди. Бунинг учун аввал халқаро тажриба атрофлича ўрганилди.

Мисол учун, Латвияда оилавий ҳаётнинг аҳамияти, оила бюджетини режалаштириш, болалар тарбияси каби масалаларга бағишланган 24 соатлик ўқув курслари ташкил этилган. Сингапурда эса ушбу хизмат бепул тақдим этилади ва унда исталган киши иштирок этиши мумкин.

Илғор хориж тажрибасининг муваффақиятларини ўзлаштирган ҳамда ўзимизнинг бой қадриятларимизни уйғунлаштирган ҳолда ўтган йилнинг август ойида Тошкент вилоятининг Паркент туманида дастлабки лойиҳа ишга туширилди.

Таъкидлаш жоиз, ҳудуд тасодифан танланмаган. Ўтган йилда Паркентда энг кўп ажралишлар сони қайд этилган. Фуқаролик далолатномаларини қайд этиш идорасига никоҳ қуриш масаласида мурожаат қилган ёшлар мутахассислар, иқтисодчилар, репродуктологлар, уролог ва гинекологлар, диний ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган ҳафталик машғулотларга таклиф қилинди. Натижалар бизни қувонтирди. Лойиҳада қатнашиш истагини билдирган ёшлар билан бирга, уларга чин кўнгилдан оилавий сабоқлар беришни истаган малакали маслаҳатчиларимиз ҳам кўпайди. Ўқувлар қатъий талаблар, зерикарли маърузалар шаклида эмас, балки жонли савол-жавоблар, айнан ёшларни қизиқтирган, ўз навбатида, қийнаётган муаммолар юзасидан ўтказилгани уларнинг амалий натижадорлигини оширди. Энг муҳими, ажралишлар сони камайди. Ҳозирги кунда “Бўлғуси келин-куёвлар мактаби”нинг фаолияти мамлакатнинг 59 та шаҳар ва туманида ўрнатилган, келгусида қамровни янада кенгайтириш устида иш олиб бориляпти. Ҳозирда республика бўйича 74 та “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” бўлиб, бугунги кунга қадар 5 минг 700 нафар келин-куёвлар, 2864 та оила остонасида турган жуфтликлар ушбу мактабда тренинглар ўташган.

Айтиш жоизки, илк бор “Оила” марказининг ва вилоят бошқармалари ҳузурида махсус ўқув курсларни ташкил этилди. Бу ўқув-курсларда 5 мингдан ортиқ мутахассислар малака оширди. Албатта,бу давомли жараён бўлиб, босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳозирда бир нечта босқичларда ўқув-курслари ўтган бўлса, кейинги босқичга оилавий психологларни қайта тайёрлаш дастури тайёрланаяпти. Бу ўқув-курслар жойлардаги оилалар билан ишлайдиган мутахассисларга илмий ишланмалар ёрдамида қай тарзда муаммоларнинг ечимини топишга ва уни бартараф этишда жуда катта кўмак беради.

Бизни нима ўйлантиради?

Албатта, ютуқлар ўзимизники. Аммо, ҳудудларда тўлақонли фаолият олиб бориш учун шароитларни ярата олмаётганимиз — бизни қийнаётган долзарб муаммолардан. Мамлакатимиздаги барча оилаларни контингент бўйича тўлиқ қамраб ололмаяпмиз.

Оилавий ҳаётга тайёргарлик бўйича махсус тренинглар ўтказишга мўлжалланган муқобил муассасалар бизга сув ва ҳаводек зарур. Тадқиқотлар, сўровлар бундай хизматларга талаб юқорилигини кўрсатди.

Биз ёрдамга тайёрмиз. Оилавий масалаларда беминнат ёрдам бера оладиган мутахассисларимизнинг базаси яратилган. Фақатгина ишни тўғри ташкил эта оладиган ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширадиган ташаббускор тадбиркорлар имконидан фойдалана олмаяпмиз.

Келгусидаги режаларимиз ҳам бевосита мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш, “ватан ичра ватан” дея ардоқланадиган оилани янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Бу йўлда нафақат марказ, юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг зиммасида алоҳида масъулият бор, назаримда. Чунки оиланинг тинчлиги, бахти, тўкислиги — мамлакат фаровонлиги, осойишталиги демакдир. Ҳамжиҳатлик ва бахт қўрғони мустаҳкам бўлсин!

Дилорам ТОШМУҲАМЕДОВА,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019