Булунғурда кекса эр-хотин 6 йилдан буён ҳаммомда яшаб келмоқда

10:43 24 Июль 2018 Жамият
685 1
Фото: «Зарафшон»

Булунғур тумани марказидаги Увайсий кўчаси 128-уйда истиқомат қилувчи 75 ёшли Йўлдош Норматов аёли билан мана олти йилдирки ҳаммомда яшаб келмоқда. Кун сайин соғлиғига путур етиб, тез-тез аёли билан шифохонада муолажа оляпти, деб ёзмоқда “Зарафшон” газетаси.

Бу эса бугун туманда ҳеч кимни ташвишлантирмаяпти. Аксинча, кексаларнинг шу кўйга тушишига олти йил олдин туман ҳокимлиги ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳам “ёрдамлашиб” юборган эди. Нуронийларнинг тақдири бир пул бўлса, баъзан суд қарори билан ҳам уларни шу аҳволга тушириш мумкин экан.

Ҳаммаси 2010 йилда бошланган. Аслида Йўлдош отанинг бинойидай ҳовлиси, яшаш учун яхшигина шароитга эга уйи ҳам бор эди. Ўша йили уларнинг 126-уйда яшовчи қўшниси Саидқул Жабборов 124-уйни ҳам сотиб олгач, ҳе йўқ, бе йўқ умумий кўча устини ёпиб, дарвоза қуриб олади. Йўлдош Норматов яшайдиган уйнинг деразаси ана шу кўчага қараган эди. Худди шу кўчадан отахоннинг уйига газ тармоғи ҳам ўтганди. Ҳаммаси мутлақо ўзбошимчалик билан қурилган дарвозахона ичида қолиб кетади. Қирқ йил темирйўлда машинист бўлиб ишлаб, нафақага чиққан Й.Норматовнинг деразаси тагида энди ҳар тунда қўшнига тегишли дарвоза ва гараж шовқини уйқу бермайди. Эр-хотиннинг шифохонага тушиб қолгани қўшнининг “тўпиғига ҳам келмади”.

Хуллас, Йўлдош ота мажбур бўлиб, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати ДУКга мурожаат этади. Шундан сўнг туман ҳокимлигига. Чунки қуёш тушмаётган хона нам тортиб, нураб, тўкила бошлади. Кўчани эгаллаб олган қўшни эса таъмирлашга ҳам қўймайди.

2010 йил 17 март куни кадастр хизмати ходимлари Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида вазиятни жойида ўрганиб, С.Жабборов томонидан тор кўча тармоғида қурилган дарвозахонани ноқонуний, деб топади. Уни бузиш тўғрисида огоҳлантирилади. Жабборов шунчаки бузишдан бош тортади. Камига ҳали туман ҳокимлиги, ҳали бошқа идоралардан мадад сўраб, турли эшикка бош суқаётган Йўлдош отага “Хоҳлаган жойингга бормайсанми?” дея устидан кулади.

Фото: «Зарафшон»

Кулганича бор экан, ҳокимликнинг кучи етмади ва 2011 йил 28 февралда Йўлдош Норматовга Булунғур тумани ҳокими қуйидаги мазмунда жавоб беради: “Сизнинг мурожаатингиз ҳокимлик мутахассислари ва туман кўчмас мулк давлат кадастри хизмати ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган ва улар томонидан қўшнингиз С.Жабборов ўзбошимчалик билан деразангиз олдидан дарвозахона қуриб олгани аниқланиб, унга ўз ихтиёри билан ноқонуний қурилишни бузиш тўғрисида бир неча марта огоҳлантириш берилган. Шунга қарамасдан, ҳозирги кунгача қўшнингиз ушбу дарвозахонани бузмасдан келган. Бундай ҳолатда унинг ўзбошимчалик билан қурган ноқонуний дарвозахонасини ўз ҳисобидан мажбурий равишда буздириш ва сизга етказилган зарарни ундан ундириш учун қонунда белгиланган тартибда даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига мурожаат қилишингиз лозим бўлади”.

Фуқаронинг дардини ҳис қилмаган ташкилот учун ундан қутулишнинг энг осон йўли “судга боринг” дейиш. Судда эса бундан баттар ўйинлар борлигини бечора фуқаро қаердан билсин. Хуллас, Йўлдош Норматов фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига даъво аризаси киритади. Дастлаб суд Й.Норматов фойдасига қарор чиқаради (судья Б.Хидиров имзоси билан). Туман кадастр хизмати ходимлари далолатномаси, Ер Кодексининг 91-моддаси, Фуқаролик Кодексининг 212-моддаси талабларига кўра, суд қонун асосида жавобгар томонидан унга ажратилмаган ер майдонида тегишли рухсатнома олмасдан архитектура ва қурилиш нормаларига зид равишда, ўзбошимчалик билан дарвозахона қуриб, эгаллаб олгани учун дарвозахонанинг жавобгар ҳисобидан буздирилиши тўғрисида қарор чиқаради. Муаммо шундаки, бу қарор қарорлигича қолиб кетаверади. Ҳатто ижро варақасининг Булунғурга етиб келиши учун ҳам салкам уч ой ўтиб кетади. Ижро барибир бажарилмайди. Бу ҳам етмагандек, 2012 йил 2 мартда ФИБ Жомбой туманлараро суди (яна Б.Хидиров имзоси билан) 2011 йил 7 октябрдаги ўз қарори ижроси ҳаракатларини тўхтатиб қўяди.

Яшаш керак, кексайган чоғида мажбур бўлиб Йўлдош бобо яна ФИБ Жомбой туманлараро судига мурожаат қилади. Суд ишни қайта кўриб, 2012 йил 11 апрелда даъвогарнинг талабини қондириш тўғрисида қарор чиқариб, суд ижрочиларига ижро варақаси юборади. Бироқ бу сафар жавобгар Жабборов турмуш ўртоғи ва ўзининг иккинчи гуруҳ ногирони экани сабабли очиқ ҳавода ўтириш, ҳовлига кириш-чиқишда қулайлик бўлиш учун боши берк кўчадан дарвозахона қуриб олганини пеш қилиб суд қарорига протест киритади.

Камига ноқонуний қурилмага нисбатан эгалик ҳуқуқи учун ҳам мурожаат қилади. Энг алам қиладигани шундаки, шунча вақт бу дарвозахонанинг ноқонуний эканини расман таъкидлаб келгани ҳолда судья Б.Хидиров бу ишни рад этмади. Яъни, 2012 йилнинг 8 майида кўрилган суд мажлисида Булунғур туман ҳокимлиги зиммасига 126-уйнинг кириш қисмидаги умумий фойдаланишдаги 8,0×3,5 квадрат метр боши берк кўчани аризачи Саидқул Жабборов номига эгалик ҳуқуқини ўрнатиш тўғрисида мажбурият юклаб, қарор чиқариб юборади. Суддан буни кутмаган Йўлдош бобо ва унинг аёли энди кимдан нажот кутишни ҳам билмай қолади.

Одамларнинг маслаҳати билан Й.Норматов ФИБ вилоят судига мурожаат қилади ва 2012 йил 12 июлда ўтказган суд мажлисида ФИБ Жомбой туманлараро судининг 2012 йил 11 апрелдаги (унда дарвозахонани буздириш тўғрисида хулосага келинган) қарорини ўзгаришсиз қолдиришни маъқул кўради. Масалага вилоят аралашгач, ФИБ Жомбой туманлараро суди раиси Б.Хидиров бир масала бўйича учинчи марта фикрини ўзгартиради ва навбатдаги суд мажлисида ҳал қилув қарори ижро ҳаракатларини тиклаб юборади. Ва ажримни ижро қилиш учун 16 июль куни Булунғур тумани суд ижрочилар бўлими катта ижрочисига хат жўнатади.

Афсуски, орага нимадир аралашса, суд учун қарорни ўзгартириш ҳеч нарса эмас экан. Ўша ниманингдир нима эканини Йўлдош ота тушунолмай ҳалак. Факт шуки, 3 август куни ФИБ вилоят суди суд ижрочилари Булунғур туман бўлимига қуйидагича нома юборади:

“Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 351-моддаси тартибида фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди томонидан 2012 йил 11 апрелда кўрилган даъвогар Й.Норматовнинг жавобгар С.Жабборовга нисбатан дарвозахонани буздириш ҳақидаги фуқаролик ишини зудлик билан вилоят судига юборишингизни сўрайман.

ФПКнинг 352-моддаси тартибида даъвогар Й.Норматовнинг жавобгар С.Жабборовга нисбатан дарвозахонани буздириш ҳақидаги фуқаролик иши юзасидан чиқарилган суд қарорлари ижросини вақтинча иш назорат тартибида кўрилгунга қадар ТЎХTATAMAН.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси в/б Т.Усманов”.

Содда қилиб айтганда, “шошмай туринглар-чи” қабилидаги гап.

Буям етмагандай, Булунғур туман ҳокими 2012 йил 24 августда юқоридаги низога сабаб бўлган кўчани “бор-э” деб С.Жабборов номига шахсий мулкчиликка ҳуқуқий тарзда тан олиш тўғрисида қарор чиқаради. Ҳолбуки, худди шу ҳокимлик бунинг ноқонуний эканини расман тан олиб, Йўлдош бобога хат йўллаган, судга боришни маслаҳат берган эди.

Хуллас, судбозликнинг ҳам, қоғозбозликнинг ҳам охири кўринмайди. Бутун бошли идоралар битта ноқонуний дарвозани олиб ташлай олмади, аниқроғи, хоҳламади. Камига бу жойни қонуний қилиб бериш тўғрисида қоидабузар фойдасига қарорлар чиқарди. Якуний қарорни ФИБ Жомбой туманлараро суди 2012 йил 14 ноябрь куни эълон қилади. Унда суд томонидан Булунғур туман ҳокимининг 2012 йил 24 август кунги қарорига кўра, эгалик ҳуқуқи ўрнатилгани сабабли даъвогар Й.Норматовнинг жавобгар С.Жабборовга нисбатан ноқонуний қурилган дарвозахонани бузиш тўғрисидаги даъво талаби рад этилади. (Раис яна Б.Хидиров). Йўлдош ота бутунлай карахт аҳволга тушиб қолади. Ахир, илк бор қатор кодексларга асосан Жабборовни ноҳақ деган ҳам шулар эди-да.

Ҳокимлик ва судьялардан бутунлай кўнгли қолиб кетган Йўлдош бобо тақдирга тан бериб, 6 йилдан бери ҳаммомда яшаб келмоқда. Бу орада қўшниси отахоннинг уйи томининг бир қисмини тўрт қатор бузиб, ёғочларини кесиб, бир йўла ўзининг биноси тарновини ҳам Йўлбош бобо уйига тўғрилаб қўяқолди. Ахир, унга кимнинг ҳам кучи етарди?!


Изоҳлар


Nodir Temirov

Kom Kom (mirkomil@inbox.ru):

Bunaqa noinsoflarga jazo tayinlash kerak. Jamoatchilik e'tiborini bu masala qaratilgani uchun muharriyatga rahmat

14:2425.07.2018

Кўп ўқилганлар