Ҳамкорлик учун қулай платформа

15:01 17 Январь 2019 Сиёсат
335 0

“Жўшқин Гужарат — 2019” IX халқаро саммитида Ўзбекистон катта делегация билан иштирок этяпти. Шунингдек, форумда Канада, Франция, Япония, Чехия, Корея Республикаси, Норвегия, БАА, Дания, Марокаш, Польша, ЖАР, Таиланд, Нидерландия каби мамлакатлар вакиллари ҳам қатнашади.

Ўтган 16 йил ичида саммит минтақавий инвестиция ярмаркасидан глобал ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари бўйича ижодий ғоялар излаш, билим алмашиш ва самарали шериклик муносабатларини йўлга қўйиш бўйича ноёб платформага айланди. Гужарат Ҳиндистондаги иқтисодий жиҳатдан илғор штатлардан биридир. У саноат ишлаб чиқариш бўйича энг юқори ўсиш суръатига эга. Бу кўрсаткич охирги беш йилда 10,4 фоизни ташкил этгани ҳам фикримизга бир мисолдир. Штатнинг Ҳиндистонда саноат маҳсулотлари ишлаб ­чиқаришдаги улуши 16 фоизга тенг. Бу Гужарат маъмурияти ­томонидан инвестиция сиёсати баҳамжиҳат олиб борилаётгани ва соҳа самарали қўллаб-қувватланаётганига оқилона ёндашилаётганидан далолатдир. Зеро, шу орқали ҳар томонлама ва бар­қарор тараққиётга эришиш мақсад қилинган.

Инновацияга қаратилган янги Ҳиндистонни шакллантириш даврида Гужарат иқтисодий ривожланиш ҳамда миллий қурилишнинг олдинги сафларида бўлиб келаётганига эса мезбон давлат Бош вазири Нарендра Модининг ишончи комил. Ушбу руҳ “Жўшқин Гужарат” саммити асосига ҳам жо этилган ва у Ҳиндистоннинг иқтисодий муваффақияти моҳиятини, ҳақиқатан ҳам, ўзида акс эттиради.

Штатнинг асосий вазири ­Вижай Рупанинг таъкидлашича, Гужарат 5 000 йилдан ортиқ вақт давомида савдо ва тижорат маркази бўлиб келган. Ўша пайтларда Лотал порти Ҳиндистонни дунё билан бирлаштириб турар эди. Бугун ҳам Гужарат ишбилармонлик салоҳиятига таянган ҳолда, Ҳиндистон имкониятларини дунё ҳамжамияти учун тақдим этувчи дарвозага айланмоқда. У бошқарувнинг самарали тизими, замонавий инфратузилмалар ва бизнес юритиш имкониятлари асосида миллий ижтимоий-иқтисодий юксалиш йўлига қатъий содиқдир.

2017 йил январь ойида бўлиб ўтган “Жўшқин Гужарат” VIII халқаро инвестиция саммитида 100 дан ортиқ давлатлардан 25 мингдан зиёд делегатлар, жумладан, давлат раҳбарлари, Нобель мукофоти лауреатлари, дунё саноати етакчилари иштирок этганди. Бу галги форум ҳам аввалгиларидан асло қолишмайди. Ҳиндистондаги мазкур муҳим халқ­аро анжуманда бутун жаҳондан қатор давлат ва ҳукуматлар бошлиқлари, вазирлар, йирик корпорациялар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, юқори мартабали ­сиёсатчилар, илмий доиралар вакиллари қатнашади. Уларнинг барчаси ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ушбу эзгу ишга ҳисса қўшишга тайёрдир.

“Жўшқин Гужарат — 2019” саммити дастури мазмунан бой бўлиб, ўз ичига икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг турли мавзулари бўйича муҳокама сессия­ларини қамраб олган. Масалан, иштирокчиларда илм-фан, технологиялар, техника ва математика тараққиётининг долзарб жиҳатларига бағишланган семинарлар (STEM), аэрокосмик ва мудофаа саноатида ҳамкорлик истиқболлари ҳамда имкониятлари катта қизиқиш уйғотмоқда. Аэрокосмика тармоғи ва мудофаа-саноат комплекси Гужарат учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам янги секторлардир. Мамлакатимиз мутахассислари аэрокосмик ва мудофаа саноати учун таркибий қисмлар ишлаб чиқариш соҳасида Гужарат штатида ҳам­касблари тажрибасини ўрганиш­моқчи.

Саммит доирасида, шунингдек, Жаҳон савдо-саноат кўргазмаси очилади. 200 минг метр квадратга тенг майдонда 20 дан ортиқ йўналишларни ўз ичига олган павильонлар ва стендлар яратилган. Аэрокосмик ҳамда мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, автомобилсозлик ҳамда электротехника, биотехнология ва атроф-­муҳитни муҳофаза қилиш, ­соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика, қайта тикланувчи энергия манбалари ва инновациялар, тўқимачилик ҳамда туризм, шаҳар транспорти ва урбанизация шулар жумласидандир.

Ташкилотчиларнинг айтишича, истеъмолчилар ҳамда етказиб берувчиларнинг бир жойга йиғилиб, конференцияларда иштирок этиши, ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиши, технологияларни баҳолаши, стратегик шерикликни мустаҳкамлаши мумкин бўлган бу каби форум дунёда саноқли ҳисобланади. Саммит иштирокчиларга тармоқлараро бизнес-майдондан фойдаланиш имконини беради.

Саиджон МАХСУМОВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019