Ҳамид Ғулом таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан адабий кеча бўлиб ўтди

13:53 25 Апрель 2019 Маданият
1218 0

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, санъат арбоби, атоқли шоир ва драматург Ҳамид Ғулом таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан адабий кеча ўтказилди. Тадбирда таниқли ёзувчи ва шоирлар, жамоат арбоблари, шоирнинг оила аъзолари, ОАВ вакиллари ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.

Йиғилишда устоз ижодкорлар ҳамда шоирнинг оила аъзолари сўзга чиқиб, Ҳамид Ғуломнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги хотираларидан сўзлаб бердилар.

Ҳамид Ғулом “Машъал”, “Мангулик”, “Феруза”, “Бинафша атри”, “Машраб”, “Қорадарё” сингари романлар, “Олмос қизи”, “Вафонинг узун йўли” каби қиссалар, туркум ҳикоялар, ўнлаб очерк ва публицистик мақолалар, “Тошболта ошиқ” мусиқали драма муаллифидир. “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

XX асрнинг 30 йилларида ўзбек адабиётига янги овозлар кириб келди. — дейди Наим Каримов, академик. — Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом, Шукрулло, Шуҳрат сингари ўзбек адабиётининг байроғини баланд кўтарган шоир-ёзувчилар ижоди чинакамига порлаб, кўнгилларни ёритди, десак муболаға бўлмайди.

Тадбир доирасида шоирнинг “Танланган асарлар” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Юлдуз ЎРМОНОВА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?