Ҳам ишлов берувчи, ҳам ўғитловчи ихчам агрегат, бир пайтда бешта вазифани бажарувчи ускуна

15:59 28 Февраль 2020 Иқтисодиёт
896 0

Олимларимиз ишланмалари қишлоқ хўжалигига қанчалик фойда бермоқда?

Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш, агротехник тадбирларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда техника ва ускуналарнинг алоҳида ўрни бор. Янги, самарадор ва арзон техникалар ишлаб чиқилишида эса ушбу йўналишда фаолият юритаётган илмий-тадқиқот институтлари, олимлар изланишлари алоҳида аҳамият касб этади. Айни пайтда олимларимиз бу борада қандай изланишлар олиб боришмоқда? Улар томонидан лойиҳалаштирилган техника ва ускуналар қишлоқ хўжалиги учун қанчалик наф беради? Ушбу саволларга яқинда Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишиш жараёнида жавоб топишига ҳаракат қилдик.

Институт мутахассислари томонидан фермербоп, импорт ўрнини босувчи, агротехник тадбирларни оптимал муддат ва талаблар даражасида бажарувчи, металл, ёқилғи-мойлаш материаллари ҳамда меҳнат сарфини тежовчи, иш унуми юқори трактор ва қишлоқ хўжалиги машиналарининг янги намуналарини тайёрлаш бўйича бир мунча ишлар амалга оширилмоқда.

— Бу каби ишланмалар қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасида илм-фан ютуқлари ва ишга солинмаган имкониятлардан оқилона фойдаланишда қўл келади, — дейди институт директори Ботир Хушвақтов. — Шундан келиб чиқиб, институтимизда соҳани ривожлантиришга қаратилган қонунлар, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида муайян ишлар бажарилмоқда. Хусусан, жорий йилда институтимизда Давлат илмий-техника дастурлари доирасида жами 18 та — 2 та фундаментал ва 10 та амалий, 5 инновацион ҳамда 1 халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориляпти.

Таҳлилларга кўра, институтда ўтган йили 2017 йилдагига нисбатан 3 та лойиҳа доирасида изланиш олиб борилган.

— Масалан, бизнинг токзорларга ишлов беришга мўлжалланган ускунамиз ёрдамида токнинг узун томирларидан 50 сантиметр узоқликдаги томирлар қирқилиб, ўша жойга ўғит ҳам солиб кетилади, — дейди институт илмий ходими Ортиқ Йўлдошев. — Бу нима беради? Илмий жиҳатдан, бу жуда фойдали. Чунки бу орқали илдиз қирқилган жойида илдиз сони кўпаяди. Ўғит тўлиқ етиб боради. Исроф бўлмайди. Натижада токнинг ўсиши ривожланиб, ҳосилдорлик ошади. Шу пайтгача бундай техникалар бор эди, лекин улар фақат бир қаторга ишлов бера оларди, холос. Бу ускуна билан эса бир вақтнинг ўзида икки қаторга ишлов бериш мумкин.

Узум қаторларига ишлов берувчи агрегат фермер хўжаликларида синовлардан ўтказилган. Натижа ҳам ёмон эмас: ҳосилдорлик 10-15 фоиз кўпайган.

Институт фаолияти билан танишиш асносида яна бир техника эътиборимизни тортди.

Институтнинг Лалми ерлар ва чўл яйловларни механизациялаш лабораторияси раҳбари Суннатилла Мўминовнинг айтишича, лалми ерлар учун мўлжалланган ушбу ускуна ҳам қишлоқ хўжалиги учун жуда фойдали. Чунки лалми ерлардаги ишлар шу пайтгача анъанавий технологиялар ёрдамида олиб борилади. Бу эса алоҳида-алоҳида бажаришни талаб қилади. Яъни ерни ҳайдаш, текислаш, уруғ сепиш ёки ўғитлашнинг ҳар бирида техника алоҳида далага кириши керак. Бу, табиийки, сарф-харажатни ошириб юборади. Биз яратганкомбинациялашган машина эса буларнинг олдини олади. Техникамиз бир нечта вазифани бир вақтнинг ўзида бажариш имкониятига эга. Масалан, ўғит солади, тупроққа 20-25 сантиметргача чуқурликда ишлов беради. Уруғ экиб, зичлаб кетади. Қисқаси, бир ўтишда 5та операцияни бажаради. Бу нимага олиб келади? Бу, аввало, анъанавий технологияларни бир жойга бирлаштиради. Ер ҳайдаш, текислаш, ўғитлаш сингари агротехник тадбирларга кетадиган вақт ҳамда харажатни камайтиради. Масалан, анъанавий технологияда бир гектарга 50-60 литр ёнилғи сарфланса, бу ускуна гектарига 15 литр ёнилғи талаб этади, холос. Энг асосийси, деҳқон вақти тежалади.

Институт ходимлари доимий изланишда. Улар томонидан ишлаб чиқилган тажриба намуналари синовлардан муваффақиятли ўтказилмоқда. Айримлари саноат усулида ишлаб чиқариш учун тавсия этилган. Олимлар томонидан 850 та муаллифлик гувоҳномалари ва 100 га яқин Ўзбекистон Республикасининг патентлари олингани фикримизга далил бўла олади.

Умуман, институт фаолияти давомида 60 дан ортиқ турли машина ва мосламалар ишлаб чиқилган. Дунёда биринчи вертикал-шпинделли пахта териш машинаси, ғилдиракли ва занжирли пахтачилик тракторлари учун биринчи агротехник талаблар, қишлоқ хўжалигини комплекс механизациялаш учун машиналар системаси, икки ярусли шудгорлаш технологияси ва плуги, далаларни кўп йиллик бегона ўтлар илдизларидан тозаловчи машина, пахта чигитини аниқ экиш технологияси ва сеялкаси, ғўза тупларини чилпиш машинаси, дунёда биринчи каноп йиғадиган комбайн шулар жумласидандир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?