“Ҳайрат айлар тилни гунгу лол ҳам”

14:24 03 Декабрь 2019 Маданият
461 0

Одам Ато тупроғи устига ўттиз тўққиз кун ғам ёмғири, фақат бир кун шодлик ёмғири ёғилганидан сўнг тупроқдан яралган бу хилқатнинг ҳаёт йўли ҳам қувонч ва ташвишлар қоришмасидан иборат бўлиши табиий. Висол онлари ҳаёт йўлини мунаввар этувчи умид чироғининг сўнмаслиги, ирода синмаслиги учун энг муҳим лаҳзадир. Фироқ зулматидан чиқиб, висол бахтига мушарраф бўлган ошиқ тўсатдан бахтли бўлган кимсадек саросимага тушиб, ишонқирамай қолганини шоир чиройли лутф билан шундай ифода этган:

Менмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга,

Бахти гумраҳдин қачон бу қисса бовардур манга?!

Дийдор ва висолдан ошиқнинг бунчалик ҳаяжонга тушиши сабабсиз эмас. Чунки у ҳижрон айёмида “Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасун, Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун” ақидаси шунчаки гап эмас, балки ҳаётий маслаклигини ўз шахсида исботлаган, бунга иқрор келтирган:

Ҳақ тануқтурким, тирикликдин манга сенсен мурод,

Йўқса оламнинг йўқи-бори баробардур манга.

Ҳар бир ошиқнинг энг улуғ орзуси висолга етишмоқ. Бу йўлда чеккан машаққатлари натижасида бутун оламнинг бор ё йўқлиги аҳамиятсиз бўлиб, яшашдан муддао Ёри азиз дийдори эканига Худонинг ўзи шоҳидлиги Ишқ йўлидаги катта риёзат ва синовлар эвазигагина дийдорга етишмоқ мумкинлигини англатади. Учинчи байтдаги кўнгилга қилинган мурожаатдан ҳам шу маъно янада ёрқинроқ англашилади:

Эй кўнгул, ғаввоси баҳри васл ўлубмен, не ажаб,

Гар насиб эмди ўшул покизагавҳардур манга.

Ибн Синонинг “Ал қонун фит тиб” асарида келтирилишича, қизил шаробга бодом ва шакар қўшиб истеъмол қилиш юракка қувват беради. Хумор (бош оғриғи)ни бартараф қилади. Тиббий тавсиядан шеър яратиш маҳоратини қуйидаги байтда кўрамиз:

Не учун базми висол ичинда ичмай бодаким,

Кўзию оғзи бугун бодому шаккардур манга.

Висол базмида хуморсиз бода ичган ошиққа энди осмондаги ою қуёш ҳам, боғдаги сарву суман ҳам керак эмас. Айрилиқ давронида қуёш ва ой ёрнинг чеҳрасини, сарву суман тик қомати ва бурама сочини эслатган бўлса, висол чоғида буларга ҳожат ҳам қолмайди. Ошиқ ёрнинг чеҳрасида азиз умрини, борлиғида жаннат боғининг роҳатини топади:

Ою хуршидингни йиғ, эй чархи гардунким, бу дам

Ҳамдам ул ойчеҳралик хуршидпайкардур манга.

Сарвни ўртаб, суманни елга бер, эй боғбон,

Ким, бугун ҳамсуҳбат ул сарви суманбардур манга.

Кейинги байтда Навоий маҳбубага нисбатан “шабистон меҳри” (кечанинг қуёши) иборасини қўллайди. Мазкур ибора “Лисон ут тайр” достонидаги бир ҳикоятни ёдга солади. Ғазалнинг мазкур байти ҳам ҳикоятдаги ошиқ йигитнинг аҳволига мос келади, деган фикрдамиз:

Қўрқарам ҳирмон саҳобин ёпмағай фаҳм этса чарх

Ким, шабистон меҳри шамъидин мунаввардур манга.

Навоий ҳайрат водийсига таъриф бераркан, бу мақомдаги солик тили лол, ақлу ҳушдан бегона бўлиб, замон ва маконни англамай, аслида кимга ва нега ошиқ бўлганини билолмай, ҳайрон ва саргардон бўлишини айтиб ўтади:

Ҳайрат айлар тилни гунгу лол ҳам,

Ақл зойил, ҳушни помол ҳам.

Кечау кундузга боқса ҳар неча,

Онгламас кундузмудур ёхуд кеча...

Мақтаъда Навоий ана шундай ҳайрат ва таажжуб оҳанги билан ғазалга якун ясаркан, унга ёрнинг висоли муяссар бўлганми ёки олам унинг изми ихтиёрига ўтганми билолмай қолганини айтади. Зотан, оламдан муддао бўлган ёр ва тирикликнинг муродига айланган дийдор муяссар бўлгандан сўнг олам муродига етган кишиники бўлур:

Эй Навоий, ҳеч билмонким топибмен васлини,

Ё магарким жумлайи олам мусаххардур манга.

Олимжон ДАВЛАТОВ,
навоийшунос олим

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?