Ҳайдар Али ЙИЛДИЗ:«Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётганидан барчамиз мамнунмиз»

11:44 20 Апрель 2018 Сиёсат
1130 0

Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳам-корлик турли соҳаларда жадал ривожланмоқда. Хусусан, парламентлараро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида амалий мулоқотлар фаоллашаётир. Бунда Президентимиз Шавкат -Мирзиёевнинг ўтган йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар муҳим асос бўлмоқда.

Махсус мухбиримиз Туркияга ижодий сафари давомида мазкур мамлакат парламенти — Туркия Буюк миллат мажлисида “Туркия — Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз билан учрашиб, шу мавзуда суҳбатлашди. Қуйида мазкур интервью эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

— 2017 йил Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида туб бурилиш йили бўлди. Буни икки давлат парламентлари ўртасида илк бор мулоқот йўлга қўйилганидан ҳам билиш мумкин. Парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ҳақида нималар дея оласиз?

— Аввало, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилишига катта туртки берган муҳим воқеалар хусусида тўхталиб ўтишни истардим. Айтиш жоизки, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2016 йил ноябрь ойида Самарқандга -ташрифи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи икки қардош халқнинг дўстона алоқалари, ҳамкорлиги кучайиши учун қўйилган муҳим қадамлар бўлди.

Муносабатларимизнинг жадал суръатда мустаҳкамланиб бораётганини бир неча ҳаётий мисоллар орқали кўриш мумкин. Жумладан, Ўзбекистонда фаолиятини йўлга қўяётган турк фирма ва компаниялари сони ортаётгани, ўз навбатида, Туркияда бизнес фаолиятини бошлаш, ривожлантириш учун ташриф буюраётган ишбилармонлар сафи кенгаяётгани, жорий йилнинг 10 февралидан эътиборан, туркиялик туристларга Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилгани, “Turkish Airlines” авиакомпанияси Истанбулдан Самарқандга тўғридан-тўғри қатновни йўлга қўйгани — буларнинг барчаси кишига катта қувонч бағишлайди. Хоҳ у сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм ёки маданий соҳада бўлсин, икки давлатни бир-бирига яқинлаштиради.

Ўзбек ва турк халқлари анъана ва қадриятлари жуда яқин, ўхшаш бўлган халқлардир. Яқинда Ўзбекистонга ташрифим чоғида бунга яна бир карра амин бўлдим. Яъни юртингизда ўзимизни сира бегоналардек ҳис этмадик. Ишончим комилки, ўзбек қардошларимиз ҳам Туркияда худди шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечиришади.

Саволингизга келадиган бўлсак, мен “Туркия — Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси сифатида ушбу йўналишдаги ҳамкорлик ривожлантирилиши учун масъулман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Буюк миллат мажлисига ташриф буюриши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия парламенти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангани, парламентлар вакилларининг ўзаро борди-келдиси фаоллашаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Масалан, биз март ойида Ўзбекистонга борган бўлсак, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай юртингиздан депутатлар ташриф буюришди. Улар Туркия Буюк миллат мажлисида қонун ижодкорлиги, қўмиталар фаолияти, шунингдек, парламентимизнинг технологик имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди. Бу мулоқотлар кучаяётганини ифодалайди.

— Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кенгайиб бораётганини Туркия парламенти вакиллари қандай кутиб олишмоқда?

— Президент Шавкат Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлисига ташриф буюрганида унга парламентимиз Спикери ҳамроҳлик қилди. У Ўзбекистонда демократияни мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ҳаётида парламент ролини ошириш борасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. Албатта, мамлакатингиз билан муносабатлар юксак босқичга кўтарилиб бораётганидан депутатларимиз жуда мамнун.
Такрор бўлса-да, айтиш мумкинки, Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи жуда катта аҳамиятга эга воқеа бўлди. Бу икки мамлакат раҳбарининг шунчаки кўришишигина эмас, балки азалий дўст, қадрдон бўлган икки буюк халқнинг келажакка биргаликда қараши эди.

— Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг “Туркия — Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳининг биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзоланди. Ушбу учрашув якунлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Ана шу мажлис жудаям самарали кечди, деб айта оламан. Расмиятчиликдан холи ҳолда ифодалайдиган бўлсам, узоқ йиллардан бери кўришмаган ака-укадек бир-биримизни бағримизга босиб дийдорлашдик, меҳримизга тўйдик. Бу таърифлаш қийин бўлган ҳаяжонли онлар эди.

“Йўл харитаси”да тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган. Унинг дастлабки босқичида Туркия Буюк миллат мажлисига Ўзбекистон вакилларининг ташрифи кўзда тутилганди ва бу рўёбга чиқди. Энди жорий йилнинг сентябрь ойида Туркия Буюк миллат мажлиси Спикерининг Ўзбекистонга сафари режалаштирилган.

Эътиборимизда бўлиб турган яна бир масала, бу — Туркия ва Ўзбекистон ўртасида биродарлашган шаҳарларни йўлга қўйишдир. Юртингизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби бетакрор кентлари бор. Уларнинг қай бири билан Туркиядаги қайси шаҳар биродарлашган шаҳар бўлади? Шу ҳақда ҳозир икки томон вакиллари қизғин иш олиб -боришмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон парламенти делегациясининг Туркияга ташрифи кўзда тутилган. Ўшанда биз “Йўл харитаси” асосида яна қандай ишларни амалга оширишимиз мумкинлигини муҳокама этамиз. Буларнинг барчаси келгусида ҳар икки давлат парламентларининг равнақи учун хизмат қилади.

— Туркия парламенти делегацияси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар, бизнесменлар билан учрашув ўтказди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг яна қандай имкониятлари бор, деб биласиз?

— Биз учрашувларимиз давомида икки давлат ўртасида қайси соҳаларда бизнес фаолиятини ривожлантиришимиз мумкинлиги, тадбиркорларга ҳар икки мамлакатда инвестиция киритиш борасида қандай имкониятлар яратилгани ҳақида мулоқот қилдик. Айниқса, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган ишлар хусусида атрофлича фикр алмашдик.
Тадбирда Туркия савдо-саноат палатаси ва Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши мавжудлиги, улар инвесторларга мамлакатимиздаги қонун-қоидалардан хабардорликларини таъминлаш учун кўмаклашишини билдирдик.

Умуман, кейинги пайтларда икки давлат турли расмий доиралари вакиллари, бизнес субъектлари ўртасида ўзаро борди-келди фаоллашди. Бундай ташрифлар, мулоқотлар, шубҳасиз, сиёсий, иқтисодий, маданий каби кўплаб соҳаларда Ўзбекистон ва Туркия манфаатлари учун хизмат қилади. Масалан, ўзаро савдо ҳажмида сезиларли ортиш кузатилмоқда. Келгусида бу ўсиш янада кучайиши шубҳасиз. Чунки Самарқанд ва Бухорога борганимда ана шу шаҳарлар мутасадди вакиллари билан учрашиб, англадимки, улар ҳам икки давлат муносабатлари ривожланишига ҳисса қўшиш учун катта хоҳиш-истак билдирдилар. У ерда мен билан кўришган ўзбек ва турк ишбилармонлари Туркия ва -Ўзбекистон муносабатлари мустаҳкамланаётганидан беҳад мамнунлигини айтишди. Мана шу дўстона алоқалардан руҳланиб, бизнес вакиллари қандайдир лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш истагида эканликлари қувонарлидир. Бу жуда муҳим аҳамиятга эга.

Юртингизга сафаримиз чоғида расмий доиралар, масалан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ўтказган музокараларимиз ҳам самарали кечди. Шулардан хулоса қилиб таъкидлаш жоизки, ҳамкорлик истиқболи учун муҳим -пойдевор мавжуд.

— Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, Туркия парламентининг яқинда Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд, Бухоро шаҳарларида ҳам бўлдингиз. Сафар таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Бу худди мозийга қилинган саёҳатга ўхшарди. Мен Ўзбекистонга илк бор 2016 йилда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг ташрифи вақтида биргаликда боргандим. Аммо ушбу сафар вақти жуда тиғизлиги сабабли мамлакатингизни бемалол айланиш имкони бўлмаганди. Бу галги ташрифимизда Тошкент, Самарқанд ва Бухорога бориш имкони туғилди.

Биласизми, бобом раҳматли бизнинг аждодлар аслида Туркияга Бухородан келишгани ҳақида кўп гапириб берарди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон, Бухоро болалигимданоқ, айниқса, лицейда ўқиб юрган кезларимдаёқ эътиборимни тортарди, қизиқишимни орттирарди. Гоҳида харитадан қарардим. Бирор-бир хабарда Бухоронинг номи тилга олинса, у ҳақда нимадир дейилса, қалбимда бутунлай бошқача ҳис-туйғу уйғонарди.

Ўзбекистонга борганимда Бухорода қолиб, эрта тонгда турганимда “Ажабо, боболарим бу ернинг қаерида яшашган экан, Туркияга қачон кетишган экан?”, дея ён-атрофга катта қизиқиш, ҳаяжон билан қарадим. Бу ҳолатни тасвирлаб бериш мушкул. Шу боис мен учун Бухоронинг қадри, аҳамияти бўлакча.

Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, Исмоил Сомоний мақбараси ва бошқа диққатга сазовор жойларни зиёрат қилдик.

Самарқанд ҳам худди шундай — Ўзбекистоннинг гўзаллигини акс эттирадиган жой. У ерда Имом Бухорий, Имом Мотуридийни зиёрат қилдик. Бозорга бориб, ўзбек қардошларимиз билан кўришдик, самимий суҳбатлашдик. Неча юз йиллик тарихий бозор мисолида савдо-сотиқнинг қандай чуқур илдиз отгани ва мамлакатингизда ушбу анъаналар сақланиб қолганига гувоҳ бўлдик. Яна бир диққатга сазовор маскан Улуғбек расадхонасидир. У одамни лол қолдиради.

Бизнинг борди-келдиларимиз шундай давом этиши керак. Истардикки, юртдошларимиз Ўзбекистонни бориб кўришса, сизнинг мамлакат вакиллари Туркияни келиб тарихий бойликлари, гўзалликларидан баҳраманд бўлишса, қалбимиздан жой олган табаррук масканларни зиёрат қилишса, қандоқ яхши. Шундай эмасми? Ана шундай масканлар ҳам бизни бир-биримизга боғлаб туради аслида.

Мен Истанбулнинг Ускудар туманида истиқомат қиламан. Уйимдан тахминан 200 метр узоқда ўзбеклар маҳалласи мавжуд. Бу ерга улар бир неча юз йиллар аввал келиб жойлашишган. Яъни ўзбеклар билан қўшниман. Бу ҳақда Ўзбекистонга борганимда ҳам гапириб бергандим. Ана шу маскан тарихда Туркиянинг истиқлол йўлидаги курашларида муҳим ўрин тутган. Бугун ҳам у ерда ўзбеклар маҳалласи, деган ёзув туради.

Анадолуда гиламларнинг нақшига “Бухороча боқишли, Самарқандча нақшли” деган таъриф мавжуд. Кўряпсизми, биз ҳар жиҳатдан бир-биримизга яқин, илдизимиз бир халқлармиз. Биз хоҳлардикки, мана шу яқинлик изчил давом этсин.

Фурсатдан фойдаланиб, алоҳида таъкидлашни истардимки, икки дўст халқнинг бугунги муносабатлари кучайишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббускорлиги, қатъий хатти-ҳаракатлари катта аҳамиятга эга. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатдаги учрашувларимиз чоғида ҳам айтдим ва доимо шу -фикримни билдиришдан чарчамайман.
Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси, Ўзбекистоннинг эркин бозорга чиқиши, дунёга очилиши борасидаги фикрлари, саъй-ҳаракатлари шу табаррук заминнинг ёрқин келажаги, халқининг фаровонлиги учун қаратилгани билан диққатга сазовор. Мен Президентингиз мамлакатни юксак чўққиларга олиб чиқишига чин юракдан ишонаман.

Давлатимиз раҳбари Режеп Таййип Эрдўғоннинг ҳам Ўзбекистонга бўлган ҳурмати, меҳр-муҳаббати юксак ва буни ҳаммамиз яхши биламиз. Насиб қилса, ҳадемай Президентимизнинг юртингизга ташрифи амалга оширилади. Бу ташриф муносабатларни янада юқори поғонага олиб чиқишга ва ўзаро ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб беришга хизмат қилади.

Қисқаси, икки давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий йўналишларда ҳамкорлик шундай ривожланиб, мустаҳкамланиб бораяптики, бундай қалин муносабатдан барчамиз мамнунмиз.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

«Халқ сўзи» махсус мухбири
Шавкат ОРТИҚОВ суҳбатлашди.
Туркия Республикаси, 
Анқара шаҳри

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019