“Ҳафт син” — етти таом Наврўзда қайси Шарқ мамлакатлари дастурхонига тортилади?

16:53 13 Март 2020 Маданият
288 0

Ҳар қандай миллий байрам, энг аввало, ўша халқнинг олам ва одамга эстетик муносабатини англатади. Айни шу маънода Наврўз халқимизнинг тарихи, фалсафаси, ҳаёт тарзи, санъати ва маданияти, мифологик, диний ва дунёвий тафаккурини ўзида мужассамлаштирган қомусий айём саналади.

Наврўз — “янги кун” дегани. Яъни кун билан тун тенг келган вақт. Наврўзи олам, яъни баҳор байрами, айниқса, Шарқ мамлакатларида кенг ва ўзига хос нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2010 йил 23 февраль куни ушбу айёмнинг умуминсоний тамаддун ривожига қўшган буюк ҳиссасини инобатга олиб, 21 мартни Халқаро Наврўз куни деб эълон қилган. БМТ резолюциясида қайд этилганидек, Наврўз 3 минг йилдан ортиқроқ вақтдан буён Марказий Осиё, Болқон, Яқин Шарқ, Кавказ, Қора денгиз ҳавзасидаги мамлакатлар ва бошқа ҳудудларда миллионлаб инсонлар томонидан кенг нишонланади.

Наврўз — шарқ халқларининг бош байрами. Бу байрам қадимда 13 кун нишонланган. Тантаналардан сўнг одамлар кенг майдонларга чиқиб, Янги йилни кутиб олишган. Сайр қилиш асносида одамлар кириб келадиган йил улар оиласига бахт-саодат, фаровонлик олиб киришини тилаган. Мазкур анъана Эронда ҳозиргача сақланиб қолган. Ушбу мамлакатда Наврўз 13 кун нишонланади. Байрам муносабати билан одамлар қариндошлар, дўстлар ҳолидан хабар олади.

Эрон ва Афғонистонда байрам куни араб алифбосидаги син ҳарфи билан бошланувчи етти таом — олма (сиб), ундирилган дон (сабзе), сирка (серке), жийда (сенжет), танга (секке), саримсоқ пиёз (сир), сумалак (саману) дастурхонга қўйилади. Олма — гўзаллик, ундирилган дон — уйғониш, яшариш, сирка — узоқ умр, сабр-бардош, жийда — севги-муҳаббат, танга — бойлик ва фаровонлик, саримсоқ пиёз — саломатлик, сумалак — тўқчилик рамзи ҳисобланган.

Дастурхонга кўзада гул, рангланган тухум, ширинликлар, мева-чевалар, нон, шунингдек, кўзгу билан шам ҳам қўйилади. Оила аъзоларига тенг миқдорда шам ёқилиб, у тўлиқ ёниб тугамагунча олов ўчирилмайди. Афғонистонда байрамга етти мевадан шарбат ҳам тайёрланади.

Қозоғистонда Наврўз байрами муносабати билан дастурхонга ўзига хос байрам таоми — “наурыз коже” (наврўз гўжаси) тортилади. У еттита маҳсулот — гўшт, сув, ун, ёғ, дон, туз ва сутдан тайёрланади. Бу таомни тайёрлаш усули турлича: ҳар бир уй бекаси уни ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда тайёрлайди.

Туркияда инсонлар ушбу кунда биринчи ким билан кўришса ёки қайси бир буюм ва таомга кўзи тушса, йил давомида ана шулар унинг ҳамроҳи бўлишига ишонади. Шу боис ҳам бу ерда Наврўз куни одамлар ўз уйлари ва либосларини эзгу ниятлар билан бахт, соғлиқ, бойлик саналган рамзий нарсалар билан безатишади.

Наврўз Озарбайжонда ҳам кенг нишонланади. Байрамнинг биринчи куни одамлар дарё ёки булоққа бориб, унинг сувини бир-бирларига сепадилар. Чунки сувни поклик ва тозалик рамзи сифатида билишади. Улар Янги йилда бир-бирларига бахт-саодат тилайдилар, яқин инсонларини ширинликлар билан меҳмон қиладилар. Наврўз куни албатта ширинлик истеьмол қилиш уларнинг азалий одати ҳисобланади.

Мамлакатимизда эса байрам кунлари умумхалқ сайиллари ташкил этилади. Шарқона янги йил арафасидаги ҳашарлар, эзгу тилаклар, таом ё пишириқлар алмашинуви — халқимизнинг асрлар оша бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келаётгани ифодаси. Бу ҳамиша бир-биримизга керак эканимизни эслатади, ўзаро тотувлик ва иноқлик ришталарини мустаҳкамлайди.

Бир неча кун мобайнида маҳаллаларда Наврўзга бағишланган тадбирлар ўтказилади, сумалак, кўксомса ва бошқа тансиқ таомлар пиширилади. Наврўз кунлари ҳокимликлар, маҳалла фаоллари, хайр-эҳсон ташкилотлари Меҳрибонлик уйлари болалари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳузурига ташриф буюриб, уларни қутлаб, совға-саломлар улашади.

Наврўз — баҳор байрами қайси халқда нишонланмасин, ҳамиша тинчлик, осойишталик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббат ифодаси бўлиб келган. Энг муҳими, у одамларни мудом эзгуликка, саховатпешаликка, ҳамжиҳатликка ундайверади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?