Гужаратдаги келишувлар ижроси Андижон вилоятига нима беради?

03:16 26 Январь 2019 Жамият
757 0

Фото: Х. Араббоев.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан, шу йилнинг 17-18 январь кунлари ушбу мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб, “Жўшқин Гужарат — 2019” IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. Ҳиндистонга ташриф буюрган делегациямиз таркибида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам бор эди.

Мухбирларимиз мазкур ташриф давомида эришилган натижаларнинг аҳамияти ҳамда Андижон вилояти учун очилаётган янги имкониятлар ҳақида суҳбатлашди.

— Шуҳратбек Қўшоқбоевич, давлатлараро муносабатлар доирасида минтақаларнинг ўзаро мулоқотини уюштириш амалиётини қандай баҳолайсиз?

— Бу амалиёт Ҳаракатлар стратегиясига тўлиқ мос келади. Чунки унда марказ ваколатларини босқичма-босқич вилоятларга ўтказиш масаласи акс эттирилган. Мана, икки йилдирки, маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган даромадлар қисми вилоят ҳокимлиги тасарруфида қолдириляпти. Бу эса ижтимоий муаммоларни мустақил ҳал этиш, сармоядорларни янада фаол жалб қилишга имкон беради.

Андижон вилояти ҳам кейинги вақтда Россия, Хитой, Беларусь ва бошқа яқин ҳамда узоқ мамлакатларнинг муайян минтақалари билан тўғридан-тўғри иқтисодий алоқалар ўрнатди. Жумладан, Беларусдаги компаниялар билан ҳамкорликда минитракторларни йиғиш ва велосипед ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Андижонда хитойлик инвесторлар иштирокидаги ўнлаб корхоналар фаолият юритяпти. 2019 йил арафасида биз Булоқбоши туманида қуриладиган замонавий цемент заводига рамзий тамал тошини қўйдик. “Shenfen-bridge of friendship” деб номланган мазкур Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси йилига 1,2 миллион тоннадан зиёд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Мазкур лойиҳа бўйича киритиладиган инвестицияларнинг умумий ҳажми 203,9 миллион долларни ташкил этади. Корхонада 750 киши иш билан таъминланади.

Шу маънода, Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Аҳмадобод шаҳрида ўтган ўзбек — ҳинд ишбилармонлар кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этганимиз ҳам аниқ амалий натижаларга бой бўлди.

— Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан қандай лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш режалаштириляпти?

— Президентимизнинг Ҳиндистонга ташрифи арафасида “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. ЭИЗ Андижон туманида фаолият юритади. Ҳудудда очиладиган корхоналар фармацевтика маҳсулотлари тайёрлаш, доривор хом ашёни қайта ишлаш, тайёр дори-дармонлар, тиббиёт буюмлари, қўшимча ва ўров материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. ЭИЗнинг фаолият юритиши 30 йилга мўлжалланган бўлиб, ундан кейин ҳам давом эттирилиши мумкин. Шу давр мобайнида Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш мўлжалланмоқда. Мазкур соҳада илғор ҳинд технологияларини ўзлаштириш — устувор мақсадимиз. “Андижон-фарм” ЭИЗ дирекциясининг вазифалари хорижий компаниялар, биринчи галда, ҳинд компанияларига берилиши ҳам мумкин. Зона ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона тартиблари амал қилади.

Ҳиндистон ишбилармон доиралари билан учрашув давомида 16 та компания билан 205 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳақида келишувга эришилди. 13 та фармацевтика корхонаси 170 миллион доллар йўналтириш истагини билдирди. “Cadila Pharmaceuticals” компанияси тўрт йил давомида “Андижон-фарм”га 50 миллион доллар маблағ киритиш мажбуриятини олди.

Қолаверса, Шарда университетининг филиалини ва қўшма клиникани очиш режалаштирилмоқда. Ҳиндистоннинг ушбу етакчи олий таълим муассасасида 55 мамлакатдан келган 20 минг нафар талаба ўқийди. У турли давлатлардаги 110 та таълим даргоҳи билан ҳамкорлик қилади. Бу ўқув йилида мазкур университетнинг Андижон филиали 550 нафар талабани қабул қилмоқчи. Келгусида уларнинг сони 10 минг нафардан кам бўлмайди.

Ташриф доирасида “Aunde India” компанияси билан ҳам келишувга эришилди. Унга кўра, жорий йилнинг ўзидаёқ автомобиль ўриндиқлари учун ғилоф тайёрлайдиган қўшма корхона ташкил этилади. 1997 йили очилган мазкур компания 19 та давлатда 55 та корхонага эга. Унинг буюртмачилари орасида “General Motors”, “Hyundai” каби автомобиль саноати лидерлари бор.

Шунингдек, Гужаратдаги корпорация билан агрокластер тузишга келишиб олдик. Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади, балиқ кўпайтирилади, маҳсулотни қайта ишлаш ва реализация қилиш йўлга қўйилади. Вилоятимизда кластер учун 15 — 20 гектар ер ажратамиз.

Ҳамкорликнинг яна бир қирраси АКТ билан боғлиқ. 50 нафар ёш андижонлик Ҳиндистонда малака оширади. Сўнгра улар вилоятнинг саноат корхоналари учун дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқади.

Умуман айтганда, Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида муҳокама қилинган бир қатор йўналишлар бевосита Андижонга ҳам тегишли. Бу “Андижон-фарм” ЭИЗга сармоядорларни жалб этиш билан бирга, жорий йилда “Гужарат — Андижон” ишбилармон доиралари бизнес форумини ўтказишга оиддир.

— Нега айнан Ҳиндистон ва тиббиёт Андижон вилояти учун ҳамкорликнинг устувор йўналиши этиб танланди? Бунга вилоят ва унинг аҳолиси тайёрми?

— Ўзингизга маълум, Ҳиндистон ва Ўзбекистон тарихан бир-бирига яқин. Ҳар икки халқнинг дунёқараши, маданияти, анъаналарида ўхшаш жиҳатлар кўп. Қадимда мавжуд бўлган қатнов йўллари бизнинг минтақамиз учун Ҳинд океанига чиқиш имконини берган. Ҳиндистонликлар Ўзбекистон деганда кўз олдиларига бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни келтиришади. 330 йилдан ортиқ ҳукм сурган буюк империянинг асосчиси ва унинг авлодлари, то Ҳиндистонни инглизлар босиб олгунича, у ерда тинчлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаб турган. Улуғ ватандошимизнинг бунёдкорлик саъй-ҳаракатлари маданият, шаҳарсозлик ривожланишига хизмат қилган. Бетакрор “Тожмаҳал” ўзининг гўзаллигию маҳобати билан ҳанузгача бутун дунёдан миллионлаб сайёҳларни ром этиб келяпти. Ҳиндистоннинг машҳур жамоат арбоблари андижонлик шоҳ ва шоирга эҳтиром билдирганлар. Масалан, Жавоҳарлал Неру шундай деган эди: “Бобур ҳам энг фасоҳатли ва ориф кишилар сирасига мансуб эди. У диний мазҳабларга мутаассибларча берилишдан холи эди, санъатга, адабиётга ихлос қўйган, ўзи ҳам назм битарди. Гуллару боғларни севар, жазирама Ҳиндистонда туриб, ўзининг Ўрта Осиёдаги Ватанини кўп бор ёдга оларди”.

Андижонда фаолият юритаётган Бобур халқаро жамоат фонди адабиёт, тарих, фан ва маданият соҳаларидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келяпти. Жамғарма томонидан ўтказилаётган тадбирларда Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, Хитой, Россия, Япония ва бошқа давлатлардан тадқиқотчилар иштирок этишади.

Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Андижон давлат тиббиёт институти Ўзбекистондаги шу соҳа олий таълим муассасалари орасида етакчи даргоҳлардан бири саналади. Вилоятимиздаги тиббиёт коллежларининг фармацевтика йўналиши бўйича битирувчилари эса янги ташкил этиладиган зонадаги корхоналар учун малакали ишчи кучи бўлади.

Шуни ҳам эътироф этиш керакки, кейинги пайтда вилоятимиздаги даволаш муассасаларида нафақат Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари, балки қўшни Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидан ҳам беморлар келиб, шифо топишмоқда.

Энди андижонликларнинг салоҳияти ва кайфиятига келадиган бўлсак, ўтган йил якуни бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 27,12 триллион сўмни ташкил этди, ўсиш суръати эса 112,1 фоизга етди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 155,8 фоиз ўсди. Ўтган йилнинг январь — декабрь ойларида капитал қўйилмалар 4 триллион 55,9 миллиард сўмни ташкил қилди. Бу 119,1 фоиз ўсиш таъминланди, деганидир. Демак, бизда белгиланган вазифаларни бажариш учун хоҳиш ҳам, имконият ҳам етарли. 

— Андижон вилояти ҳиндистонлик шерикларни нимаси билан қизиқтирди?

— Вилоятдаги ривожланган инфратузилма, малакали ишчи кучининг мавжудлиги ҳинд томони эътиборини ўзига тортди. Қўшимча рағбат сифатида Ҳиндистон компаниялари учун қулай об-ҳаво шароити, доривор ўсимликларнинг кўплигини айтиш мумкин. Масалан, бизда дори воситалари ишлаб чиқариш учун хом ашё бўладиган ўсимликларнинг мингдан ортиқ тури ўсади.

Ўзбекистон — фармацевтик маҳсулотларни импорт қиладиган мамлакат. Фарғона водийси бўлса ўзининг 15 миллионли аҳолиси билан жуда яхши харидор. Бунинг устига, Ўзбекистон орқали Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг барча мамлакатига чиқилади. Демак, 300 миллион нафар тўлов қобилиятига эга истеъмолчилар мавжуд.

— Андижонда, худди Ҳиндистондагидек, аҳоли зичлиги юқори. Хўш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда ҳам ҳамкорлик нуқталари борми?

— Дарҳақиқат, вилоятимиз аҳолиси ҳар йили 50 — 55 минг нафарга ошяпти. Бу Бўз ёки Улуғнор тумани аҳолиси билан тенг. Бошқача айтсак, демографик жиҳатдан йилига битта туман қўшиляпти. Вилоят ҳудуди эса кенгайгани йўқ. Табиийки, маиший турмуш шароитларига оид муаммолар, иш билан таъминлаш масаласи бизда жуда долзарб, шу жумладан, вилоят раҳбари сифатида мен учун ҳам. Муаммонинг янада мураккаблашишига сабаб — кейинги 20 йил давомида вилоятда тураржойлар деярли қурилмаган. Мисол учун, икки хонали квартирада бир неча оила тиқилиб яшаётганига ўзим гувоҳ бўлганман. Албатта, биз бу борада Ҳиндистон ва Хитой тажрибасини ўрганяпмиз. Шундай бўлса-да, ўз имкониятларимиздан келиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Бугунги кунда тез суръатлар билан уй-жойлар, шу жумладан, кўп қаватли, қишлоқ жойларда арзон, намунавий лойиҳадаги тураржойлар, қолаверса, ногиронлиги бўлган одамлар учун алоҳида уйлар қурилмоқда. Ўтган йили Боғишамолда янги тураржой массивига асос солинди ва уни “Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги” номи билан атадик. Намунавий уйни пойдевор қўйишдан то “калити билан” топширгунча беш ойгина ўтяпти, холос. Ўтган йили 2826 та уй бунёд этилди. Бу йил эса қурилишнинг барча йўналиши бўйича иш ҳажмини сезиларли даражада ошириш мўлжалланган. Бунда тажриба тариқасида кўп қаватли уйларни адир ерларда ҳам қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

“Халқ сўзи” мухбирлари Саидаҳмад ШУКУРОВ, Саминжон ҲУСАНОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019