“Гулшан” истироҳат боғи қачон яна ўз эшикларини очади?

17:08 12 Апрель 2019 Жамият
260 0

Архив фото

Таҳририятимизга ҳар куни газетхонлардан турли мазмундаги бир қанча мактублар келади. Уларнинг айримларида бугунги ислоҳотлар туфайли яратилаётган қулай шарт-шароитлардан миннатдорлик ифода этилган бўлса, баъзиларида турли таклифлар, мулоҳазалар баён қилинади. Яна бошқасида эса қайсидир ҳудудда ҳали ечимини кутиб турган масалалар, одамларни ўйлантираётган муаммолар битилган бўлади. Биз ана шу каби мурожаатларнинг ҳар бирига алоҳида аҳамият қаратамиз. Кўтарилган масалаларга тегишли ташкилот ва идоралар эътиборини жалб қилиб, уларга ижобий ечим топиш чораларини кўрамиз. 

Яқинда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Интизор кўчасида яшовчи фуқаро Иброҳим Абдуғаниевдан хат олдик. Муаллиф тумандаги “Гулшан” маданият ва истироҳат боғи иш фаолиятини қайта йўлга қўйиш масаласи ва унинг атрофидаги маҳаллаларда йиғилиб қолган бир қатор муаммолар ҳақида сўз юритган.

Таъкидланишича, ҳудуддаги Шукур Бурхонов, Алишер Навоий, Нодирабегим, Шўртепа каби маҳаллалар фаоллари, раислари бу бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси сингари кўплаб идора ва ташкилотларга мурожаат қилишган. Аммо бундан натижа чиқмаган. Ниҳоят, таҳририятга мактуб йўллашни лозим, деб топишган.

Кўтарилган мавзу бўйича ҳақиқий аҳволни билиш ва масалага ойдинлик киритиш мақсадида айтилган манзилга бордик. Маҳалла фаоллари билан суҳбатлашдик. Мурожаатда келтирилган жойларларни кўздан кечирдик. 

Дарҳақиқат, “Гулшан” истироҳат боғи ёпиб қўйилган бўлиб, бу жой қачон, қайси ташкилот томонидан беркитиб қўйилгани номаълум. Унга кириш учун кимдан рухсат олиш кераклигини ҳам ҳеч ким билмайди. Боғ атрофида қатор хизмат кўрсатиш шахобчалари ишламаяпти, қаровсиз аҳволда. Бу ердаги илгари гавжум бўлган чойхона хусусийлаштирилган экан. Аммо у ҳам фаолият олиб бормаяпти. 

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бир вақтлар бу ерда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилган. Боғда турли аттракционлар, кўргазмалар, кўчма қўғирчоқ театрлар ва тўгараклар фаолият кўрсатган. Китоб дўконлари, маиший хизмат объектлари гавжум бўлган. Бугун эса улар ўрнини спиртли ичимликлар дўкони, бар, кафе, айниқса, қатор дорихоналар эгаллаган...

Юзага келган ҳолат аҳоли кайфиятига, айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказмоқда. 

— Ҳокимият, ташкилот ва идораларга қилган мурожаатларимиз эътиборсиз қолгач, “бор-э” деб қўл силтагимиз ҳам келди, лекин ҳудудда биз яшаяпмиз, фарзандларимиз шу ерда улғаймоқда. Қандай қилиб бепарво бўлайлик? — дейди Шукур Бурхонов маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собир Ҳалимов. — Спиртли ичимликлар дўконининг ортиши ҳудудимиз муҳитига таъсир қилмай қолмайди. Шу боис мутасадди идоралар ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини мазкур муаммоларга қаратиш мақсадида таҳририятингиздан ёрдам сўрашга мажбур бўлдик. 

Қани энди, бизнинг ҳам талаб-истакларимиз инобатга олинса, спиртли ичимликлар дўконлари ўрнида кутубхоналар, замонавий кўнгилочар объектлар, спорт кийимлари ва анжомлари савдоси билан шуғулланадиган марказлар очилса! Маҳалладошларимизнинг кўнглидаги гап бўларди. Қолаверса, “Гулшан” истироҳат боғи ҳудудида ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, боғдорчиликни ривожлантириш, маҳаллада экологик вазиятни яхшилаш, дарахт ва гулларни суғоришда кўп йиллар мобайнида хизмат қилиб келган “Тўрт ариқ” каналини тиклаш даркор. Кенглиги 4-4,5 метр бўлган мазкур каналдан илгари одамлар сув ичишган. Афсуски, ҳозир унинг ўрни чиқинди йиғиладиган жойга айланган.

Шунингдек, Шукур Бурхонов ва Буюк Ипак йўли кўчалари чорраҳасига яқин бўлган болалар боғчаси абгор аҳволда, кўп йиллардан бери қаровсиз ётибди. Уни таъмирлаш борасида қилинган мурожаатлар сувга тушган тошдек изсиз кетмоқда.

Иброҳим аканинг айтишича, Интизор кўчасидан ўтувчи 16-автобус йўналишини ўзгартириш зарур. Яъни унинг маршрутидан бу кўчани чиқариб ташлаш керак. Чукни йўловчилар оқими умуман йўқ. Қолаверса, Интизор кўчасида болалар спорт мактаби фаолият кўрсатади. Кўчанинг серқатновлиги боис йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Бир вақтлар “бу йўналиш Интизор кўчасидан ўтиши вақтинчалик”, дея “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан маълум қилинган. Аммо ушбу масала ҳануз ҳал бўлгани йўқ. Бу борада маҳалла фаолларининг 2017 йилдаги мурожаатлари эътиборсиз қолдирилди. Шу билан бирга, Буюк ипак йўли кўчасидаги “Центр луначарский” автобус бекати орқасида жойлашган маиший уй таъмирланиб, аҳолига бир неча йўналишдаги хизматларни кўрсатадиган шахобчалар — сартарошхона, кийимларни кимёвий тозалаш, оёқ кийим, соат тузатиш, маиший техника воситаларини таъмирлаш нуқталари, тикув цехи қурилса, аҳолига жуда катта қулайлик яратиларди.

Эътиборли жиҳати, 2018 йил 13 июль санасида Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаевнинг қарорига биноан, бу маскан қайта реконструкция қилиниши белгиланган эди. Унда қайси объект қайси ташкилот томонидан таъмирланиши қатъий белгилаб берилган. Аммо шаҳар ҳокимининг қарори ҳанузгача бажарилмагани кишини ҳайрон қолдиради. Шунингдек, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасининг 2019 йил 8 февралдаги мурожаатга жавоб хатида “Гулшан” истироҳат боғи бўйича ташаббускор тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилаётгани айтилган. 

Хусусан, “Маъқул топилган лойиҳа эгалари билан тегишли қарор асосида узоқ муддатли шартнома имзоланади ва тадбиркорларга замонавий боғ яратиш учун берилади,” дейилади бошқарма бошлиғи М. Юнусов имзоси билан келган хатда. Лекин қачон? Бу ҳам ҳали номаълум.

Таҳрирятимиз ушбу масала бўйича Мирзо Улуғбек туман ҳокимяти билан боғланди, аммо: 

Бу масала ҳали очиқлиги ва лойиҳалар ўрганилаётгани боис ҳозирча батафсил маълумот бера олмаймиз. — дея жавоб берди ҳоким ўринбосари Фузайлхон Ҳошимов.

Умид қиламиз, мазкур муаммоларга тегишли ташкилот ва идоралар томонидан ижобий ечим топилади.

“Халқ сўзи” бу мавзуга яна қайтади.
Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019