Гулистондаги қурилишларда фойдаланилаётган автотранспорт воситаларининг тозалиги назорат қилинади

15:27 22 Ноябрь 2018 Жамият
516 0

Фото: Аҳмадали Шерназаров/“Халқ сўзи Online”

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Энди Гулистон шаҳридаги қурилиш ишларида фойдаланилаётган автотранспорт воситаларининг тозалиги назорат қилинади.

Шаҳар ҳокими Тўлқинжон Дадабоев имзолаган фармойишда ана шундай қоида белгилаб қўйилди.

“Мазкур ҳужжатга кўра буюртмачи ва пудратчи ташкилот раҳбарлари, мулкчилик шаклидан қатъий назар қурилиш ишлари олиб бораётган барча юридик ва жисмоний шахслар кўчаларни ифлос қилиши мумкин бўлган юклар, чиқиндилар, қум ва тупроқни намланган ҳолда махсус жиҳозланган автомашиналарда ташилишини таъминлашлари белгиланди. Агар бундай юклар кўчаларнинг тозалигига зарар етказса, устини махсус материал билан ёпиб ҳаракатланиши зарурлиги ҳам қайд этилди. Шаҳар кўчаларига чиқаётган автотранспорт воситаларининг ғилдиракларини ювиш учун эса махсус мосламалар қуриш тавсия қилинди”, - дейди Гулистон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Сабрина Номозова.

Фото: Аҳмадали Шерназаров/“Халқ сўзи Online”

Шу билан бирга фармойишда қурилиш чиқиндиларини белгиланган жойларга ташиб чиқариш, бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган ҳудуддаги кўчаларнинг тозалигини таъминлаш, музлаган ҳолатларда кўчаларнинг қатнов қисми ҳамда пиёдалар йўлакларига қум ва туз сепишга юқорида келтирилган ташкилот ва шахслар масъул қилиб белгиланди. Қолаверса, шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси раҳбари зиммасига Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳарсозлик Кодекси”нинг 4-моддасига биноан жисмоний ва юридик шахсларнинг қурилиш олиб бораётган ҳудудларига чегарадош ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк эгаларининг қонуний манфаатларига, шаҳарсозлик нормаларига зид хатти-ҳаракатлари кузатилса, мазкур ҳудудлардаги қурилиш ишларини тўхтатиш бўйича шаҳар ҳокимлигига таклиф киритиш юклатилди.

Фото: Аҳмадали Шерназаров/“Халқ сўзи Online”

Маълумот учун, бундан бир неча йил олдин Гулистон шаҳрининг марказий кўчалари ва ҳудудида от араваларнинг ҳаракатланиши таъқиқланган эди. Албатта, буларнинг бари ҳозирда катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётган, кундан-кунга чирой очаётган Сирдарё вилояти марказининг янада кўркам, озода ва саришта бўлишига хизмат қиладиган тадбирлардир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019