“Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” эълон қилинди​

10:11 01 Июнь 2018 Иқтисодиёт
558 0

Жорий йилнинг 29 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш муҳокама этилиб, мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” деб эълон қилинди.

Сув ресурслари чекланган минтақамиз тупроқ-иқлим шароитида деҳқончилик тақдири табиат билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, бу йил баҳорнинг салқин ҳамда қуруқ келиши пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқаряпти. Чунки ғўза ривожланиши ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан анча орқада қолмоқда. Бу эса экин парваришига жиддий эътибор қаратиб, барча агротехника тадбирларини жадаллаштиришни тақозо этади.

Дарҳақиқат, жорий мавсумдаги мураккаб об-ҳаво шароитида мўл ҳосил етиштирмоқчи бўлган фермерлар, энг аввало, ғўза қатор ораларига сифатли ишлов беришлари даркор. Бу жараёнда культиватордаги ишчи органлар сонига ва ишлов бериш чуқурлигига алоҳида эътибор қаратилиши зарур. Нега деганда, июнь ойида биринчи ҳамда иккинчи культивация ўртасида чизел-культиватор ёрдамида 25 — 30 сантиметр чуқурликда юмшатилса, ғўза илдиз тизими бақувват ривожланишига, ер ости сувларидан самарали фойдаланишга қулай шароит юзага келади.

Шундай экан, бугунги масъулиятли паллада механизаторлар деҳқоннинг ёнида туриши, тупроқ етилиши билан қатор ораларига культиваторни кечиктирмасдан киритиши жоиз. Ана шунда ўсимликнинг озиқланиш тизими яхшиланади, ёш ниҳолларнинг илдиз чириш ва гоммоз касалликлари билан зарарланишининг олди олинади. Энг муҳими, таралган сувнинг 50 фоизгача беҳуда исроф бўлиши бартараф этилади.

Ғўза ўсув даврида ўғитланса, озуқа моддалар билан етарли даражада таъминланиб, унга мадор бағишлайди. Минерал ўғитни ниҳоллар яхши ўзлаштириши учун озиқ моддалар илдиз ўсиш қатламига яқин солиниши зарур. Мазкур агротадбирни ривожланишдан орқада қолаётган ғўзаларда қўллаш чоғида органик ҳамда минерал ўғитлар аралашмаларидан фойдаланилса, янада яхши самара бериб, унинг ривожини тезлаштиради.

Тажрибадан маълумки, ҳосил тақдири ҳал бўладиган айни шу кунларда ғўза майдонларининг ҳар гектарига 250 — 300 килограммдан 2 марта маҳаллий ўғит берилса, тупроқдаги мавжуд микроорганизмлар фаолияти жадаллашиб, минерал ўғитлар самарадорлиги 50 фоизгача ошади. Ниҳолларни маҳаллий ўғитлар таркибидаги макро ва микроэлементлар билан қўшимча озиқлантириш имконияти ортади. Суғорилгандан кейин эса тупроқдаги намнинг буғланишини 50 фоиз, тўпланган ҳосилнинг тўкилишини 25 — 30 фоиз камайтириб, ҳосил салмоғини 20 — 25 фоиз оширади. Ғўзалар шоналаш ҳамда гуллаш даврларида гектарига 500 — 700 килограмм қуруқ маҳаллий ўғит азотли ўғитлар билан бирга берилса, пахта ҳосилини гектарига 2 центнер оширади.

Бу йилги экстремал шароитда экиннинг яхши ўсиб, баравж ривожланишини истаган фермер ғўзани қўшимча равишда баргидан озиқлантиришни эътибордан қочирмаслиги зарур. Суспензия сепиш меъёрлари ниҳолларнинг ривожланиш даражасига, барг сатҳи юзасига, кўчат қалинлигига ва қолаверса, илдиз орқали қўлланилган ўғит меъёрларига қараб белгиланади. Мазкур юмушни эрталаб ҳамда кечқурун ҳаво ҳарорати 20 — 25 даражадан ошмаган пайтда бажариш тавсия қилинади.

Ғўзалар шонага киргач, азотли ва калийли, гулга кира бошлаганда эса азотли ҳамда фосфорли ўғитлар берилиши лозим. Озиқлантиришнинг охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши айни муддаодир. Бундан кечикса, экиннинг ривожланиш даври чўзилиб кетишига олиб келади.

Жорий йилдаги сув тақчиллиги шароитида агротехника тадбирлари орасида ғўзани суғориш технологиясига алоҳида ёндашиш талаб этилади. Ҳар бир майдон учун суғориш муддатлари ва меъёрлари ҳудуднинг сув билан таъминланганлиги, тупроқ хусусиятлари ҳамда сизот сувлари чуқурлиги ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши ўта муҳим. Ана шундагина ғўзанинг бир меъёрда ўсишига, эртаги, мўл ва сифатли ҳосил тўпланишига мустаҳкам пойдевор қўйилади.

Эгатлар узунлигини қисқартириш сувдан тежамли фойдаланишнинг оқилона йўлларидан биридир. Шуни ҳисобга олиб, сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ҳамда енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралари 60 сантиметр бўлганда, эгатлар узунлиги 60 — 70 метрдан, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда 80 — 90 метр, қатор оралари 90 сантиметр бўлган пайкалларда эса тегишли равишда 80 — 90 ва 90 — 100 метрдан ошмаслиги керак.

Шу билан бирга, бу йилги шароитда ғўзани кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш технологиясини кенг қўллаш тавсия қилинади. Бу усул татбиқ этилганда, сув эгатнинг 75 фоизига етгач, икки баравар камайтириш, эгат охирига борганда эса яна икки баравар камайтириб, тадбирни ўзгарувчан оқимда доимий жилдиратиб бажарган маъқул. Зотан, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш, мазкур нозик агротехника тадбирини сифатли ўтказиш юқори ҳосил олиш гаровидир.

Пахтакорларимиз июнь ойининг ҳар бир дамини ғанимат билиб, ғўзани чанқатмасдан суғориш, культивациялаш, зараркунанда ҳашаротлар ҳамда хавфли касалликларга қарши курашиш каби тадбирларни ўз вақтида, маромида бажарсалар, ҳеч шубҳасиз, пахта хирмонимиз юксак бўлади. Шундай экан, ҳосилга ҳосил қўшиладиган ҳозирги ўта масъулиятли паллада тунни тонгга улаб, фидокорона меҳнат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Унутмайлик, бугунги машаққатли меҳнат эвазига келадиган даромаддан, энг аввало, ўзимиз баҳраманд бўламиз. Қолаверса, у иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, юртимиз обод, турмушимиз янада фаровон бўлишига хизмат қилади.
Шодмон НАМАЗОВ,
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти директори,
Феруза ҲАСАНОВА,
институт лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар