Гўшт нархи атрофидаги шов-шувлар ва ҳақиқатлар

21:02 12 Июль 2019 Иқтисодиёт
3004 0

Бугун энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу — бу гўшт баҳоси бўлиб турибди. Чунки ижтимоий тармоқлар, интернет нашрларида мол гўштининг килоси 60 минг сўмга кўтарилиб кетгани ҳақида ахборот тарқалгач, унинг атрофида турли фикрлар айлана бошлади.

Бироқ ушбу рақам билан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бозорлардаги нарх-навони ўрганган ҳолда, тақдим этган маълумотлардаги кўрсаткич ўртасидаги тафовут анча катта эканлиги ҳар қандай кишини ҳайрон қолдиради. Негаки, 2019 йил 7 июль ҳолатига кўра, мол гўшти 28 000 сўмдан 42 000 сўмгача, қўй гўшти эса 32 000 сўмдан 45 000 сўмгача сотилгани маълум қилинганди.

Вазиятни ўрганиш, реал ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида “Эски жува деҳқон бозори” акциядорлик жамияти томон йўл олдик.

Саратон иссиғи забтига олган бўлса-да, бозорда ҳар доимгидай ҳаёт қайнамоқда. Одам гавжум. Гўшт расталари олди ҳам. Харидорларни гапга соламиз.

— Мол гўштини 34 минг сўмдан олдим, — дейди ўзини Абдулла Ашрафхонов деб таништирган отахон. — Ўзининг кичкина суягини айтмаса, суяк ҳам қўшиб бергани йўқ. Гўшт суяксиз бўлмайди-да!

Ҳар доим шу бозордан савдо қиладиган бу харидор гўшт нархининг ошганини сезмаганини айтади. Бу гапни гўшт харид қилаётган кекса педагог Турсиной Мирҳамидова, олмазорлик пенсионер Эркин Икромов ҳам тасдиқлади. Юнусободлик Зуҳра Ашраповаэса нарх-наво бунданам арзон бўлишини хоҳлашини айтади.

Савдо расталарида мол гўштининг бир килограмми 34-39 минг сўм эканлиги ёзиб қўйилибди. Шу нархда сотилаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Унда 60 минг сўмлик нарх қаердан пайдо бўлди?

— Кунига ўртача 100 кило гўшт сотаман, лекин ҳали 60 минг сўмга чиққани йўқ, — дейди қассоб Мираъзам Исҳоқов. — Энг баланд сотганим 42-43 минг бўлган. Бугундан 39 минг сўмдан сотяпман.

Нархнинг 3-4 минг сўмга пастлаши тадбиркорга зарар эмасми? Гўшт баҳоси арзонлашишига нима таъсир қилди? Шу саволларга жавоб олиш учун гўшт етказиб берувчи тадбиркор — “Туркистон чорва хўжалиги” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Музаффар Мусамуҳамедовни суҳбатга тортамиз.

— Фаолиятимиз бўрдоқичиликка ихтисослаштирилган бўлиб, айни пайтда 100 бош буқа боқяпмиз, — дейди у. — Аммо улар билан буюртмаларни тўлиқ таъминлаш олмаймиз. Шунинг учун импортни йўлга қўйганмиз. Қозоғистондан кунига ўртача 60 бош қорамол олиб келиб, сўйиб сотамиз. Уларнинг ҳар бири 250 килограммдан гўшт қилади. Илгари 42-43 минг сўмдан сотган бўлсак, ҳозир 39 минг сўмдан сотиб, зиён қилаётганимиз йўқ. Ҳар бир килограммидан ўртача минг сўмдан соф фойда оляпмиз. Бозор маъмурияти томонидан текинга жой ва совиткич, давлат томонидан солиқ имтиёзлари берилгани туфайли даромадимиз кўпаймоқда. Шунинг учун Чилонзор бозоригаям битта савдо нуқтаси фаолиятини йўлга қўйдик.

Қизиқ, харидор ҳам, сотувчи ва етказиб берувчи ҳам гўшт нархининг ошганини бирдек инкор қиляпти. Унда ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозаралар шунчаки ҳавойи гапми?

Суҳбатдошимизнинг изоҳ беришича, 60 минг сўмлик гўшт йўқ эмас, бор. У битта буқадан атиги 2 килограмм чиқади, холос. Биқин атрофига бу гўшт, асосан, стейк ва махсус кабоб учун олинади. Аҳоли уй-рўзғори учун ишлатмайди. “Ана шу арзимаган миқдордаги гўшт баҳоси ўртача нархга у қадар таъсир қилмайди ва шов-шув кўтаришга арзимайди”, дея қўшимча қилади тадбиркор.

“Эски жува деҳқон бозори” акциядорлик жамияти бош мутахассиси Аваз Юнусовнинг айтишича, бозорда кунига ўртача 12-20 тонна гўшт сотилади. Нарх-навонинг ошиб кетмаслигининг олдини олиш, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, вилоятдан келган қассобларга гўшт маҳсулотларини эмин-эркин сотиш учун Тошкент шаҳрида 150 та қўшимча гўшт растаси ташкил этилган. Шундан 20 таси “Эски жува деҳқон бозори” ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда уларнинг 18 таси гўшт маҳсулотлари билан таъминланган.

— Интернет сайтларида гўшт нархи бўйича эълон қилинган маълумотларни ҳаққоний, деб ҳисобламаймиз, — дейди “Ўзбекчорванасл” агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Зиядулла Пирназаров. — Биз Тошкент шаҳридаги бозорларни мониторинг қилганимизда, ўртача нарх 34-40 минг сўм атрофида эканлиги маълум бўлди. Ҳозир ҳам шундай. Орадаги 20 минг сўмлик фарқ ҳақиқатдан анча йироқ.

Бозор иқтисодиётида нарх-наво талаб ва таклиф асосида шаклланади. Шунинг учун зиммамизга юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, чорвачиликни ривожлантириш, гўшт нархи ошишига таъсир қилувчи факторларни камайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўряпмиз. Бунда асосий эътибор кучли озуқа ва ем маҳсулотларини мақбул нархларда етказиб беришга қаратилган.

Дарҳақиқат, бўрдоқичиликда озуқанинг ўрни ғоятда катта. Чунки бир килограмм гўшт нархининг қарийб 65 фоизини ем харажатлари ташкил этаркан. Бироқ кейинги пайтда пахта шроти биржа савдоларига 1918 сўм бошланғич баҳо билан қўйилиб, нархининг 15 фоиз ошган ҳолда, сотилса, дўкондан то чорвадор қўлига етиб боргунича 145 фоизгача, омихта ем эса 136 фоизгача ошиб кетаётган экан. Агар мамлакатимиз мавжуд чорва молларининг 94 фоизи аҳоли ва деҳқон хўжаликлари тасарруфида эканлигини инобатга олсак, битта буқа боқиш хонадон бюджетидан анча-мунча харажат талаб қилиши ойдинлашади.

Шунинг учун айни пайтда бўрдоқичиликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган уч йиллик дастур асосида 240 та мажмуа ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, шу йилнинг ўзида 107 та бўрдоқичилик мажмуаси фойдаланишга топширилиши, бунинг эвазига 7 минг тонна қўшимча гўшт етиштиришга эришилиши кутилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш ҳисобига беда майдонларини кенгайтириш тадбирлари кўрилмоқда. Масалан, ҳозирги пайтда 230 минг гектарга такрорий экин сифатида маккажўхори экиш ишлари якунланаётган бўлса, кузда 105 минг гектар оралиқ экинлар экиш режалаштирилган. Буларнинг бари гўшт нархини арзонлашишига хизмат қилади, албатта.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Республика аҳолисининг гўштга бўлган эҳтиёжини қондиришда фақат мол ва қўш гўштига таяниб қолинмаслиги керак. Ер ва сув ресурслари, яйловлар чекланган шароитда қорамолчилик нисбатан катта харажат талаб этишидан кўз юмиб бўлмайди. Шунинг учун соҳада ноанъанавий йўналишларни ривожлантириш орқали маҳсулотлар турини кўпайтириш, таннархини эса арзонлаштириш мумкин. Бунда куркачилик, қуёнчилик, ўрдак ва ғозчилик, балиқчилик каби тармоқлар қўшимча имкониятларни юзага келтириб, озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, гўштнинг нархи аҳолига мақбул даражада бўлишига эришишда қўл келади.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019