GM Uzbekistan автомобилларини энди интернет ва мобиль илова орқали ҳам сотиб олиш мумкин

16:18 07 Ноябрь 2018 Жамият
2558 0

“Ўзавтосаноат” АЖ GM Uzbekistan автомобилларини харид қилиш бўйича онлайн режимида интернет ва мобиль иловасини ишга туширяпти.

Компания маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ва юртимиз меҳмонлари uzavtosavdo.uz сайти орқали, шунингдек, Android ва iOS мобиль телефонларига Uzavtosavdo иловасини юклаб олган ҳолда автомашина сотиб олиш имкониятига эга бўлади.

Бунинг учун фойдаланувчи Идентификациянинг ягона тизими(One ID)дан рўйхатдан ўтиши лозим. Агар электрон рақамли имзо бўлса, автомобилни хорижда туриб ҳам харид қилиш мумкин.

Фойдаланувчи автоулов русуми, модификацияси, ранги ва ҳатто дилерлик марказини танлай олади. Бундан ташқари, автомобиль учун тўлиқ ёки қисман тўловни амалга ошириш имкони ҳам мавжуд. Мазкур жараёнларнинг барчаси автоматлаштирилган.

Харидорга навбат рақами ва дилердаги автомобиллар сони ҳақида маълумотлар берилади. Агар унга зарур бўлган автомашина дилерда йўқ бўлса, буюртма тўғридан-тўғри автомобиль заводига юборилади.

Харидор шартнома ва автомобилнинг индивидуал VIN-рақамига эга бўлади. Шундан сўнг у дастлаб танланган автомобилнинг умумий қийматидан 3 фоизини банк картаси орқали ўтказиши ва кейинчалик қолган суммани тўлаб бериши лозим.

“Савдонинг эски тизимига билдирилган норозиликлар ва шикоятларнинг асосий сабаби шартнома олиш, тўловларни тўлаш бўйича узундан-узоқ навбатлар, шундан сўнг автомобилнинг ўзини узоқ кутиш билан боғлиқ эди. Бунинг боиси автомобиль олиш муддатини номаълум муддатга чўзувчи ноинсоф одамлар томонидан яратилган сохта навбатлар эди. 3 фоизлик аванс тўловининг жорий этилиши мазкур сабабларни йўқ қилиш ва харидорга энг қисқа муддатларда автомобилни етказиб беришга хизмат қилади”, - дейилади компания хабарида.

Uzavtosavdo иловаси харидорга барча жараёнларни бошиданоқ назорат қилиш имконини яратади. Фойдаланувчилар ўз навбати ва автомобилни олиш санасини билиб боришади.

Автомобилнинг 85 фоиз нархи тўлангандан сўнг яна бир қўшимча қулайлик тақдим этилади. Яъни харидор автомобилни уйигача бепул етказиб бериш имкониятидан фойдаланиши мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар