Ғиждувон шаҳрида умумий қиймати 4,4 миллиард сўмга тенг замонавий радарлар ва кузатув камералари ўрнатилади

18:51 20 Октябр 2020 Жамият
196 0

Ғиждувон шаҳри аҳоли гавжум, автомашиналар серқатнов ҳудудлардан саналади. Шундан келиб чиқиб, шаҳар ҳудудидаги тўртта серқатнов чорраҳада ҳамда туманга кириш ва чиқиш жойларида тезликни ўлчайдиган қўзғалмас радарлар, деҳқон ва буюм бозорлари олдида камералар ўрнатиш ҳамда ушбу бозорларда мавжуд кузатув камераларини Ғиждувон туман ИИО ФМБ да ташкил этилган вазиятни кузатиш марказига интеграция қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисида депутатлар олдида ҳисобот берган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев ана шуни маълум қилди.

— «Рақамли Ўзбекистон — 2030»стратегияси лойиҳаси бугунги кунда соҳаларни рақамлаштириш, хусусан, вилоят даражасида ҳудудларни рақамли трансформация қилиш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан алоҳида аҳамиятга эга, — деди жумладан Ш. Алиев. — Ғиждувон шаҳрида рўёбга чиқарилиши кутилаётган бу лойиҳа фуқароларимизда ҳайдовчилик маданиятини ошириш, йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш, автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш нуқтаи назаридан фойдали бўлади.

Депутатлардан тушган саволларга жавоб бераркан, Ш. Алиев мазкур лойиҳа маҳаллий бюджет маблағлари эвазига амалга оширилишини, тизим йўл- транспорт ҳодисалари билан боғлиқ нохуш ҳолларни камайтириш имконини беришидан ташқари, иқтисодий жиҳатдан самарадор тизим эканини, унда инсон омили бўлмаслигини таъкидлади.

Маълумот тариқасида айтиш лозимки, айни пайтда вилоят ИИБ ЙҲХБ ихтиёрида “AutoCon” русумли 5 та автоматлаштирилган фотовидео қайд қилиш мосламаси мавжуд. Бундан ташқари, яна 8 та махсус автоматлаштирилган стационар фото ва видеофиксация радарлари харид қилиниб, улар тўлиқ ишга туширилган. Ҳозирга қадар ушбу автоматлаштирилган фото-видео қайд қилиш мосламалари орқали 44 835 та қоидабузарлик аниқланган.

Истам ИБРОҲИМОВ,
 «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?