Гилос экспорти. Бунинг ортидан катта даромад олиш мумкин

09:50 23 Май 2018 Иқтисодиёт
437 0
Фото: protoday.uz

Юртимизда пишиқчилик мавсуми бошланди. Боғларда пишиб етилаётган сархил мевалар дастурхонимизни безамоқда.

Бозор расталарини тўлдираяпти. Ундан ортгани эса экспортга чиқарилмоқда. Айниқса, болга тўлган гилосларнинг харидори чаққон. Ташқи бозорда талаб юқори бўлган бу мевадан жорий йилда ҳам мўл ҳосил етиштирилди.

Хусусан, Наманган гилосзорларидаги пишиқчилик кишининг ҳавасини келтиради. Вилоят миришкорлари бу мавсумда 26,5 минг тонна ҳосил етиштиришни мўлжаллашган.

Унинг 11 минг тоннадан кўпроғи ташқи бозорга йўналтирилади. Айни пайтда жойларда экспорт амалиётлари жадал давом эттирилмоқда.

— Хорижда бизнинг гилосга талаб жуда юқори, — дейди Мингбулоқ туманида рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор Баҳодир Кўпайсинов. — Ҳозирги кунга қадар чет эллик харидорларга 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда гилос сотдик. Бу ҳали мавсумнинг бошланиши...

Айтиш керакки, вилоятда бу йил биргина гилос экспортининг ўзидан 45 миллион АҚШ долларига тенг даромад қилиш мўлжалланаяпти. Дастлабки натижалар ушбу кўрсаткич янада кўпроқ бўлишидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон гилос етиштириш ва уни экспорт қилиш бўйича АҚШ, Чили, Туркия ва Европа иттифоқидан кейин бешинчи ўринда туради. Маълумотларга қараганда, айни пайтда мамлакатимиздаги гилосзорлардан йилига 200 минг тоннага яқин ҳосил олинади. Унинг 30 минг тоннадан ортиғи хорижий харидорларга жўнатилмоқда. 

Хўш, бу кўрсаткич озми-кўпми? Бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиришнинг иложи борми? Жаҳон бозоридаги ўрнимизни мустаҳкамлаш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда?    

— Бунинг учун, аввало, мева етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган ҳар бир корхона ташқи бозорга чиқиш ҳуқуқини берувчи “Global GAP” сертификатига эга бўлиши шарт, — дейди “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамиятининг логистика бўлими бошлиғи Баҳодир Раҳматуллаев. — Айни пайтда республикамизда мева-сабзавот экспорти билан шуғулланувчи 10 дан ортиқ субъектлар шундай сертификатни қўлга киритган. Табиийки, хуштаъм, кўриниши эътиборни тортадиган, юқори сифатли меваларгина жаҳон бозорида харидорга манзур бўлади.  Жумладан, гилосга ҳам талаб шундай. Таъми, донасининг йирик ва текислиги алоҳида аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда барча жиҳати билан хорижликлар дидига мос тушадиган маҳсулот етиштириш ва сотувга тайёрлаш учун мавжуд имкониятлар ишга солинмоқда. Бунда дунёнинг машҳур компанияларида тайёрланган технологик ускуна ва жиҳозлар қўлланишига аҳамият қаратилаяпти. Масалан, Италиянинг “Uniteks” компаниясидан келтирилган линия ёрдамида гилосни маълум даражадаги паст ҳароратда сақлаш ва уни махсус қутиларга жойлаб, савдо растасигача табиий ҳолатда етказиш мумкин. Айни пайтда уч жойда шундай технологиядан фойдаланилмоқда. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, яқин вақт ичида  улар сони кескин кўпайтирилади. Умуман олганда, мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида  2018-2019 йиллар мобайнида гилос экспорти 40 минг тоннага етказилади.

Кўчатни компьютер парваришлайди

Гилосчиликни ривожлантириш ва унинг экспортини ташкил этиш борасидаги ишларда Тўрақўрғон туманидаги “Gold fresh fruits” масъулияти чекланган жамиятининг лойиҳаси алоҳида ажралиб туради. Ушбу корхона жамоаси Яндама қишлоғи атрофида 800 гектардан ортиқ майдонда интенсив боғлар барпо этди. Дастлабки ўтқазилган ниҳоллар ўтган йили нишона кўрсатди. Атрофи махсус тўсиқлар билан ўралган бу боғларнинг 85 фоизини гилосзор ташкил қилади. Бўйи унча юқори бўлмаган, бироқ маҳаллий навларга қараганда серҳосил  кўчатлар хориждан келтирилган. 

— Илгари атиги 12 центнердан пахта олинган бу ерларнинг ҳолатини яхшилаш учун анчагина тер тўкилди, — дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Эркинжон Нишонов. — Пасту баландини текислаб, ўт-ўландан тозаладик. Бошқа иқлим ва шароитда ундирилган ниҳолларни маҳаллий шароитга мослаштиришда хорижлик мутахассислар билан миришкор боғбонларимизнинг ҳамкорликдаги меҳнати қўл келди. Тан олиб айтиш керакки, боғдорчилик борасида халқаро тажриба бизникидан анчагина фарқ қилади. Кўчатлар аниқ схема асосида жойлаштирилган. Суғориш илғор технология — томчилатиш йўли билан амалга оширилади. Бунинг учун катта майдонлардаги мева дарахтлари қаторига юз минг метрлаб ингичка ва юмшоқ қувурчалар тортиб чиқилган. Уларга сув компьютер билан бошқариладиган 3 та насос станцияси орқали етказилади. Янгиликнинг афзаллиги шундаки, оддий усулда суғорилганда гектарига 120 литр сув сарфланса, бу усулда 40 литрдан ошмайди. Тежамкорлик даражаси — 55 — 60 фоиз. Биз боғни минерал ўғитлар билан тўйинтиришни ҳам сув орқали бажарамиз. Айни жараёнда сарф-харажат камайишидан ташқари сув орқали берилган озуқа тўғридан-тўғри кўчат илдизига боради. 

“Uzbek cherry” лойиҳаси

Э. Нишонов ўтган йили Италияга хизмат сафари билан бориб,  бу борадаги тажрибаларни яқиндан ўрганиб қайтди. Соҳа бўйича профессор Франк Фортенинг маслаҳатларини олди. Уларда ҳар бир кўчатнинг оралиғи 15 сантиметрдан 3 метргача масофани ташкил этар экан.

— У ерлардаги боғларни кўриб, ҳайратланмай иложингиз йўқ, — дейди Эркинжон. — Зич экилган кўчатларда бор-йўғи икки-учта шох бор. Бироқ бу шохлар пастидан учигача ҳосил. Бунинг устига кўчатлар атрофи чуқур юмшатилмайди. “Сизлар чопиқ қилиб, кўчатнинг асосий илдизларига шикаст етказасизлар. Натижада дарахтнинг ҳосили камайиб, осмонга қараб ўса бошлайди. Ер юзасига яқин қисмида попук илдиз бор, эътиборни кўпроқ шунга қаратиш керак”, дея менга маслаҳат берди италиялик олим. Унинг гапи тўғри эканлигини амалда синаб кўрдим. Шохларга шакл бериш, пишиб етилган ҳосилни саралашнинг илғор усулларини ҳам ўргандим. Қайтар чоғимда Франк махсус қайчи ва меванинг йириклигини ўлчайдиган  асбоб совға қилди. 

Тўрақўрғонлик боғбонлар ҳозирги кунда хориж тажрибасини ўрганган ҳолда “Uzbek cherry” лойиҳаси устида қизғин иш олиб боришаяпти. Унинг умумий қиймати 45 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, жорий йил охиригача интенсив боғдаги гилосзорлар 1000 гектарга етказилади. Улар тўла ҳосилга киргач, йилига 10 минг тоннадан ошириб ҳосил олиш мумкин. 

Замонавий логистика маркази

Бу ерда барпо этиладиган замонавий логистика марказида гилосни саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга чиқариш ишлари амалга оширилади. Мажмуада умумий қуввати 14200 тонналик сиғимга эга 12 та омбор, 2 та замонавий музлаткич ўрнатилади. Илғор технологиянинг иш жараёни компьютерлар ёрдамида олиб борилади. Лазер сканерли саралаш ускунаси ювилган гилосни сақлаш муддатини аниқлаган ҳолда, алоҳида турларга ажратади. Сўнгра маҳсулот карахт ҳолга келтирилиб, музлатилади. Махсус қутиларга жойланган маҳсулот дўкондаги витринали музлаткичга етиб боргунга қадар шундай сақланади. Қиймати 72 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа келгуси йил бошигача рўёбга чиқарилиб, йилига 150 тонна гилосни музлатилган ҳолда жамғариш имконияти яратилади. 

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Наманган вилоятига сафари чоғида “Gold fresh fruits”нинг фаолияти  билан яқиндан танишиш жараёнида  бу ерда водий гилосчилик мактабини ташкил этиш бўйича ўз таклифини билдирган эди. Шундан келиб чиқиб, ушбу вазифа ижросига киришилди. Ўтган қисқа фурсатда илғор тажриба марказига айланган мазкур жамиятга Фарғона водийсидан ташқари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан юзлаб боғбон ва мутахассислар ташриф буюришди.

— Бу ерга келаётганлар тажрибаларимизни яқиндан ўрганмоқдалар,  —  дейди агроном Дилмурод Арслонов. — Машғулотларда, асосан, гилосни ўтқазиш ва парваришлаш технологияси, жумладан,  кўчатни пайвандлаш, ердан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Умуман айтганда, ушбу соҳанинг жадал ривожи мамлакатимиз экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар