Гиламдаги отнинг тақаси ёхуд сайёҳларни ачинтирган қадимий деворлар 

17:52 17 Апрель 2018 Маданият
969 0
Фото: "Халқ сўзи online"


Маданият вазирлиги диққатига! 

Тарихий манбаларга қараганда, Говкушон мадрасаси Бухородаги жўйбор шайхлари томонидан  шайбонийлар ҳукмронлиги даврида, XVI асрда бунёд этилган. 
Мадраса ва масжиднинг ўртасидан Шоҳруд ариғи ўтган. Мадрасанинг номи маҳалла номи билан боғлиқ. Бундан ташқари, Говкушон деган қассоблар бозори ва маҳалла бўлган. 

Фото: "Халқ сўзи online"

Говкушон мадрасаси ҳақидаги расмий маълумотлар унинг Мустақиллик йилларигача ва мустақилликдан кейин меъморий обиданинг таъмир талаб қисмлари қайта тикланиб, мадраса атрофи кўкаламзорлаштирилгани, хорижлик сайёҳлар ва юртимиз зиёратчиларининг сайилгоҳига айлангани ҳақида хабар берилади. Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан барча обидалар қаторида қайта таъмирдан чиққани, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани, давлат муҳофазасига олингани ҳам истисно этилмайди.

Фото: "Халқ сўзи online"

Аслида мадраса қаровсиз ҳолга келиб қолгани учун бугунги кунда бу ердан сайёҳларни олиб ўтишмайди. Адашиб-нетиб қолган чет элликлар ғиштларни пайпаслаб, бош чайқашади, ичлари ачийди, чунки улар шундай обидаларни кўраман деб олис-олис юртлардан катта-катта пуллар сарфлаб келишади.

Фото: "Халқ сўзи online"

Абдулла Қаҳҳор “маданият тарихига алоқадор бўлса гуржилар отнинг тақасини девордаги гиламга осиб қўйишади”, деган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш мақсадида қарор ва фармонлар, тегишли ҳужжатлар қабул қилинаётган бугунги кунда ҳам мутасадди ташкилотлар бундай манзараларга бефарақ қарашлари мумкинлигини бировга айтсанг ишонмайди. Аммо ҳақиқий манзарани ўз кўзи билан кўргач, ёқа тутамламоқдан ўзга илож тополмай қолади. Нима дедингиз?
Шойим БЎТАЕВ, /"Халқ сўзи"/


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар