ГФР Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда

18:25 12 Март 2020 Сиёсат
439 0

Германия Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда

Яқинда Германиянинг Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги етакчи сиёсий фондларининг минтақавий идоралари раҳбарлари Термиз шаҳрига ташриф буюрди.
Ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкиллаштирилди. Бундан мақсад германиялик мутахассисларни Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш мақсадида Сурхондарё вилоятида замонавий инфратузилмаларни ташкил этиш ҳамда ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан таништириш эди.

Меҳмонлар Термизда фаолият юритаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази, “Термиз карго” халқаро логистика маркази ҳамда “Термиз — Ҳайратон” халқаро назорат пункти фаолияти ва салоҳияти ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Ҳозирги кунда Германия Афғонистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, Япония ва АҚШдан кейинги энг йирик донор мамлакат саналади. 2002 йилдан 2016 йилга қадар Германия Афғонистонни тиклаш учун 4 миллиард еврога яқин маблағ ажратган. Бугунги кунда Германия Федератив Республикасининг Афғонистонга йиллик кўмаги 500 миллион еврони ташкил қилади. Бундан ташқари, Германия Афғонистондаги, айниқса, шимолий ҳудудлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон ва Германия Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича умумий қарашларга эга. Хусусан, ГФР Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Бинобарин, ҳар икки мамлакат ҳам Афғонистондаги вазиятни фақатгина музокаралар орқали ҳал қилиниши тарафдори бўлиб, ушбу давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонга нисбатан янги ташқи сиёсати очиқлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатлар эътиборга олиниши тамойилларига асосланган бўлиб, икки томонлама алоқаларнинг сезиларли даражада кенгайишига хизмат қилди. Ушбу сиёсатнинг муҳим қисми сифатида расмий Тошкентнинг Афғонистонда тинчликка эришиш жараёни ва мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмак берадиган кўп томонлама механизмларда фаол иштироки этиши ва Ўзбекистоннинг Қобулнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилинишини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтиш мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ушбу йўналишда ўз саъй-ҳаракатларини амалга оширишда Германия билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Афғонистондаги можарони ҳал қилиш масалалари 2019 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Германияда Федерал канцлер Ангела Меркел билан, шунингдек, мазкур мамлакат Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги музокараларда ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Таъкидлаш лозимки, шу йил 29 февраль куни Доҳа шаҳрида АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тузилган тинчлик шартномасидан сўнг Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили М.Потцел Афғонистонда тинчлик ўрнатишда Ўзбекистоннинг муҳим ўрин тутишини ҳамда расмий Берлин узоқ йиллар давомида Афғонистон бўйича расмий Тошкент билан ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади. М.Потцелнинг фикрига кўра, айнан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган халқаро конференция ташкил этилди.

Германиянинг етакчи сиёсатшуноси ва Марказий Осиё бўйича мутахассиси Гюнтер Кнабе Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини изоҳлар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу йўналишда сиёсий ва дипломатик тадбирларни амалга оширишда қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва “Толибон” ўртасида тинчлик шартномасининг имзоланиши Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистондаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал этишнинг муқобили йўқлиги тўғрисидаги фикрларининг нечоғлик тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Афғонистон фуқароларининг таълим олиш масаласи мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни ўрнатишда муҳим ўрин тутиши инобатга олинган ҳолда 2018 йил январь ойида Термизда таълим маркази очилди. Мазкур марказда афғон ёшлари учун олий таълимнинг 17 йўналиши ва ўрта-махсус касбий таълимнинг 16 йўналиши бўйича таълим олиш имкониятлари яратилди.

Айни пайтга қадар марказда 136 афғон талабаси таҳсил олди. Улардан 96 нафари ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавр даражасига эга бўлди, 40 нафари рус тили, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва тадбиркорлик бўйича қисқа муддатли курсларда малака оширди. Ҳозирги кунда марказда “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Акушерлик ва ҳамширалик иши”, “Қуруқликдаги транспорт тизими ва улардан фойдаланиш” бўйича 172 талаба таҳсил олмоқда, улардан 46 нафарини қизлар ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, марказда афғон фуқаролари учун ўқув дастур билан бир қаторда тикувчилик, сартарошлик, гилам тўқиш, ҳайкалтарошлик ва бошқа талаб юқори бўлган касбларни ўргатиш бўйича тўгараклар ташкил этилган. Бу бир томондан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш имконини берса, бошқа жиҳатдан келажакда қўшимча даромад топишда фойдаланиш мумкин бўлган кўникмаларни эгаллаш имконини беради.

Бундан ташқари, афғонистонликларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда қисқа муддатли курсларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Жумладан, Хитой билан Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимларини ўқитиш, АҚШ билан афғон муҳандисларини йўл қурилиши ва ундан фойдаланиш ҳамда Афғонистон полицияси ходимларини наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича малакасини ошириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Европа Иттифоқи мамлакатлари, хусусан, Германиянинг молиявий кўмаги асосида афғонистонлик мутахассислар, шу жумладан, тиббиёт соҳасидаги ходимларни Таълим марказида ўқитиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Германия ушбу мақсадлар учун 17,5 миллион евро ажратди.

Германия делегациясига ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистонда транспорт, энергетика, савдо, инвестиция ва таълим соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширишда минтақадаги ва дунёдаги етакчи давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка қисқа муддатда эришишнинг зарурий шарти эканлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистонда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим бўлган соҳаларда хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда зарур имкониятларга эга.

— Термиз сафари давомида Афғонистон йўналишида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди, — дейди И.Иргашев. — Хусусан, Термиздаги таълим марказида афғон мутахасисларини тайёрлаш ва ўқитиш, “Термиз карго” халқаро логистика маркази имкониятларидан биргаликда фойдаланиш, “Термиз” эркин иқтисодий зонасида қўшма корхоналарни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Германиянинг Ф.Эберт ва К.Аденауэр фондларининг Марказий Осиёдаги ваколатхоналари раҳбарлари Кристоф Мор ва Ронни Хайне Ўзбекистоннинг Афғонистонга кўрсатаётган ижтимоий-иқтисодий кўмак бериш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларини юқори баҳолаб, ушбу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдор эканликларини алоҳида таъкидлади.

К. Морнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон томони шарофати билан Афғонистонни бошқа бир бир ижобий томондан кўриш имкониятига муяссар бўлганлигини айтиб ўтди.

— Таълим марказидаги суҳбат чоғида биз афғон ёшлари билим олишга чанқоқлигини, ўз юртида тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини кўрдик, — дейди Ф. Эберт фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонасираҳбари Кристоф Мор. — Бу Афғонистоннинг тинч келажагига умид, ишонч бағишлайди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу урушдан азият чеккан мамлакатни тинч йўл билан қайта тиклашда халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш борасидаги ташаббусларининг долзарблигини яна бир бор ифодалайди.

Бундан ташқари, немис экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистонда можарони ҳал этишда афғон миллий иқтисодиётини тиклашга ҳар томонлама ёрдам бериш, тинч йўл билан миллий келишувга эришиш ва ушбу мамлакатни минтақавий иқтисодий алоқаларга жалб этиш бўйича принципиал ёндашуви мақтовга лойиқ ва юқори баҳога муносиб бўлиб, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган низоларни ҳал этиш нуқтаи-назаридан катта илмий-амалий қизиқиш уйғотади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акром Неъматов бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия таҳлилий марказлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Чунончи, доимий равишда минтақавий ва халқаро хавфсизликка бағишланган турли учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ўтказилмоқда. Бунга тасдиқ сифатида шу йилнинг июнь ойида Тошкентда К.Аденауэр фонди билан биргаликда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Афғонистон, Покистон ва Германия вакиллари иштирокида халқаро семинар ўтказилиши режалаштирилгани қайд этилди.

Бундан ташқари жорий йилнинг сентябрь ойида Фонд кўмагида Брюссель ва Берлин шаҳарларида Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши ва минтақада Европа Иттифоқи стратегиясини амалга оширишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган. Бундай учрашувлар, шубҳасиз, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва таҳлилий тадқиқотларга асосланган таклифларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Умуман олганда, Термизга ташкил этилган ташриф Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳамда унинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва транспорт соҳасидаги интеграция жараёнларига қўшилишига қаратилган Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Ташриф доирасида меҳмонлар Термиз археологик музейида ҳам бўлишди. Юртимизнинг, хусусан, шаҳарнинг бой тарихий мероси уларда катта таассурот қолдирди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?