Германиянинг нуфузли компанияси вице-президенти Ўзбекистондаги форумда иштирок этади

18:01 25 Август 2018 Спорт
129 0
Фото: Auto Motor Sport

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий соҳадаги инновациялар – жамият ривожининг муҳим омили” халқаро форуми бўлиб ўтади. Унда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро экспертлар иштирокида таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида инновацияларни татбиқ этиш, инновация соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби қатор долзарб масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, форумда иштирок этиш учун Германиянинг Тюрингия федерал ери собиқ Бош вазири доктор Дитер Альтхаус таклиф этилмоқда.

Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг муҳим тармоқларини жадал инновацион ривожланиши масалалари, шунингдек, жаҳон илм-фанининг сўнгги ютуқлари, замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилмоқда. Унда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси ҳолати, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган муҳим ислоҳотлар тақдимоти бўлиб ўтади. 

Форум ишида давлат идоралари, етакчи хорижий экспертлар, ННТ ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этади. Шунингдек, “Magna International” компаниясининг Европа бўлинмаси вице-президенти, Германиянинг Тюрингия федерал ери собиқ Бош вазири доктор Дитер Альтхаус “Инновацион ва иқтисодий ривожланиш жараёнлари Германия тажрибаси мисолида” мавзусидаги тақдимоти билан иштирок этади.

Маълумот учун “Magna International” “Ford”, “Toyota”, “Honda”, “Volkswagen”, “Porsche”, “General Motors”, “Mercedes-Benz”, “Mitsubishi”, “Hyundai”, “Great Wall Motors” каби етакчи автоконцернлар учун эҳтиёт қисмларини етказиб берувчи йирик компания ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу компания “BMW X3”, “Mercedes E-Class” ва “G-Class”, “Saab 9-3 Convertible”, “Jeep Grand Cherokee”, “Chrysler 300”, “Chrysler Voyager” каби русумдаги автомобилларни ҳам йиғиш билан шуғулланади.

Германиялик мутахассис юртимизга жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари ташриф буюриб, иқтисодий ҳамкорлик, турли соҳаларга инвестиция киритиш ҳамда инновацион ривожлантириш масалалари бўйича мутасадди ҳукумат вакиллари билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, “Uzavtosanoat” АЖ раҳбарияти билан учрашиши режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар