Германияда қандай яшашади?

18:01 30 Май 2019 Жамият
468 0

Германияда ҳаёт одатдагидек осуда кечади. Кўчаларда, айниқса, Берлинда тиғиз пайтда ҳам сокинлик ҳукмрон. Ёшу кекса ишига, ўқишига қатнайди. Лекин ҳеч ким шошмайди. Эътиборлиси, уларнинг асосий қисми манзиллари сари велосипедда боришади. Бунинг учун шаҳар кўчаларига махсус йўлаклар қилинган. Ташкилотлар ва умумий овқатланиш шохобчалари яқинида эса махсус тўхташ жойлари мавжуд.

Айни пайтда Германияда 72 миллионта велосипед бор. Агар мамлакат аҳолиси сони 82 миллион киши эканлигини инобатга ­олсак, шундай хулоса қилиш мумкинки, деярли ҳамма бу транспорт воситасига эга. ­Одамларнинг электр токида ҳаракатланадиган велосипедларга ҳам қизиқиши ва талаби ортиб боряпти. Германияда велосипед ижараси хизмати ҳам яхши йўлга қўйилган. Исталган бекат ёки катта савдо нуқталарида велосипедларни ижарага олишингиз ­мумкин.

Бу “Audi”, “BMW”, “Mercedes-Benz”, “Volkswagen”, “Porsche”, “Opel” каби маш­ҳур брендлар ватани бўлган Германиядаги оддий ҳолат. Ваҳолонки, немислар юртида йилига қарийб 6 миллионта автоулов ишлаб чиқарилади ва бу Европа ­Иттифоқидаги умумий автомобиль ишлаб чиқаришнинг 35,6 фоизини ташкил этади.

Унда нега велосипед дерсиз?!

Ҳамма гап ушбу мамлакат аҳолиси атроф-муҳитни асраб-авайлаш йўлида қайғуриши, атмосферани ифлослантирмасликка ҳаракат қилиши ва табиат неъматларини эҳтиётлашида, десак, асло муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда ГФР айнан шу мақсадлар йўлида ҳаётга муқобил энергия манбаларини фаол жорий этгани ҳолда, атом энергетикаси ва кўмир қазиб чиқаришдан воз кечиш босқичида турибди. Шунинг учун ҳам давлат йирик молиявий ва ­бошқа йўқотишлар, фуқаролар бандлигини ­таъминлаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келяпти. Лекин аҳоли буни тушунишга ҳаракат қилмоқда, зеро, табиат ресурслари абадий эмас. Ҳозир Германияда энергиянинг қарийб ярми қайта тикланувчи қувватлар манбалари ҳиссасига тўғри келиши ҳам фикримиз тасдиғидир. Мисол учун, бу заминда шамол тегирмонлари ўрнатилган майдонларни топиш қийин эмас. Электр энергияси таъминотининг 12 фоизи айнан мана шундай мосламалар ҳиссасига тўғри келади. Яна деярли шунчаси қуёш қурилмалари ёрдамида ­олиняпти. Ишлатилаётган кўмир эса қўшни давлатлардан импорт қилинади.

Музейга айланган кон

Немисларнинг ўтмиш саноат иншоотларидан фойдаланиш бўйича тажрибаси ҳам диққатга сазовор. Масалан, Рурдаги собиқ кўмир кони музейга айлантирилган. У ерга келганлар шу каби шахталар тарихи билан таништирилади, ҳукуматнинг бу борадаги жуда қатъий қарори моҳияти тушунтирилади. Бироқ пул топиш қобилиятини немислардан ҳеч ким тортиб ололмайди. Музейда кўмирни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича бор технологик линия сақлаб қолинган. Рур меҳмонларига ҳар бир асбоб-ускуна қандай қўлланилганини айтиб беришади. Буни қарангки, ушбу бесўнақай агрегатлар бу жойда рассомлар, фотографлар ва ҳунармандлар кўргазмаларини ўтказишга ҳеч қандай халақит бермайди. Илғор ёшлар эса турли тадбирлар, ҳатто тўй маросимларини ҳам ташкил этиб туришар экан.

Музей биносининг ташқи ва ички кўринишига креатив ёндашилган. Қора­йиб кетган зинапоялар, электрон ахборот панеллари, кончилар ҳаётидан ­фотосуратлар... Шунинг учун ҳам бу ­ердан сайёҳлар қадами узилмайди.

Тўғриси, барчага машҳур немисча озодалик ва тозаликни сақлаш ҳам осон эмаслигига шоҳид бўлдик. Германиядаги ҳар бир шаҳар чорраҳаларига турли чиқиндилар — қоғоз, пластик, ойна ва ҳоказолар учун бир нечта чиқинди идишлари қўйилган. Хиёбонлар ва тураржойлар яқинида эса уй ҳайвонлари учун алоҳида ахлатдонлар ўрнатилганига гувоҳ бўласиз. Энг асосийси, мамлакатнинг ҳар бир аҳолиси тозалик бўйича умумқабул қилинган ­меъёрларга қатъий риоя этишга ­интилади.

Имконияти чекланганларга чекланмаган шароитлар

Жамиятнинг инклюзивлиги ҳам кишида алоҳида ҳурмат уйғотади. Бу ерда имконияти чекланган одамлар учун барча шароит яратилган. Чунончи, деярли ҳар бир ташкилот, кафе ёки ресторанга кириш, жамоатчилик транспорт воситаларига чиқиб-тушиш учун қулай пандуслар ўрнатилган. Кўп қаватли уйларда эса кўмакка муҳтож шахслар учун лифтларнинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилган. Бинобарин, немислар улар учун платформа яратар экан, аравада юрадиган инсонларни ҳам ёддан ­чиқаришмайди, яъни йўлак ва хоналар ўртасига зина ёки ­бошқа ўткир бурчакли кўтарилишлар каби тўсиқлар қурилмайди. Қолаверса, ҳамма жойда имконияти чекланган инсонлар учун зарур шароитлар яратилган ҳожатхоналар мавжуд. Булар кўринишидан оддий туюлар, бироқ барча мамлакатда ҳам бор бўлмаган мана шундай қулайликлар ногиронлиги бор инсонларнинг немис жамияти, жумладан, Берлин ҳаётининг том маънода ажралмас қисми эканликларини ҳис этишларига ёрдам беради, ­ишлашлари, сайр қилишлари, музей ва театрларга боришлари учун имконият яратади.

Сайёҳларни қизиқтирадиган жойлар

Германияда туристларнинг катта ­қисмини, асосан, чекка-чекка ерлар, Рейн дарёси бўйлаб ястаниб кетган шаҳарларда учратиш мумкин. Бой ўтмиш, ўрта ­асрлардан сақланиб қолган қасрлар, улкан токзорлар бу жойларга ўзгача фусун бағишлайди. Гидлар меҳмонларга қадимги қалъаларда яшаган аҳоли тарихи, бундай қадимий иншоотлар не-не қонли урушларни бошидан ўтказгани ҳақида сўзлаб беради.

Мамлакат табиати ҳам гўзал. Ёғингарчиликларнинг мўллиги туфайли немис замини яшилликка бурканиб туради, мамлакат ҳудудининг катта қисми табиат қўриқчилари қатъий муҳофаза қилинадиган ўрмонлардан иборат. Бу ерда кичик фермалар чорвачилик билан шуғулланиб келади. Қанд лавлаги, арпа, ­буғдой, маккажўхори, сули, жавдар, ем-хашак экинлари ва картошка етиштирилади. Қишлоқ хўжалиги улкан ҳудудни ­қамраб олган бўлса-да, мазкур соҳа аҳолининг жуда кичик ­қисмини иш билан таъминлайди. Зеро, қолган ишларни технологиялар ­бажаради.

Дилдора РАУПОВА, “Халқ сўзи”.

Тошкент — Берлин — Тошкент


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019