Германияда ўзбекистонлик пианиночи ижросида мусиқа кечаси ташкил этилди

19:05 08 Сентябр 2020 Дунё
227 0

Германиянинг Баден-Вюртемберг еридаги қадимий Шветсинген шаҳрида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ўзбек пианиночиси Татьяна Ворм-Савосская ижросида мусиқа кечаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Тадбир Лузерҳаус майдонида санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилди.

Асли термизлик Татьяна мусиқа йўналишидаги билимини Тошкентдаги Ўзбекистон давлат консерваториясининг «фортепиано синфи»да олган. Айни пайтда у Германияда яшаб, ўз фаолият олиб бормоқда ва Шветсинген шаҳридаги хусусий мусиқа мактабини бошқармоқда.

Концерт олдидан мамлакатимизнинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси вакили сўзга чиқиб, тадбирда йиғилганларни қутлади ва уларни Ўзбекистоннинг бугунги кундаги замонавий тараққиёти, мустақиллик йилларида сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришган ютуқлари билан таништириб ўтди. Дипломатик ваколатхона вакили ўз нутқида асосий эътиборни COVID-19 пандемияси шароитида мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиётини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакат раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга қаратди.

Шунингдек, у ўз чиқишида Ипак йўлининг гавҳарлари саналмиш Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари коронавирус пандемиясидан кейин хорижлик сайёҳларни кутаётганини таъкидлади.

Баден-Баден шаҳридаги «Фаберже» музейи илмий ходими, ўзбекистонлик ватандош Людмила Сергиенко меҳмондўст ўзбек халқи, унинг маданияти ва урф-одатлари ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон уруши пайтида олийҳиммат ўзбек халқи сахийлиги ва бағрикенглигини намоён этиб, шафқатсиз уруш кечаётган ҳудудлардан эвакуация қилинган қарийб бир ярим миллион кишини, жумладан 200 минг нафар бола ва 150 мингга яқин яҳудий миллатига мансуб инсонларни ўз бағрига қабул қилган.

Пианиночи Татьяна Ворм-Савосская ўз концертида ўзбек ва хориж бастакорлари, хусусан, А.Мансуров, Т.Набиев, Бетховен, С.Рахманиновлар асарларини ижро этди.

Мусиқий тадбир давомида бугунги кунда мамлакатмизда олиб борилаётган улкан ишлар, унинг маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеолавҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?